Ҳар бир давлатнинг ижтимоий-иқтисодий даражасига бевосита таъсир кўрсатувчи омиллардан бири ҳар томонлама етук олий маълумотли кадрларни тайёрлашдир. Бу бевосита мамлакатнинг юксак тараққиётига дахлдор бўлган муҳим индикатор саналади. Юртимизда олий таълим соҳасида қатор ислоҳотлар ўтказилмоқда. Жумладан, 2017-2022 йилларда 30 та хорижий ҳамда 25 та нодавлат олий таълим муассасаси ташкил этилиб, олийгоҳлар сони 65 тадан 166 тага етди, олийгоҳларга қабул 3 баробар ортди. Ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 28 фоизга етказилди.

Олий таълим жараёни 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қисман, жорий ўқув йилидан эса тўлиқ кредит-­модуль тизимига ўтказилди. Асос сифатида Европанинг ECTS (European Credit Transfer and Accumulation System) тизими қабул қилинди. Етакчи хорижий университетлар, жумладан, Санкт-­Петербург давлат университети, Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети, Қозон федерал университети, Италиянинг Пиза университети каби салоҳиятли хорижий олийгоҳлар филиаллари очилгани иқтидорли ёшларимиз учун яратилган алоҳида имкониятдир.

Таълим жараёнига олий таълим муассасаларидан олинадиган турли ҳисобот ва маълумотлар сонини кескин камайтириш, уларни тайёрлашнинг қоғоз шаклидан воз кечиш, бошқарув тизимини рақамлаштириш мақсадида Рақамли университет лойиҳаси доирасида олий таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими (HEMIS — Higher Education Management Information Systems) ишлаб чиқилди.

Мазкур ижобий ўзгаришлар, бир томондан, олий таълимда кадрларни тайёрлаш сифати ошишини таъминласа, иккинчи томондан, соҳада рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу эса ўз-­ўзидан, олий таълим муассасаларининг халқаро миқёсда ўз нуфузини оширишга интилишини кучайтириб, мақсадли чора-­тадбирларни реал воқеликка айлантирмоқда.

Дунёда бир қатор ташкилотлар жаҳондаги университетларнинг нуфузини белгилаш бўйича доимий тадқиқотлар ўтказиб, олий таълим муассасаларининг рейтингини тузиб боради. Жумладан, Quacquarelli Symonds World University Rankings (QS), Times Higher Education (THE) каби ташкилотлар томонидан олиб бориладиган таҳлиллар холис ва объективлиги билан дунё ҳамжамиятида эътироф этилган. Халқаро рейтинг агентликларининг ўз ўлчов методологияси мавжуд.

Масалан, QS томонидан ҳар йили эълон қилинадиган рейтингда олий таълим муассасалари 6 та индикатор асосида баҳоланади: академик нуфуз, иш берувчилар ўртасидаги мавқеи, талабалар сонининг университет илмий-­педагогик таркибига нисбати, илмий-­педагогик кадрлар таркибида хорижликлар улуши, чет эллик талабаларнинг умумий талабалар сонига нисбати, илмий нашрлардаги иқтибосларнинг ҳар бир ходимга нисбатан улуши. Мана шу жиҳатлар етарли бўлган тақдирда муайян олийгоҳ юқори ўринларга муносиб кўрилиши мумкин.

Times Higher Eduсation халқаро рейтинг агентлиги 2004 йилдан бошлаб дунё университетлари рейтинги билан шуғулланиб келади. Унинг бу борадаги асосий ҳамкорлари Thomson Reuters етакчи халқаро ахборот агентлиги ҳамда Elsevier йирик илмий нашриёт компанияси ҳисобланади. THE агентлиги, асосан, Thomson Reuters маълумотларига таянган ҳолда дунёдаги энг илғор 400 та университет рейтингини тузади ва ҳар йили сентябрь-­октябрь ойларида рейтингни янгилаб туради.

THE методологиясининг ўзига хослиги шундаки, танланган индикаторлар текшириш учун жуда қулай ва осон бўлиб, мавҳум ҳолатлар учрамайди. Унда 13 та индикатордан фойдаланилади. Ушбу ташкилотлар рейтингида юқори ўринга эга бўлиш учун дунё университетлари ўртасида соғлом рақобат мавжуд. Чунки жаҳон ёшлари айнан халқаро жамоатчиликда ижобий имижга эга муассасада таълим олишни истайди. Бундай университетларга талабнинг юқорилиги уларнинг молиявий барқарор ривожланиши ва академик нуфузи ошишига замин яратади.

Ушбу нуфузли агентликлар рейтингида биринчи мингталикка кирган олий таълим муассасаларининг дипломи бутун дунёда тан олинади. Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида юртимиздаги камида  10 та олий таълим муассасасининг халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида биринчи мингталикка киришига эришиш назарда тутилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил  2 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги фармони асосида Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши тузилиб, миллий олий таълим муассасаларида жиддий ҳаракат бошланди.

Махсус режа асосида Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаши йўлида тизимли ишлар амалга оширилди. Жаҳонда тан олинган рейтинг агентликлари вакиллари билан юртимиз олий таълим муассасалари раҳбарлари учун махсус семинарлар ташкил этилди. Бу борадаги ишлар жадал суръатда давом этмоқда. Шунингдек, кўпгина учрашувларда THE халқаро рейтинг агентлиги вакиллари юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни ва, айниқса, таълим тизимига давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этган ҳолда, бугунги кунда Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида таълим соҳасида ижобий янгиланишларни қўлга киритаётган энг илғор мамлакатлардан бири эканини таъкидламоқда.

Шундай учрашувлардан бири шу йил июнь ойида Янги Ўзбекистон университетида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги ҳамда Times Higher Education рейтинг агентлиги масъул раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтди. Мазкур семинар олий таълим муассасаларининг рейтинглар билан ишлашга масъул проректор ва ходимлари учун ташкил этилди.

Семинарда олий таълим муассасаларининг халқаро нуфузли рейтинглардан жой эгаллаш имкониятлари, талабаларни университетга жалб қилишдаги халқаро тенденциялар, THE рейтинги тизимидаги баҳолаш индикаторлари борасида батафсил сўз юритилди. Шундан сўнг THE World University Rankings (WUR) глобал рейтинг методологияси, Impact Rankings 2022, келгуси истиқболлар учун имкониятлар, талабалар аудиторияси билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш борасида маълумот берилди.

Айниқса, University Portfolio Review нима учун муҳимлиги, университетлар рейтингига оид маълумотлар ва уларни таҳлил қилиш воситаларидан фойдаланиш, университет брендини  ривожлантириш йўллари, халқаро баҳолаш тизими (Европа ва АҚШ), уларнинг афзалликлари ва интерколлегиал қурилма, THE томонидан илмий тадқиқот ва мақолаларни баҳолаш, маҳаллий ва хорижий талабаларни THE мезонлари бўйича тақсимлаш каби мавзулардаги тақдимотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети мамлакатимиздаги энг ёш олий таълим муассасаларидан. Президентимиз 2017 йили университет жамоаси билан учрашувда олийгоҳимизнинг зиммасига юклатилган вазифалар қаторида бу университет миллатимиз ва маънавиятимизни жаҳонда тарғиб этувчи халқаро университет мақоми учун курашиши борасида қатор топшириқлар берган эди.

Жамоамиз зиммасидаги вазифаларни адо этиш йўлида жиддий ҳаракат қилиб, қисқа муддатда Ўзбекистоннинг энг нуфузли олий таълим муассасалари қаторидан жой олди. Миллий рейтингда 2017 йили 44-­ўринда турган бўлса, 2018 йили 14, 2019-­2020 йилларда 9-­ўринни эгаллади. Ўтган йили 6-­ўринга кўтарилди.

Университет она тилимизнинг мамлакатимиз ва халқаро миқёсда нуфузини ошириш, ўзбек адабиёти ва фольклори ҳамда миллий қадриятларини тарғиб этиш бўйича давлат сиёсатини ҳаётга татбиқ этиш, ўзбек тили ва адабиёти билан бир қаторда халқимизнинг маънавияти, тарихи ва маданияти, фалсафасини тадқиқ этиш ҳамда ушбу мақсадни амалга ошириш учун етук мутахассисларни тайёрлаш бўйича таянч олий таълим муассасасидир.

Ўтган давр мобайнида университетимизнинг халқаро таълим майдонида нуфузини ошириш мақсадида бир қанча ишлар бажарилди. Жумладан, турли халқаро ассоциациялар фаолияти ҳамда тажрибаси ўрганилиб, уларга аъзо бўлиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Университетимиз Марказий Осиёни ўрганиш халқаро ассоциацияси (Жанубий Корея), Марказий Осиё университетлар ассоциацияси (Қирғизистон, Туркия), Кавказ университетлари бирлашмаси (Туркия), Ўзбекистон — Америка жамияти (АҚШ) аъзосига айланди.

Хорижлик талабаларни ўқув жараёнига кенг жалб этиш, университет талабаларининг турли алмашинув дастурларидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида хорижлик талабалар билан ишлаш маркази, халқаро рейтинг ҳамда PR стратегик ривожланиш ва қўшма дастурлар бўлимлари ташкил этилди. Анқаранинг Ҳожи Байрам Вали университети билан гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти, компьютер графикаси ва медиадизайн, Аҳмад Яссавий номидаги халқаро турк-­қозоқ университети билан туркология йўналишида магистратура қўшма дастури йўлга қўйилди.

Шунингдек, яқин йилларда Нижний Новгород давлат лингвистика университети (Россия) билан халқаро муносабатлар, Туркия маданият университети билан оила психологияси мутахассислиги бўйича қўшма дастурларни очиш режалаштирилмоқда. Бугун хорижий шерикларимиз сони 97 та га етиб, улар билан ҳар томонлама яқин ҳамкорликда ўқув жараёни, илмий­-услубий жабҳаларда сифатни ошириш бўйича мунтазам иш олиб борилмоқда.

Университетнинг халқаро илмий ҳамжамиятга жадал интеграциялашувига қаратилган чоралар натижасида чет эл олий таълим муассасалари ҳамкорлигидаги ўндан ортиқ халқаро лойиҳада олийгоҳ олимларининг иштироки таъминланди. Шу йил бошида Times Higher Education (THE) халқаро рейтинг агентлиги томонидан эълон қилинган жаҳоннинг нуфузли университетлари рейтингида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети топ 1001+ университетлар рўйхатига киритилди.

Ушбу рейтингдан ўрин эгаллаш йўлида ТошДЎТАУ 17 йўналишдаги Барқарор ривожланиш мақсадларидан саккизтасида иштирок этди. “Сифатли таълимни таъминлаш” бўйича дунёнинг сараланган 1200 дан зиёд олий таълим муассасаси орасида университетимиз 600-­ўринни эгаллади. “Барқарор тараққиёт учун тинч ва инклюзив жамиятларни тарғиб қилиш” ҳамда “Гендер тенгликка эришиш” йўналишлари бўйича юқори кўрсаткичга эга бўлди. Натижада жаҳоннинг 900 дан ортиқ университети ўртасида ТошДЎТАУ 300­-ўринга муносиб кўрилди.

Бундан ташқари, университетимиз “Тенгсизликка барҳам бериш мақсадлари” бўйича 52 ва “Қашшоқликка қарши курашиш” бўйича 45 кўрсаткич билан дунёнинг 800 га яқин университети орасида 400-­ўринни эгаллади. Ҳозир университетда 205 нафар хорижлик талаба таҳсил олмоқда. Жумладан, 4 нафари докторантура, 19 нафари магистратура, 182 нафари бакалавриат босқичида ўқийди. Уларнинг 5 нафари Хитой Халқ Республикаси, 155 нафари Aфғонистон, 34 нафари Қозоғистон, 4 нафари AҚШ, 11 нафари Туркия, қолганлари Покистон, Жанубий Корея, Италия, Польша давлатлари фуқароларидир.

Aйни пайтда олийгоҳимизда 76 нафар хорижлик профессор­-ўқитувчи дарс ўтмоқда. Улар орасида AҚШ, Туркия, Россия Федерацияси, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Буюк Британия, Украина, Непаль, Польша, Сербия, Швейцария каби давлатлар вакиллари бор.

Қайд этилган ютуқлар билан бирга ҳали қиладиган ишларимиз ҳам кўплигини айтиш лозим. Жаҳоннинг илғор олий таълим муассасалари қаторига кириш учун университет жамоаси камчиликлар устида жиддий иш олиб бормоқда. Аввало, битирувчиларнинг рақобатбардошлиги қувонарли ҳолда эмас. Халқаро тажрибада иш берувчилар сифатли таълим берувчи олий таълим муассасаларига ўзи бориб, энг иқтидорли битирувчиларни ишга таклиф қилади. Карьера марказлари мунтазам битирувчилар ва иш берувчи ўртасида кўприк вазифасини бажаради.

Бизда эса бундай тизим етарлича ишламайди. Иш берувчилар малакали мутахассисларни изламайди. Бундан ташқари, кўрсаткичи юқори илмий базаларда (Scopus, Web of Science) мақолалар чоп эттириш борасида жиддий оқсоқлик мавжуд. Бундай илмий журналларга қабул талаби қийин, нашр муддати ҳам узоқ вақт талаб этиши тайин. Бизда эса кўпинча, бундай чиғириқлардан ўтишга ҳафсала қилинмайди. Мақолалар сифати талаб даражасида эмас.

Бу сингари камчиликлар босқичма­ босқич бартараф этилишига ишончимиз комил. Асосийси, бизда юқори салоҳиятга эга мутахассислар, аниқ стратегик мақсад ва тизимли ёндашув мавжуд. Ишонамизки, яқин келажакда университетмиз халқаро рейтингларда энг яхши кўрсаткичларни қайд этиб, давлатимиз раҳбари билдирган ишончни оқлайди.