Шу йил апрель ойида давлатимиз раҳбари фармони билан ташкил этилган Жамоатчилик палаталари олдига «халқ дипломатияси» институтини ривожлантириш, жумладан, мамлакат ташқи сиёсатининг устувор вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш, унинг нуфузли халқаро рейтингларда эгаллаган ўрнини яхшилашда фуқаролик жамияти институтларининг имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳамда хориждаги ватандошлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш, нодавлат нотижорат ташкилотларига халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда ёрдам кўрсатиш каби вазифалар юклатилган.
Расмий дипломатиянинг ажралмас қисми ва унинг муҳим қўшимчасига айланиб бораётган халқ дипломатияси сўнгги йилларда тобора фаоллашмоқда. Маълумки, халқ дипломатияси фаолияти - жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари, биродарлашган шаҳарлар даражасидаги алоқалар, ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар, халқаро нодавлат ташкилотлари билан муносабатлар ҳамда маданий, илмий, таълим дастурларини амалга оширишдаги ҳамкорликни ўз ичига олади. Кейинги пайтларда бу ҳамкорлик давлатнинг халқаро алоқаларини кенгайтиришда ноёб восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Бундай ҳамкорлик фақат давлат органлари томонидан эмас балки инсонларнинг ўзлари ва уларнинг энг фаол вакиллари томонидан амалга оширилади. Халқ дипломатияси расмий давлат дипломатиясига нисбатан қатор афзалликларга эга. У расмий ҳамкорлик ҳукумат даражасида муваффақиятсизликка учраган ҳолларда ҳам бутун дунёдаги одамлар ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликни сақлаб қолишга имкон беради. Унинг ёрдамида нафақат маданият соҳасида, балки ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ҳам ўзига хос манфаатларга эга инсонлар иштирок этадиган турли лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.
Бунда инсонлар ўз ҳис-туйғуларини анча кенг ва чуқур ифода этиш имкониятига эга бўладилар. Уни «юракдан-юракка интилувчи» дипломатия деб ҳам бежизга айтишмайди.
Бунда жамоат ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари жуда муҳим, чунки халқ дипломатияси халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда энг яхши усул бўлиб, жамоат ташкилотлари ва умумий манфаатлар билан бирлаштирилган оддий одамлар ҳисобига ривожланади.
Давлатимиз раҳбари шу йил январь ойидаги Олий Мажлисга Мурожаатномада Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан муносабатларни ривожлантириш — Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолиши ва ташкилот доирасида фаолиятимиз самарасини янада оширишимиз зарурлигини таъкидлаган эди.
Мана 2 йилдирки Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази бу вазифани муваффақиятли амалга ошириб, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч, ўзаро манфаат, тенглик, маслаҳат, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурмат, биргаликда ривожланишга қаратилган фаолиятини юритиб келмоқда.
Хорижий давлатлар жамоат ташкилотлари, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари билан маданият, таълим, фан ва техника соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, Хитойнинг яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси билан маданий-гуманитар соҳадаги икки томонлама самарали ҳамкорлиги коронавирус пандемиясининг ҳозирги мураккаб шароитида ҳам фаол давом этиб келмоқда.
Қўмита томонидан марказга юборилган инсонпарварлик ёрдами, ҳамкорликда ўзбек тилида нашрга тайёрланган - «Саккиз элнинг саксон саккиз эртаги» ва «Саккиз элнинг сон-саноқсиз ўгити» китоблари ҳамда «ШҲТ мамлакатларининг почта маркалари» эсдалик альбомининг чиқарилиши ушбу ҳамкорликнинг ёрқин далили ҳисобланади.
Шунингдек, Ўзбекистон-Россия давлатлари ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликнинг мисоли сифатида Марказ томонидан Санкт-Петербургда фашизм устидан қозонилган ғалаба куни арафасида "Халқ хотираси муқаддас” деб номланган архив фотосуратлар кўргазмаси ўтказилишини таъкидлаш жоиз. Унда «Ўзархив» агентлиги томонидан тақдим этилган уруш пайтида Ленинград остонасида жанг қилган ва ҳалок бўлган ҳамюртларимиз ҳамда мамлакатимизга эвакуация қилинган шаҳар аҳолиси архив суратлари акс этди. Шунингдек, кўргазма доирасида «Сен етим эмассан», «Ленинградликлар фарзандларим» ва «41 йил олмалари» бадиий фильмлари ҳам намойиш этилди.
Учрашувлар ва мулоқот пайтида Санкт-Петербургнинг ёши катта аҳолиси ҳали ҳам уруш ва эвакуация йилларини, Ўзбекистонни умумий ғалабага қўшган ҳиссасини яхши эслашлари, аммо ёш авлод ўша йиллардаги воқеалар ҳақида жуда кам маълумотга эга эканлиги маълум бўлди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбир ёш авлодга умумий тарихни яна бир бор ёдга солиб, ўзаро ҳурмат ва дўстлик туйғусини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Ёшлар ўртасида халқ дипломатияси тушунчаларини шакллантириш, халқлар орасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ва манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, миллий ва анъанавий қадриятларни асраб-авайлаш, дунё халқларининг урф-одатлари ва анъаналарини яхшироқ ўрганиш мақсадида, Марказ томонидан юртимиз олий ўқув юртлари талабалари орасида «Халқ дипломатияси – сайёрада тинчлик сари йўл» мавзусида иншолар онлайн кўрик танлови ўтказилди. 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан мазкур танлов ғолиблари эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ролини оширишда ўта муҳим тузилма бўлган Жамоатчилик палатаси «халқ дипломатияси» институтини ривожлантиришда асосий воситалардан бири бўлиб хизмат қилади.
Президент ташаббуси билан тузилган бу институт юртимизда барча соҳаларда жадал ислоҳотлар амалга оширилаётган бугунги жараёнларда «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» деган ғояни амалда рўёбга чиқариш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиши шубҳасиз.
Қобилжон СОБИРОВ,
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси
Маркази раҳбари