Маълумки, Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти ташкил этилган. Институт тузилмасида Водород энергетикаси илмий-тадқиқот маркази ҳамда Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси технологияларини синаш ва сертификатлаш лабораторияси ташкил этилган бўлиб, ҳозирда ушбу институтда қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш борасида бир қатор илмий изланишлар олиб бориляпти.
Институтга Хитойнинг «Henan Suda Electric Vehicle Technology Co., Ltd.» компаниясининг техник кўмагида 20 дона электромобиль ажратилган бўлиб, улар асосида илмий тадқиқот таҳлиллари олиб борилади. Қайд этиш керакки, электромобиллар юртимизда жорий этилаётган «яшил» иқтисодиёт, хусусан «яшил» энергетикани ривожлантиришнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади.
Ҳозирда, институт ҳудудида умумий қуввати 48 кВт/соатга тенг қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилган бўлиб, улар асосида ишлаб чиқарилган электр энергияси институтни электр энергияси билан узлуксиз таъминланяпти.
Институт олимлари томонидан соҳа ривожланишини жадаллаштириш мақсадида бир қатор тижоратлаштириш илмий-тадқиқот лойиҳалар амалга оширилди.
Биринчи лойиҳа: Қуёш технологияларини қўллаган ҳолда электромобилларни юқори тезликда зарядловчи қурилмаларини яратиш ва ишлаб чиқиш лойиҳаси амалга оширилди.
Бунда Ўзбекистон иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда энергия сақлаш тизимига эга бўлган қуёш фотоэлектр тизими орқали маҳаллий электр тармоғи билан параллель ҳолда ишлайдиган электромобилларни тез зарядлаш қурилмаси ишлаб чиқиляпти ва барча ҳудудларда жорий этилади.
Бунинг натижасида, республикамизда ўрнатилган ҳар бир тизим йилига 32 минг кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариб, 950 та электромобилларни зарядлаш имконияти яратилади ҳамда 11,2 минг куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 19,8 тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.
Иккинчи лойиҳа: Марказий электр тармоқларига қуёш фотоэлектр тизимларини жорий этишни амалга ошириш йўналишлари ва техник иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, ҳамда тайёрлаш лойиҳаси амалга ошириляпти.
Лойиҳа республикамиз ҳудудларида иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда фотоэлектр тизимларни умумий электр тармоғига ишончли улаш бўйича аниқ ечимлар, техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш ва уларнинг хавфсиз ишлаш мезонларини яратишни назарда тутади.
Фотоэлектр тизимлар умумий электр тармоғига уланган иқтисодиётимизнинг барча соҳалари объектларида, аҳоли яшаш жойларида, хусусий ва давлат корхоналари объектларида қўлланилади.
Афзалликлари шундаки, фотоэлектр ишлаб чиқарган электр энергияси электр тармоққа минимал йўқотишлар билан узатилади. Ҳудудлар иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда фотоэлектр тизимларни тармоққа улаш ва тариф механизмлар бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.
Учинчи лойиҳа: Қуёш радиацияси, шамол тезлиги ва йўналиши, ҳаво ҳарорати, ёғингарчилик миқдорини ўлчаб бориш метеостанцияларини кичик ҳажмларда ишлаб чиқариш лойиҳаси.
Лойиҳа «Ўзгидромет», Энергетика вазирлиги, Олий таълим, саноат корхоналари, ва тадбиркорлар, фермер хўжаликларида қўлланилади.
Бу эса, метеостанцияда олинган маълумотлар базаси асосида республикамизда қуёш ва шамол станцияларини барпо этиш, уларнинг самарали ишлашини таъминлаш, метрологик ўзгаришларни олдиндан башорат қилиш имконини беради, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Бундан ташқари, қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳани янада ривожлантириш мақсадида, институт янги кадрлар, илмий ходимларни ишга қабул қилади. Ушбу соҳада илмий ишлар олиб бормоқчи бўлган изланувчилар институт маъмурияти билан боғланишлари мумкин.