— Намунча чиройли бўлмаса булар. Кўзни олади-я. Қаердан олдиларинг, чет элникими, неча пул тураркан, — дея турфа саволлар билан қўшнисига юзланди.
Азиза опа маҳалладаги мебель дўкондан харид қилган буюмлари кўпга маъқул келганидан қувониб гап бошлади.
– Ўзимизда, маҳалладошимиз Аброржон тайёрлаб берди буларни. Чиройли, пишиқ-пухталигини қаранг. Нархи ҳам ҳамёнбоп. Ишлаб чиқариш цехига бориб, танлаб олдим. Илгари битта мебелни харид қилиш учун шаҳарга бориб, дўконма-дўкон юришга мажбур бўлганмиз. Энди ҳаммаси ўзимизда ишлаб чиқариляпти. Ишчи-хизматчилар ҳам маҳалладошларимиз. Қўллари дард кўрмасин, бежирим, чиройли ва қулай қилиб ишлашибди.
Бағдод туманида мебелчилик йўналишида саноат корхонаси ташкил этилганига ярим асрдан ошди. Аммо эски корхона иш фаолиятини бугунги ишлаб чиқариш жараёнлари билан таққослаб бўлмай ди. Фақат ички бозор учун бармоқ билан санарли турдаги маҳсулот ишлаб чиқарган корхонанинг имконияти ҳам шунга яраша бўлган.
Бугун туманда мебелсозлик йўналишида ўндан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Бундай корхоналар кўпайгани ўзаро рақобатни шакллантириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш, сифатини яхшилаш имкониятини бермоқда.
“Самандарак” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган “Анварбек” хусусий корхонасида тайёрланаётган маҳсулотлар ички ва ташқи бозорда харидоргир. Бу ерда уй-жой, офис, таълим ва тиббиёт муассасаларига мос юзга яқин турдаги маҳсулот тайёрланмоқда. Маҳалла марказида корхона савдо дўкони ишга туширилди.
— Кейинги йилларда саноат усулида мебель ишлаб чиқариш лойиҳаларини ривожлантириш, қўллаб-қувватлашга эътибор ошди, —дейди корхона раҳбари Аброржон Йигиталиев. — Ишлаб чиқариш тармоғини кенгайтириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш, сифатини яхшилашга алоҳида эътибор беряпмиз. Шу мақсадда умумий қиймати 8,5 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида хориждан замонавий жиҳозлар олиб келдик. Бу нафақат ёғоч, балки мебелсозлик учун зарур темир буюмларга маҳаллий шароитда шакл ва безак бериш амалларида қўл келади. Маҳсулотларимиз юртимиз бозорларига кириб борган. Бундан ташқари, шу кунга қадар яқин қўшни мамлакатларга 1 миллион долларликдан ортиқ маҳсулот экспорт қилдик.
Аҳоли турмуш даражаси ва янги қурилаётган уй-жойлар сони ошиши натижасида мебелсозлик маҳсулотларига талаб ҳам ортиб бормоқда. Бу мебель ишлаб чиқарувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, халқаро стандартларга жавоб берадиган ҳамда ички ва ташқи бозорда рақобатбардош мебель ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришни талаб этмоқда. Шу мақсадда ҳудудларда кластер усулида мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган кичик саноат зоналарини ташкил этиш йўналишидаги истиқболли лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда.
Бағдод тумани “Гулистон” МФЙ ҳудудида 6,4 гектар майдонда шу мақсадда “Мурувват” кичик саноат зонаси ташкил этилди. Бу ерда 29 та ташаббускор тадбиркор томонидан саноат усулида мебель ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар бу йўналишда корхона ташкил этиш истагида бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан жами 3 миллиард сўм инвестиция ўзлаштирилиб, 100 га яқин янги иш ўрни яратилди.
“Maxwоod Business” МЧЖ томонидан 4,5 миллиард сўм сармоя жалб этилиши ҳисобига 45 та янги иш ўрни очилди. Бу ерда йилига 3,5 минг та турли мебеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
“Grand omad” хусусий корхонаси ташаббуси билан қиймати 1 миллиард сўм бўлган лойиҳа фойдаланишга топиширилиб, 10 та иш ўрни яратилди.
— Президентимизнинг “Республика ҳудудларида мебелсозлик саноатини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш имкониятини бермоқда, — дейди Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекция мутахассиси Аббосхон Мамажонов. — Эндиликда мебелсозлик тармоқлари учун импорт қилинаётган хомашёлар транспорт харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми давлат томонидан қоплаб берилиши белгиланган. Бу мебелсозликдаги субсидиялардан бири. Ўз навбатида, экспорт қилинадиган мебель маҳсулотлари транспорт харажатларининг 50 фоизини ҳам давлат қоплаб беради. Бу имтиёз аввал йўқ эди. Туманда мебель ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар билан биргаликда кластер ташкил қилиш устида иш олиб борилмоқда. Бундай самарали тизим орқали ишлаб чиқариш ҳажмини 10 баробар ошириш мумкин. Мазкур жараён ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган харажатлар кескин камайишига олиб келади. Ҳисоб-китобларга кўра, кластер тизимида ишлаш орқали мебеллар нархи 20-25 фоиз арзонлашади.
Муҳим жиҳатлардан яна бири, мебелсозлик соҳаси учун зарур бўлган бутловчи қисмларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришга бўлган эътибор ошди. Бу ортиқча оворагарчиликларсиз хомашё етказиб бериш, иш самарадорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилашда қўл келмоқда.
“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “KHAT DECOR” МЧЖ томонидан меламин қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиши республикамизга, хусусан, Фарғона вилоятига четдан қиммат нархларда кириб келаётган ламинат доскалар импорти кескин камайишига сабаб бўлди. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 30 миллион квадрат метр бўлиб, импорт ўрнини босиш қиймати қарийб 16 миллион долларни ташкил қилади. Маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифати ва таннархи арзонлиги билан ажралиб туради.
— Меламин қоғоз қоплами, ламинат доскалар мебелсозлик саноатидаги асосий хомашёлардан бири, — дейди Бағдод тумани “Мурувват” мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган кичик саноат зонасида иш бошлаган “Аброр” хусусий корхонаси раҳбари Элёржон Эрматов. — Ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ламинат доскаларни, асосан, Россиядан импорт қилар эдик. Хомашё қиммат ва турғун эмаслиги турли узилиш ва етишмовчиликларга сабаб бўлган. Керакли хомашёлар маҳаллий корхоналар томонидан ўзлаштирилгани мебелсозлик саноатида ўзига хос қулайликлар яратди. Айни кунда қиймати 5,5 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида 20 та янги иш ўрни яратдик. Ўтган йилнинг ўзида бир миллион долларликдан ортиқ маҳсулот экспорт қилганмиз. Жорий йилда эса бу ишлар ҳажмини икки ҳисса ошириш чораларини кўряпмиз.
Сирасини айтганда, мебелсозлик тармоғи ривожлангани ҳар ким маҳсулотни имконияти ва дидига мослаб танлашга йўл очди. Авваллари учраганини харид қилган харидор энди бежирим, қулай ва сифатли саноат мебелларини сотиб олиши, буюртма бериши мумкин.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Шерзод Қорабоев олган суратлар.