Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида Президентимиз имзолаган “Ўзбекистонда илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум олим ва ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонини ўқиб туриб, қалбим чексиз ҳаяжон ва ифтихорга тўлди. Ушбу тарихий ҳужжат мамлакатимиз маънавий ҳаётида ўзига хос воқеа бўлди, десак асло муболаға эмас. Бу шунчаки бир гуруҳ фидойиларни эътироф этишгина эмас, балки инсон қадрини улуғлаш, ўтганлар хотирасини эъзозлаш ва уларнинг ибратли ишларини абадийлаштириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг улуғвор намунасидир.
Бу фармон давлатнинг ўз фидойи сиймоларига юксак эҳтироми, уларнинг бебаҳо мероси олдидаги чуқур таъзимининг амалдаги ифодаси. Аслида, миллатнинг буюклиги унинг нафақат бугунги ютуқлари, балки ўз ўтмишига, тарихини яратган шахсларга муносабати билан ҳам ўлчанади. Фармон шу жиҳатдан ҳам янги Ўзбекистоннинг ўз маънавий пойдеворини нечоғлиқ мустаҳкам қураётганини яққол намоён этади.
Бунинг замирида халқимизга хос азалий қадрият — ўтганларни хотирлаш, эзгу амалларини қадрлаш тамойили акс этган. Зеро, ўз тарихи, маданияти ва илм-фани ривожига ҳисса қўшган буюк зотларни унутган миллатнинг келажаги ҳам бўлмайди. Бу юртда қилинган ҳар бир эзгу иш, ҳар бир ижод намунаси, ҳар бир илмий кашфиёт ҳеч қачон эътиборсиз қолмаслигининг яна бир ёрқин исботи ҳам айнан шудир. Ота-боболаримиз, маърифатпарвар аждодларимиз азалдан ана шундай олижаноб тамойиллар асосида яшаб, ижод қилиб келган.
Мазкур фармон, шунингдек, авлодлар ўртасидаги узвийлик ришталарини, маънавий ворисийликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи бебаҳо қадамдир. У ўтмиш ва бугун ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини ўтайди. Бугунги ёш авлод ушбу рўйхатдаги номларни ўқир экан, ўзлари турган замин қанча-қанча фидокор инсонларнинг меҳнати ва ижоди билан гуллаб-яшнаганини яна бир бор чуқурроқ ҳис этади. Бу эса уларнинг қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини жўш урдириб, ўзларига ҳам шундай буюк аждодларга муносиб бўлиш масъулиятини юклайди.
Шу ўринда баъзиларнинг “Дунёдан ўтиб кетган инсонларга бу мукофотнинг энди нима зарурати бор?” деганини ҳам эшитамиз, кўрамиз. Лекин бир ўйлаб кўрайлик, биз уларни чиндан ҳам “вафот этди”, дейишга ҳақлимизми? Ахир улар жисман орамизда бўлмаса-да, бой илмий ва ижодий мероси билан халқимиз қалбида, миллатимиз тафаккурида мангу барҳаёт эмас-ку! Номи тиллардан, ижоди диллардан тушмай келаётганининг ўзи уларнинг тириклигидан далолат бермайдими? Уларнинг мероси китобларда қолган шунчаки матнлар, музейлардаги ашёлар ёки архивлардаги ҳужжатлар эмас, балки бугунимизга сингиб кетган, онгимиз ва шууримизни шакллантирган тирик воқеликдир. Улар худди узоқ юлдузлар кабидир: сўнган бўлса-да, нури бизга асрлар оша етиб келаверади ва йўлимизни ёритиб туради.
Мана, бир эсланг: Тўра Сулаймоннинг самимиятга йўғрилган шеърлари асосида яратилган дилтортар қўшиқларни эшитганимизда руҳимиз қанчалар ором топади. Маъмуржон Тўхтасинов томонидан Бобур мирзо ғазалига басталанган “Яхшилиғ”ни тинглаганимизда мижжамизга ёш қалқийди. Тўй-ҳашамларимизда Муҳриддин Холиқовнинг “Йиғлама қиз” қўшиғи янграганда бир зумга маҳзун хаёлларга чўммайдиган инсон топилмаса керак. Охунжон Мадалиевнинг юракни эркаловчи куй-қўшиқлари-чи? Улар қай биримизга сокинлик ва таскин бағишламайди дейсиз. Бу санъаткорлар ўз даврининг овози эди. Уларнинг қўшиқлари бир авлоднинг дарду қувончини, орзу-армонларини ўзида мужассам этгани ҳолда бугун ҳам аҳамиятини йўқотмай янграмоқда. Чунки улар инсонийликнинг энг нозик торларини черта олган.
Шу қаторда Ўзбекистон халқ ҳофизи Исмоил Ваҳобов номини ҳам алоҳида эҳтиром билан тилга олиш жоиз. У асрлар давомида сайқалланиб келаётган мумтоз мусиқа меросимизни, санъатимиз анъаналарини асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказган фидойи санъаткор эди. Хонишида халқимизнинг асрий дарду ҳасратлари, орзу-умидлари ва руҳий қудрати акс этиб турарди.
Адабиётимизнинг забардаст вакилларини олайлик. Халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Юсуф шеърлари нега ҳамон ёддан айтилади? Чунки у халқнинг юрагидаги гапни, оддий инсон туйғуларини содда ва самимий ифодалай олди. Унинг учун Ватан — энг табаррук жой, муҳаббат эса энг пок туйғу эди. Рауф Парфи эса бутунлай бошқа олам. У “шоирлар шоири” сифатида мураккаб, фалсафий ва исёнкор руҳдаги шеърияти билан тафаккуримизни чархлади. Унинг ижоди руҳиятнинг тубсиз уммонига шўнғиш, эрк ва озодлик ҳақидаги мангу саволларга жавоб излаш демакдир.
Болаларимизнинг севимли ижодкори Анвар Обиджон-чи? У ўзининг беғубор ҳазили, сўз ўйинларига бой шеър ва эртаклари билан неча-неча авлоднинг болалигини безади, дунёқарашини кенгайтирди. Бу ижодкорларнинг ҳар бири ўз услуби, ўз овози билан адабиётимиз хазинасига бебаҳо дурдоналар қўшиб кетди. Улар қаторида адиб Вали Ғафуров, адабиётшунос олим ва таржимон Тўхтасин Жалолов каби заҳматкаш ижодкорларнинг ҳам хизмати беқиёс. Улар ўз асарлари, илмий тадқиқотлари ва жаҳон адабиётидан қилган таржималари билан халқимизнинг маънавий оламини бойитиш, тафаккурини кенгайтиришга улкан ҳисса қўшган.
Ўзбек театр санъатининг устунларидан бири, бетакрор ижодкор Баҳодир Йўлдошев иштирокидаги саҳна асарларини қандай чуқур ҳаяжон билан томоша қилганимизни унутиб бўладими?! У нафақат актёр ва режиссёр, балки саҳна файласуфи эди. Унинг “Дийдор” театр-студияси том маънода ижодий лабораторияга айланиб, қанчадан-қанча ёш истеъдодларга қанот бағишлади. Саҳналаштирган асарларида жамиятдаги муаммолар дадил кўтариб чиқилар, томошабинни шунчаки кузатувчидан фикрловчи иштирокчига айлантирар эди. Актриса Римма Аҳмедованинг саҳнада яратган ўнлаб ёрқин образлари, дубляж санъатидаги маҳорати эса қанчадан-қанча фильмларга жон бағишлагани сир эмас. Санъат арбоби, композитор Анор Назаровнинг мусиқаси эса кўплаб кинофильмлар ва спектаклларнинг шукуҳини, таъсирини оширган. Унинг мусиқаси асар қаҳрамонларининг ички кечинмаларини сўзсиз ифодалаб берар, томошабин қалбига кириб борарди.
Жадид боболаримизнинг миллат озодлиги йўлидаги орзу-армонлари, фидойиликларини атоқли олим Бегали Қосимовнинг илмий тадқиқотларини ўқиб, бутун қалбимиз билан ҳис этмаганмизми?! У ҳаётини жадидлик ҳаракатини ўрганиш, маърифатпарвар аждодларимизнинг номини оқлашга бағишлаган фидойи олим эди. Домланинг китоблари бизга ўзлигимизни англаш, миллий озодлик ғояларининг илдизини теранроқ тушуниш имконини берди. Адабиётшунос, тилшунос, таниқли арабшунос олим Алибек Рустамов эса мумтоз адабиётимиз, хусусан, Алишер Навоий меросининг буюк билимдони сифатида тилшунослигимиз ва адабиётшунослигимиз ривожига улкан ҳисса қўшди.
Ушбу фармонда эътироф этилган академиклар — жарроҳ Ўктам Орипов, кибернетик олим Восил Қобулов, геолог Иброҳим Ҳамробоев каби ўнлаб буюкларнинг илм- фан ривожига қўшган ҳиссаси бугунги тараққиётимизнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Академик Ўктам Орипов юзлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган тажрибали жарроҳгина эмас, балки мамлакатимизда жарроҳлик мактабини яратган устозлардан бири эди. Унинг қўлида таҳсил олган шогирдлар бугун ҳам энг мураккаб операцияларни муваффақиятли ўтказиб, устозларининг эзгу ишларини давом эттирмоқда. Академик Восил Қобулов эса мамлакатимизда кибернетика фани ривожига улкан ҳисса қўшган, бугунги рақамли технологиялар соҳасининг пойдеворини қўйган буюк олим эди. Унинг ўша даврдаги илмий қарашлари бугун нечоғлиқ тўғри ва узоққа мўлжалланганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Шиддат билан ўзгараётган бугунги глобаллашув даврида, ахборот хуружлари ва “оммавий маданият” таҳдидлари кучайиб бораётган бир пайтда ушбу фармоннинг аҳамияти янада ортади. Чунки у миллий ўзлигимизни асраш, маънавий иммунитетимизни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ва керакли қадамдир. Халқимиз айнан шундай улуғ сиймоларнинг меросига суяниб, ўзлигини англайди, ўз йўлини белгилайди. Уларнинг ижоди ва илмий жасорати биз учун ҳар қандай мафкуравий таҳдидларга қарши тура оладиган мустаҳкам маънавий қалқон вазифасини ўтайди. Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги оқилона сиёсати замирида ҳам айнан ана шундай чуқур фалсафа — маънавий илдизларини мустаҳкамлаш орқали миллатнинг буюк келажагини таъминлаш ғояси мужассам.
Шундай экан, бу улуғларни орамизда йўқ дейишга ҳам маънан ҳаққимиз оз деб ўйлайман. Бир зиёли сифатида давлатимиз раҳбарининг ушбу фармонини чин дилдан қўллаб-қувватлайман ва буни тарихий адолатнинг байрами деб биламан. Бу бир жиҳатдан, ёш авлодга ана шундай буюкларнинг ҳаёти ва ижодини қайта эслатиш, улардан ўрнак олишга ундаш бўлса, иккинчи томондан, янги Ўзбекистонда инсон, унинг фидокорона меҳнати ва истеъдоди юксак қадрланишининг ёрқин тимсолидир.
Мазкур фармон — ёшларимиз учун ўзига хос маънавий компас. У “ҳақиқий бойлик ва мангулик нимада?” деган саволга аниқ жавоб беради. Мангулик пул ёки мансабда эмас, балки халқ учун қолдирилган яхши ном, эзгу ишлар ва маънавий меросдадир. Ушбу рўйхатдаги ҳар бир инсон ўз ҳаётини ана шундай эзгу мақсадга бағишлаган.
Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,
академик