Сана шаҳри яқинидаги чиқиндихонада юк машинаси турли ахлатларга тўла қопларни чиқинди билан қопланган улкан денгизга ташламоқда.
Ал-Азрақайн полигонига кунига 2000 тонна чиқинди, жумладан Санадаги шифохоналар томонидан ишлаб чиқарилган тозаланмаган тиббий чиқиндилар олиб келинади. Чиқиндиларнинг тўпланиши натижасида у заҳарли кимёвий моддаларнинг ерга сингишига сабаб бўлади.
"Тиббий чиқиндиларни ахлат билан бирга кўмишдан бошқа чорамиз йўқ. Улар умумий ахлат билан бирга кўмилган", дейди ал-Азрақайн полигонининг маълумотлар менежери Баҳоуддин ал-Ҳаж.
Урушдан олдин чиқиндиларни бошқаришнинг намунаси мавжуд бўлмаганига қарамай, Сана ҳеч бўлмаганда энг хавфли материалларни умумий чиқиндилардан ажрата олар эди.
Яқин атрофда бир вақтлар тиббий чиқиндиларни қайта ишлаш заводи жойлашган бўлиб, унда ёқиш печи мавжуд эди. Афсуски, у 2015 йилдаги портлаш натижасида вайрон қилинган.
Контаминацияланган ер одамлар саломатлигига қандай таъсир қилади?
Тиббий чиқиндилар юқумли, токсик ёки радиоактив бўлиши мумкин бўлган хавфли материалдир.
Полигондаги ифлосланган чиқиндилар ҳовузлари атроф-муҳитга патогенлар ва заҳарли ифлослантирувчи моддаларни чиқаради ва улар ер ости сувларига оқиб ўтади.
Ер ости сувлари умумий ичимлик суви ва тозалаш, қишлоқ хўжалиги ва ҳайвонлар учун сув манбаи ҳисобланади. Агар бу сувлар ифлосланган бўлса, у турли касалликларни, жумладан, саратон, туғма нуқсонлар, иммунологик касалликлар ва бошқа кўплаб хасталикларни келтириб чиқариши мумкин.
Яманда уруш тугаса ҳам, унинг оқибатлари ўнлаб йиллар давом этиши мумкинлиги хавотирли.
Маҳаллий маъмуриятларнинг айтишича, улар қайта ишлаб чиқариш заводини тиклаш учун нодавлат ташкилотлардан ёрдам кутмоқда.
“Бундай лойиҳани ташкил этиш қиммат бўлгани учун биз Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бўйича Олий Кенгаш ҳамда турли ташкилотлар билан келишиб олдик”, дейди Тозалаш бош бошқармаси раҳбари Иброҳим Ал-Сурабий. “Худо хоҳласа, кейинги йил бошида биз ушбу стратегик лойиҳани қайта қуриш масаласини муҳокама қиламиз."
Маликахон Ражабова тайёрлади.