Ушбу тузилмалар жамиятдаги мувозанат ва барқарорликни таъминловчи муҳим омил ҳисобланади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда дунёнинг бошқа давлатларидан фарқли ўлароқ, маҳалла институтининг жамиятимиз бошқарувида тутган ўрни ва роли беқиёсдир. Дарҳақиқат, азалдан ўзбек маҳаллалари чинакам миллий қадриятлар, урф-одатлар, анъаналар маскани бўлиб келган. Эзгулик, ўзаро меҳр оқибат, бағрикенглик каби инсоний фазилатлар айнан маҳалла муҳитида сайқалланиб қадр топиб борган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, маҳалла ҳаётининг жамоа бўлиб яшаш тарзи жамоатчилик асосида фаолият юритадиган ўзини-ўзи бошқариш тизимини келтириб чиқарди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги глобаллашув даврида жамиятда маҳалла институтининг роли тобора юксалиб, замон талабларига мос янги қиёфа касб этиб, миллий қадриятлар бардавом бўлган масканга айланиб бормоқда. Кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга доир тизимли ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Маҳалла - Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик жамият барпо этишнинг муҳим асосларидан бўлиб, ўз фаолияти орқали фуқароларнинг давлат бошқарувида, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим вазифаларини ҳал этишда бевосита иштирок этиш каби конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.
Зеро, маҳалла бу фуқаролар интилиши ва саъй-ҳаракати туфайли муайян миллий ахлоқий ва маиший тартиб-қоидаларга риоя қилиш, маьрака-маврид, яxши-ёмон кунларни бирга ўтказиш, аҳилликни таъминлашга xизмат қиладиган ижтимоий-иқтисодий ва худудий бўлиб, азалдан давом этиб келаётган бошқарув тизими ва эзгу қадриятдир. Бу тариxий, анъанавий ва доимо ёш навқирон, қудратли ҳодисани шундай таърифлаш жоиздир.
Маҳаллалар ўзаро яхши қўшничилик, инсонийлик туйғулари, ажойиб расм-русумлари, урф-одатлари, тартиб-қоидалари, таълим-тарбия оила мустаҳкамлиги борасида ажралиб турадиган улар шахснинг шаклланиши ва камол топишига кучли таъсир кўрсатади. Маҳалланинг яна бир ибратли хусусияти аҳолининг кўп миллатлилиги ва улар ўртасидаги чинакам қардошлик туйғулари, бир-бирларининг анъаналарига ҳурмат билан қараш яхши ва ёмон кунларида бир-бирларига ёрдам бериш ҳар бир оиланинг тинч ва хотиржам яшашини таъминлаш борасидаги ишидир. Маҳалла бутун бир халқнинг ўтмишини ҳозирги кун билан боғлаган ҳолда нигоҳни келажакка қаратиб кишиларнинг ижтимоий ва маънавий тараққиёти учун янги мақбул йўлларни қидириб топишга маслакдошдир.Маҳалла - шунчаки оддий сўз эмас унинг заминида чуқур мазмун ва маъно бор.
Шуни ўринда айтиш керакки, ёшлар таълим-тарбияси масаласида маҳалланинг ўрни ва роли беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиздир. Шуни таъкидлаш жоизки, таълим-тарбия масаласи ҳар вақт, ҳар бир даврда ўзига хос муҳим ва долзарб аҳамият касб этиб келган. Зеро, Абдулла Авлоний бобомизнинг ўша даврда таълим-тарбия масаласига қаратган диққат эътибори аҳамиятга моликдир. Абдулла Авлонийнинг “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” асаридаги: “Алҳосил, тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур”, “Илм инсонларнинг мадори ҳаёти, раҳбари, нажотидур” деган фикрлари бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этиб келаётганлиги фикримизнинг ёрқин ифодасидир.
Маҳалла жамиятда фуқаролар ўртасида ўзаро ҳурмат, яхши қўшничилик, меҳр-оқибат муносабатларини шакллантиришда ҳамда ижтимоий-сиёсий барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни таъминлашда мустаҳкам қўрғон бўлиб хизмат қилиб келаётганлиги диққатга сазовордир. Бугунги кунда маҳалланинг маънавий соҳадаги долзарб масалаларидан бири ҳам, бу ёшлар тарбияси билан боғлиқ бўлган муҳим вазифа эканлиги эътирофга лойиқдир. Маҳаллада инсонларни маънавий, сиёсий, ижтимоий, ҳуқуқий, шунингдек, эстетик тарбиялашда ҳам бошқа давлат ва нодавлат ташкилотларга нисбатан алоҳида мавқега эга, чунки маҳалла халқимиз учун асрлар давомида сайқал топиб келаётган энг қадрдон маскан бўлиб ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида қуйидаги фикрларни билдириб ўтдилар:”Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби. Аммо, миллати, тили ва динидан қатъи назар, бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир.
Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади”. Зеро давлат ва жамият тараққиётида маҳалланинг ўрни ва нуфузи ҳар қачон, ҳар вақт алоҳида аҳамият касб этиб келган ва шундай бўлиб қолади. Ўзбекистонда йўлга қўйилаётган маҳалла демократияси аҳолининг ўз-ўзини бошқаришдаги ўзига хос шакли жаҳон сиёсатдонлари диққатини тортмокда. Дарҳаққат, маҳалланинг ҳалқ ҳаётига яқинлиги, аҳоли турмуш ташвишлари ва кундалик ҳаёти билан уйғунлиги жихатидан давлатнинг демократик жараёнларини чуқурлаштириш фаолиятини анча тезлаштиради. Шу билан бирга давлат бошқарувини аста-секинлик билан жамоа ташкилотлари зиммасига ўтказиш, уларнинг ўзини-ўзи бошқаришдаги ролини кучайтириш имконини беради.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликни олдини олишда ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш бугунги куннинг ўткир талабидир. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сонли Фармонини атрофлича ўрганиш ва уни атрофлича тарғиб қилиш мақсадга мувофиқдир. Мазкур Фармонда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммоларнинг мавжудлиги кўрсатиб берилиши баробарида, уларнинг ечимларига ҳам алоҳида эътибор қаратилганлиги диққатга сазовордир. Ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда энг аввало, ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишларни тизимли ва узвий равишда йўлга қўйиш муҳим омиллардан саналади. Оила, маҳалла ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштирокини етарли даражада таъминлаш орқали ёшларнинг дунёқарашига, ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитет шаклланади, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳисси вужудга келади. Айни пайтда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш орқали қонун устуворлиги таъминланади. Бу эса ўз навбатида жиноятчиликни пасайтиришга, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимояланишга олиб келади. Бугунги глобаллашув, ахборот асри даврида ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг замонавий усулларидан, тарғиботнинг илғор ва таъсирчан воситаларидан, хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларидан атрофлича фойдаланиш, бу борадаги ишлар самарадорлигини юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Маҳаллада жамоанинг фикри асосий ҳал этувчи кучга эгадир. Маҳаллада-маърифий ҳукм, ахлок-одоб ҳукми ҳар кандай ҳукмдан ўз адолати билан юқори туради. Яъни Конституцияда ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларда таъкидланганидек маҳаллаларнинг амалий фаолияти инсонпарварлик ижтимоий адолат, ўзаро жамоа ёрдам, яъни демократик тамойилларга тўла асосланади, жамият аъзоларининг манфаатлари мувозанатини таъминлаш ва ҳимоя килиш асосий мақсадлари ҳисобланади.
Ўзини ўзи бошқариш идораларининг ишини ривожлантирмай туриб, давлат бошқарувини такомиллаштириш мумкин эмаслиги бугунги кунда аёндир. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, давлат ҳокимияти органларининг, шу жумладан, унинг жамоа вакиллик воситаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг шаклланиши натижасида Ўзбекистон Республикасининг бундан кейинги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ривожи учун ҳуқуқий демократик давлат қуриш учун, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги мавкқеини мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилган.
Буларнинг барчаси-аввало, демократик жамият асосларини мустаҳкамлаш, давлат ҳокимияти органларининг айрим ваколатларини ўзини ўзи бошқариш органларига аста-секин ўтказа бориш концепциясини рўёбга чиқариш борасида муҳим қадамлардир. Бошқача қилиб айтганда, давлатчилигимизнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб борган сари бошқарув вазифаларини бевосита халққа топшириш, маҳалла бошқарувини янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса жамият олдидаги мажбурият ва зиммадаги масъулият сўзсиз бажарилишининг кафолатидир.
Г.Носирходжаева,
Тошкент давлат юридик университети профессори