Бунинг асосий сабаблари ташқи муҳитнинг ўзгариши, аҳоли ўртасида камҳаракатлилик, жисмоний ва руҳий зўриқиш, нотўғри овқатланиш — рационда ҳайвон ёғлари кўп бўлган маҳсулотларни кўп истеъмол қилиш, чекиш ва спиртли ичимликларга ружу қўйиш. Ушбу омиллар юрак-қон томир касалликларининг аҳоли орасида кенг тарқалишига ва ёшариб бораётганига асосий сабаб сифатида кўрсатиш мумкин.
Юрак-қон томир касалликларининг асосий белгилари — қонда холестерин миқдорининг ортиб кетиши, қон томир деворларида холестерин тиқилмаларининг пайдо бўлиши оқибатида томир ичининг торайиб қолиши, қоннинг қуюқлашиши, тўқималарга қон билан келадиган озиқ моддалар ва кислород оқимининг пасайиши ҳамда ҳужайраларнинг кислородга бўлган эҳтиёжининг ошиб кетиши билан намоён бўлади.
Агар юрак-қон томир касалликларига чалинган беморлар коронавирус инфекцияси билан оғриб, ўпка пневмонияси кузатилганда ҳамда қон қуюқлашиб кетганда, юқорида келтирилган кардиологик касаллик белгилари зўрайиб кетади.
Кўпинча беморларда юрак-қон томир касалликларининг асоратлари оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилади. Яъни, коронавирус юқтириб олган беморларда ўткир миокард инфаркти, бош мия инсульти, юрак етишмовчилиги ҳолатлари юзага келиб, вирус инфекциясининг оғир кечишига сабаб бўлади.