Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш мақсадида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси анжуманлар залида ташкил этилган талаба-ёшлар билан учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов, Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси етакчи мутахассиси Абдумалик Каримов, Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар бошқармаси Терроризмга қарши курашиш бўлими бошлиғи Улуғбек Насриддинов, Ёшлар ишлари агентлиги Марказий аппарати мутахассиси Элёр Норпўлатов ҳамда Академия профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
– Ёшлар таълим-тарбияси, уларни баркамол вояга етказиш давлатимизнинг энг асосий устувор вазифаси ҳисобланади,– дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов. – Хабарингиз бор, таълим тизимидаги кенг кўламли ислоҳотлар самарасида узлуксиз таълимнинг ўзига хос янгиланишлар кузатилмоқда. Хусусан, сўнгги уч-тўрт йилда олий таълим муассасалари сони кўпайиб, илм-маърифат олиш орқали рақобатбардош кадр бўлишга интилаётган ёшлар учун имкониятлар кенгайиб бормоқда. Бу ислоҳотлар замирида турли ёт ғояларга оғмайдиган, ўз фикри ва ҳаётий позицияга эга, ўз келажагини мамлакат тараққиёти билан ҳамоҳанг кўрувчи ўғил-қизларни камолга етказиш мақсади мужассам.
Қизғин мулоқотда Ёшлар ишлари агентлиги Марказий аппарати мутахассиси Элёр Норпўлатов сўз олар экан, ҳар қандай давлат тараққиёти ёшлар таълим-тарбиясига чамбарчас боғлиқ эканини қайд этди. Йигит-қизлар учун яратилаётган шароитлар, бу борада Ёшлар ишлари агентлигининг олиб бораётган фаолияти ҳақида маълумот берди. Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчи эканлиги таъкидланди.
Тадбирда сўз олган Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар бошқармаси Терроризмга қарши курашиш бўлими бошлиғи Улуғбек Насриддинов ахборот асрида коммуникация технологияларидан ғаразли мақсадларида фойдаланаётган кучлар кўпайиб бораётгани ва, афсусланарлиси, улар тузоғига билиб-билмай тушиб қолаётган ёшлар ҳам йўқ эмаслиги ҳақида сўз юритди. Ҳолбуки, ушбу замонавий технологиялар инсоннинг таназзулига эмас, балки тараққиёти учун хизмат қилиши лозимлигини ҳаётий мисоллар билан тушунтириб ўтди.
Дарҳақиқат, айни пайтда нафақат юртимиз, балки жаҳон ҳамжамиятини диний-экстремистик, террористик гуруҳлар, улар юзага келтираётган салбий асоратлар ташвишга солмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси етакчи мутахассиси Абдумалик Каримов ғоявий жиҳатдан миллий манфаатларга зид бўлган ҳар қандай маҳсулотларни республика ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш Миллий қонунчилигимиз орқали қатъиян тақиқлангани, бундан барчанинг хабардор бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Учрашувда ёшларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш, уларнинг маънавий тафаккурини оширишга қаратилган видеоролик намойиш этилди.
Муножат Мўминова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири.