Мақолаларда Ўзбекистоннинг 2019-йилда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига тўлақонли аъзо бўлиб киргани юқори баҳоланади ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташкилот доирасидаги ташаббуслари ҳақида батафсил маълумот келтирилади.

Журналда Хива шаҳрини 2020-йилда "Турк дунёсининг маданий пойтахти" деб эълон қилинишига алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу мавзуда, хусусан, туркиялик олим, Боязит Йилдирим университетининг (Анқара) сиёсий фанлар ва давлат бошқаруви факультети доценти Айше Чолпан Ялдизнинг "Қадимги Хива шаҳри – туркий дунёнинг маданий пойтахти – 2020" сарлавҳаси остида мақола ҳам чоп этилган.

Ўзбекистон тўғрисидаги маълумотлар турк ва рус тилларида, рангли фотосуратлар билан безатилган ва инглиз тилида қисқача мазмуни келтирилган.

Журнал туркий дунё мамлакатларида кенг тарқалган ва ТУРКСОЙ расмий веб-сайтида рақамли форматда нашр этилган.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро турк маданияти ташкилоти 1993-йилда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Туркия маданият вазирлари томонидан имзоланган шартнома асосида тузилган. Тузилма ЮНEСКОнинг туркий оламда ўзига хос муқобили ҳисобланади ва халқаро майдонда маданият соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.