Бундай вазият юзага келишига Тошкент давлат юридик университети (олдинги институт) юриспруденция таълим йўналишига қабул квотаси узоқ йиллар давомида бир хилда “ушлаб турилгани” сабабдир. Ваҳоланки, бошқа олий таълим муассасалари, бошқа таълим йўналишларида аҳолининг ўсиши, абитуриентлар сони ошишига мувофиқ квоталар ҳам кўпайтирилган. Юриспруденция йўналишида эса бунинг акси, қисқартирилган. Ўзбекистон Миллий университети, Наманган давлат университети, Самарқанд давлат университети каби олий таълим муассасаларида шу йўналишга қабул тўхтатилган. Оқибатда юриспруденция йўналишида бир ўринга 20 нафардан абитуриент ҳужжат топширган, иқтисодиёт тармоқларида юристларга эҳтиёж ошган, шу билан бирга уларнинг хизмат кўрсатиш нархлари ҳам юқорилаган. Ғалати пародокс юзага келган: ўқишга талабгор бор, унга иш ўрни ҳам бор, бироқ квота йўқ. Бу ҳолатдан ким манфаатдор бўлганини тушуниш қийин. Худдики, “юрист бўлиш ҳаммага ҳам эмас”, қабилида иш олиб борилган.

Бу муаммога Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам тўхталиб ўтган эди: “Айни пайтда юртимиздаги олий таълим муассасаларига юридик мутахассислик бўйича бир йилда 600 га яқин талаба қабул қилинади. Бу жами олий ўқув юртларига қабул қилинадиган талабаларнинг атиги бир фоизини ташкил этади. Ўзингиз айтинг, бу билан давлатимиз ва жамиятимизнинг ҳуқуқшунос мутахассисларга бўлган, тобора ортиб бораётган эҳтиёжини қондириш мумкинми? Албатта, йўқ”. Чиндан-да, адвокатура, суд-ҳуқуқ соҳасида малакали кадрларга талаб юқори. Бу сўнгги пайтда суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ. Шу билан бирга, мамлакатимиздаги хўжалик юритувчи субъектда юристконсульт лавозимининг аксарият қисми бўш турибди.

 — Ҳуқуқшунос бўлиш истагида бўлган ёшлар кўпчиликни ташкил этади, — дейди Тошкент давлат юридик университети декани, юридик фанлар номзоди Дурбек Маҳкамов. — Касб дунё миқёсида ҳам нуфузли ва сердаромад ҳисобланади. Бугун глобаллашув даврида жамиятда ўзининг ҳуқуқий баҳо ва мезонларини кутаётган янги муносабатларнинг пайдо бўлиши, рақамли технологияларнинг ривожланиши, жамият қабул қилган қонун-қоидалар, тартибларнинг ўзгариши, қонун ижодкорлиги соҳасининг тараққиёти юридик кадрларни тайёрлаш кўламини кенгайтириш зарурини юзага келтирмоқда. Эътибор беринг, биргина йирик хўжалик субъектларида 5000 га яқин ҳуқуқшуносга эҳтиёж бор. Шунингдек, ўрта ва кичик бизнес соҳаларига ҳам ҳуқуқшунос зарур. Ҳозирда юртимиздаги 540 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг бор йўғи 10 фоизида ҳуқуқшунос мутахассислар фаолият юритади. Аграр секторда ҳам ҳуқуқшуносга эҳтиёж катта. Зеро, янги жорий этилган кластерлар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан йўлга қўйишда мутахассис бўлиши ўта муҳимдир. Шу боис мазкур соҳа ҳам 400 дан ортиқ ҳуқуқшуносни иш билан таъминлашга тайёр. Эркин иқтисодий зоналарда фаолият юритаётган хўжалик субъектлари, хорижий инвесторларга ҳам миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бохабар, давлат тили билан бирга, чет тилини ҳам мукаммал ўзлаштирган ҳуқуқшунослар керак бўлади. Зеро, тадбиркорнинг ҳуқуқини, ҳар бир сўмини ҳимоя қилиш шу соҳа мутахассиси зиммасига тушиши лозим.

Адвокатлик тизими ҳам замон талабларга жавоб берадиган ҳуқуқшуносларга зарурат сезмоқда. Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Мисол учун, 33 миллиондан ортиқ Ўзбекистон аҳолисига фақатгина 4 мингта адвокат хизмат кўрсатаётганини ижобий баҳолаб бўлмайди. Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги адвокатларнинг 60 фоизи 50 ёшдан ошган шахслардир. Улар орасида 30 ёшга тўлмаган ёшлар 70 нафарга ҳам етмаслигини қандай изоҳлаш мумкин?!” деб таъкидлагани ҳолатни яққол намоён этмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этиш, юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни мониторинг қилиш ва прогнозлаш электрон платформасини яратиш белгиланди. Бу каби вазифалар ижроси юридик таълимда рақобат муҳитини юзага келтириши, юрист кадрларга бўлган реал эҳтиёжни тўғри аниқлаб, ҳуқуқшунослар етишмовчилиги муаммосига барҳам бериши, шубҳасиз.

Зеро, халқаро ҳуқуқий майдонда ватанимиз манфаатларини ҳимоя қиладиган малакали ҳуқуқшунослар тайёрлаш ҳам ниҳоятда долзарб. Бундан ташқари, маъмурий бошқарув тизими, молия ва банк, соғлиқни сақлаш, таълим, қурилиш, ахборот технологиялари, спорт ва бошқа соҳалардаги ҳуқуқшуносларга мавжуд эҳтиёж Президентимиз фармонида белгиланган вазифаларнинг нечоғлик муҳимлигини билдиради.

Айни кунда юридик кадрларни тайёрлашга буюртма шакллантиришнинг янги тартиби устида иш олиб борилмоқда. Тошкент давлат юридик университети, юридик факультетлар ва юридик техникумларга қабул параметрларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, турли мулкчилик шаклидаги ташкилотлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларида жорий ва истиқболдаги юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, ҳар бир ҳудуд, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳалар кесимида таҳлил қилиш асосида шакллантириш ишлари олиб борилмоқда.

— Дастлабки таҳлилларга кўра, 2021-2024 йилларда адлия тизимида қарийб 700 нафар, судларга 860 мутахассис зарур бўлади, — дейди Тошкент давлат юридик университети декани, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Икром Эргашев. — Прокуратура, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, маданият, солиқ, молия ва бошқа соҳаларда жами 4102 нафар ҳуқуқшуносга эҳтиёж юзага келиши прогноз қилинмоқда. Электрон платформада барча тармоқларни қамраб олишига эътибор қаратиляпти.

Бу каби тадбирлар меҳнат бозори талабларини сон ва сифат жиҳатдан тўла қондириш, бўшлиқларни тўлдириш имконини беради. Рақобатни юзага келтиради. Юрист деган дипломи бор, битта столни эгаллади, бўлди, деган тушунчалардан воз кечилади. Ҳуқуқшуносларнинг халқимизнинг ҳуқуқлари кафолати йўлида янада самаралироқ фаолият юритишини таъминлайди.

Санобар ЖУМАНОВА