Мазкур факт бўйича Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади:

14 декабрь тахминан соат 15.00 да пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ИИО ФМБ 5-сон ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари подполковник Ш. Алимкулов ва капитан Д. Мажидовлар Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги «Универсам» савдо комплекси яқинидаги ер ости йўлагида ноқонуний савдо билан шуғулланувчи ва бу билан бошқа фуқаролар учун ноқулайликлар туғдирувчи шахсларга нисбатан чора кўриш ҳақидаги кўплаб мурожаатлардан сўнг воқеа жойига етиб келиб, ер ости йўлагида савдо молларини териб қўйган аёл, эркак ва йигитни кўрган.

Мазкур шахслар ноқонуний савдони тўхтатиб, савдо молларини йиғиштириш ва йўлакни фуқаролар учун бўшатиш тўғрисидаги огоҳлантиришларга рад жавобини беришди. Савдо қоидаларини бузиш учун қонун билан белгиланган жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантиришларга аёл ва эркак қўпол тарзда жавоб бериб, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишларини айтдилар. Бундан ташқари, улар жанжал кўтариб атрофдагиларнинг эътиборини тортишди, уларнинг ўғли бўлган йигит эса хизмат бурчларини адо этаётган ички ишлар органлари ходимлари била муштлашмоқчи бўлган. Воқеа жойига патруль-пост хизмати ходимлари етиб келганда ҳам йигит ҳуқуқбузарликни бас қилмасдан патруль-пост хизмати ходимини юзига урган. Шу сабабли ходимлар йигитнинг қўлларига кишан солишга мажбур бўлган ва уч нафар тартиббузарлар шахсларини аниқлаш ва кейинги суриштирувлар учун туман 5-сон ИИБга олиб кетилган. Ер ости йўлагида ноқонуний савдо қилувчи шахслар томонидан келиб чиққан тартиббузарлик ва ноқулайликлардан норози бўлган ўндан ошиқ ҳодиса гувоҳлари кўрсатма бериш мақсадида ички ишлар бўлимига ихтиёрий равишда етиб келган. Ҳуқуқбузарлар – Навоий вилоятидан келган 43 ёшли Акромжон ва 42 ёшли Холисхон Турдиевалар ва уларнинг ўғли 19 ёшли Абдураҳим Хидиров эканлиги аниқланди.

Шунингдек маълум қилинадики, интернет тармоғида тарқаган видеода ички ишлар органлари ходимларининг жамоат тартибини бузишни бас қилиш ҳақидаги талабларига бўйсунмасдан фаол қаршилик кўрсатган Абдураҳим Хидировнинг қўлга олиниши тасвирга тушган. Ерда ётган аёл – 42 ёшли Холисхон Турдиева савдо моллари сумкасининг устига ётиб, ходимлар уни ички ишлар бўлимига олиб кетишига қаршилик кўрсатмоқчи бўлган.

Ҳодиса юзасидан тергов олди текшируви ўтказилмоқда.