Шу боис, қишлоқда ҳар бурчакда тўпланиб, гап сотиб ўтирганларни учратмайсиз. Қўлидан иш келадиган киши борки, деҳқончилик, чорвачилик билан машғул. Муҳими, топганини тўй-ҳашамга сарфлашни ёмон кўради. Имкон топилди дегунча, фарзандларини илм олишига ундайди. Ёшлари ҳам илмга чанқоқ, интилувчан. Қўлида китоб, доим қайсидир танловларда иштирок этиш ниятида юради.

Аҳолиси унча кўп бўлмагани учун қиш­лоқнинг ягона мактаби ҳам катта эмас. Ле­кин шу мўъжазгина таълим масканида илм олган ўқувчилар мамлакатимизнинг турли ҳудудида, ҳатто хориждаги нуфузли универ­ситетларда таҳсил олган. Етакчи мутахассис сифатида ишламоқда. Қаҳрамонимиз ҳам ай­нан шу қишлоқ фарзанди.

...Адҳам қўй-қўзи боқиб юрган болалик кезларидаёқ тиббиётга меҳр қўйди. Шифокор бўлиш учун нима қилиш зарур деган саволни ҳар куни ўқитувчиларга бергиси келар, ле­кин ийманиб, индамай қўя қоларди. Барибир пухта билим керак деган фикрда барча фан­лардан аъло баҳо олишга интиларди. Унинг шифокорликка қизиқишининг яна бир саба­би шаҳарда яшайдиган амакисининг ҳам шу соҳа вакили эканида эди. Кўпинча меҳмонга борганида амакиси жарроҳлик йўли билан қанча беморни даволагани ҳақида гапириб берар, бу ҳикоялар Адҳамни ҳаяжонга солар­ди. Гоҳида инсон аъзоларини қай йўл билан қўрқмай очиб, амалиёт ўташ мумкинлиги ҳақида ўйларди. Баъзида амакиси бўрттириб ҳикоя қилаётгандек туюларди. У кўп саволла­рига жавоб олишни истар, аммо ўша тортин­чоқлик сабаб журъати етмасди.

Кунларнинг бирида дадаси билан қўш­ни қишлоққа тўйга борди. Бир дастурхон атрофида уларга ўша пайтда малакали шифокорлардан бири ҳамроҳ бўлди. Адҳам унинг жарроҳ эканини билгач, ўзини қизиқ­тирган саволларини берди. Меҳмон ҳам йи­гитчанинг шифокорликка қизиқиши юқори эканини дарҳол сезди. Барча саволларига жа­воб беришга ҳаракат қилди. Шифокор бўлиш учун нималарга эътибор бериш, қайси фан­ларни чуқур ўзлаштириш зарурлиги ҳақида эринмай гапириб берди.

Саволларига жавоб олган Адҳам энди ягона мақсад сари олға қадам ташлади. Мак­табдан кейин кимё, биология, она тили фан­ларини кўпроқ ўқийдиган бўлди. Бундан ташқари, инглиз тилини ҳам мустақил ўргана бошлади. У танлаган йўл осон эмасди. Яъни юрак жарроҳи бўлиш истаги юқори эди. Бу мураккаб касбни эгаллаш ҳар кимнинг қўли­дан келмаслиги унга маълум бўлса-да, мақса­ди сари қатъий интила бошлади.

Мактабни тамомлагач, 2003 йили Тошкент давлат тиббиёт институтига ҳужжат топшир­ди. Пухта тайёргарлик самара бериб, Адҳам тест синовидан муваффақиятли ўтиб, юқори балл билан талабаликка тавсия этилди. Инс­титутда уч йил ўқигач, 4-курсдан ўқишини Москва давлат тиббиёт академиясида давом эттирди. Академия имкониятидан унумли фойдаланди. Олийгоҳни тамомлаб, умумий жарроҳлик бўйича яна бир йил ўқиди. Шун­дан сўнг академияда икки йил ординатура бў­йича таҳсил олди. Шу жараёнда Россиянинг Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургия­си илмий марказида ишлаб, тажриба оширди. Қатор малакали академикларга шогирд туш­ди. Уларнинг кардиожарроҳлик амалиётида шогирд сифатида иштирок этди. Адҳамнинг соҳага муҳаббати, ўз устида тинимсиз ишла­ши устозлар эътиборини тортди. Шу сабаб соҳанинг етук мутахассислари унга ҳамиша керакли маслаҳатлар берар, бу касбда хато қилиш асло мумкин эмаслигини уқтирарди. Адҳам Жалилов эса ҳеч иккиланишсиз жар­роҳлар қаторида бўлишга интиларди. Айнан бу саъй-ҳаракатлар туфайли тажрибали юрак жарроҳига айланди...

Кекса авлод вакилларининг айтишича, 1970-йилларда вилоятлар орасида биринчи­лардан бўлиб Қашқадарёда илк бор кардио­логия маркази бунёд этилган. Шундан сўнг шифо масканига етакчи мутахассислар жалб этилиб, айнан юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморларни даволаш йўлга қўйилган. Бу эса нафақат воҳа, балки қўшни вилоятлар аҳолиси учун ҳам катта қулайлик бўлган. Натижада одамлар вақт йўқотиб пой­тахтга бормаган, балки шу ернинг ўзида да­волана бошлаган.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил февралда Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Респуб­лика ихтисослаштирилган кардиология илмий- амалий тиббиёт марказининг Қарши филиа­лини ташкил этишга кўрсатма берди. Қисқа муддатда замонавий типдаги филиал барпо этилди. 120 ўринли шифохонага энг замонавий тиббиёт жиҳозлари олиб келинди. Реабилита­ция ва юрак ишемик касалликлари, сурункали юрак етишмовчилиги ва аритмология, арте­риал-гипертензия, рентген-эндоваскуляр жар­роҳлик, кардиожарроҳлик, қабул-диагностика каби бўлимлар, кунлик 100 қатновга мўлжал­ланган поликлиника фаолияти йўлга қўйилди. Муҳими, марказ қисқа вақтда — 2018 йил охи­рида тўлиқ ишга туширилди.

Президентимизнинг яна бир ташаббу­сига кўра, хорижда қонуний фаолият юри­таётган етакчи мутахассисларни юртимиз­га қайтариш борасида ҳам саъй-ҳаракатлар бошланган эди. Хусусан, Россияда меҳнат қилаётган Адҳам Жалилов ҳам Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирил­ган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказига ишга таклиф қилинди. Малакали жарроҳ марказнинг Қарши филиали биноси қурилиши лойиҳасида иштирок этиб, так­лифларини билдирган эди. Ҳозир ўзи ушбу шифо масканида кардиожарроҳлик бўлими бошлиғи бўлиб хизмат қиляпти. Шу билан бирга, беморларда жарроҳлик амалиётини ўтказиб, хасталар дардига дармон бўляпти.

— Москвада саккиз йил ўқиб, етакчи му­тахассислар устозлигида соҳани мукаммал ўрганиш имкониятига эга бўлдим, — дейди Адҳам Жалилов. — 2017 йилда Тошкент шаҳ­рига ишга таклиф қилиндим. Албатта, бу мен учун қувончли воқеа эди. Ахир шунча билим ва малакамни ўз юртимда қўллаш имконияти пайдо бўлганди. Пойтахтда ишлаш жараёнида Қарши шаҳрида филиал барпо этилиши ва у ерда ҳам барча имконият яратилишидан ха­бардор бўлдим. Сўнг Қаршида ишлаётган мутахассисларнинг малакасини Тошкентда оширишга киришдик. 2018 йил охирига келиб, мени ҳам шу ерда ишлашга таклиф қилишди. Жон деб рози бўлдим. Ўша йилнинг ўзида илк бор жарроҳлик амалиётини ўтказдик. Бунинг учун барча имконият яратилган. Ҳар йили 300-400 фуқарода жарроҳлик амалиётини ўт­казяпмиз. Бу, биринчи навбатда, аҳоли учун катта имконият бўлди. Беморлар энди илгари­гидек чет элда овора бўлиб юрмайди.

Айни пайтгача Адҳам Жалилов 7000 дан ортиқ кишининг юрак соҳасида жарроҳлик операциясини муваффақиятли бажарган. Унинг аортокоронар шунтлаш, клапан ал­маштириш, қон томир касалликларини жар­роҳлик йўли билан даволашдаги маҳорати доим эътироф этилади. Бундан ташқари, ёш шифокор мамлакат миқёсида юрак-қон томир касалликларини жарроҳлик усулида замона­вий стандартлаш амалиётини татбиқ этган. Шунингдек, сўнгги йилларда 30 фоиз бемор­да мини инвазив усулдаги операцияларни бажариб келмоқда. Ҳозир мазкур филиалда нафақат вилоятдан, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, қўшни давлатлардан ҳам бе­морлар келиб, дардига шифо топмоқда.

— Илгари ҳам ўзимизнинг Душанбе шаҳридаги марказий шифохонада юрагим­ни операция қилдиргандим. Бунга анча йил бўлди, — дейди тожикистонлик Баҳодир Раҳмонов. — Лекин кейинчалик яна безов­талана бошладим. Аҳволим ёмонлашди. Танишларим шу шифохонадаги шароит ҳақида жуда яхши фикрларни айтди. Ке­либ, тиббий кўрикдан ўтдим. Шифокорлар аҳволимни ўрганди. Юрагимнинг клапани­ни алмаштириш керак экан. Аввалига анча иккиландим, бир оз қўрқдим ҳам. Шукрки, барчаси яхши ўтди. Соғлиғим анча тиклан­ди. Бунинг учун шифокорларга раҳмат.

Малакали шифокор Адҳам Жалилов та­шаббуси билан ҳар йили кўплаб беморлар дарддан фориғ бўлмоқда. Жумладан, 2021 йилда 250 дан ортиқ кишида жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Уларнинг 50 нафардан зиёдида митрал клапанини протезлаш ва ла­биринт операциялари бажарилган. Респуб­лика миқёсида 150 дан ортиқ беморда аорто­коронар шунтлаш, 40 га яқин одамда тўлиқ артериал коронар шунтлаш, 20 га яқин киши­да коронар шунтлаш амалиёти “No tous” усу­лида бажарилган. 50 га яқин беморда юрак туғма нуқсонини ишлаб турган юракда бар­тараф қилиш амалиёти биринчилардан бўлиб Қашқадарё вилоятида ўтказилди.

Ёш кардиожарроҳнинг меҳнати муносиб баҳоланди. У 2020 йилда Президентимиз фармони билан II даражали “Саломатлик” ор­дени билан мукофотланди. Тиниб-тинчима­ган Адҳам Жалилов 2023 йилдан Сурхондарё вилоятида ҳам мини инвазив усулда жарроҳ­лик амалиётини бажаришни йўлга қўйди. Ҳозиргача вилоятдаги мингдан зиёд беморда шу амалиёт ўтказилди. Беморларни йиллаб қийнаб келган хасталик даволанди.

— Илгари юрак-қон томир касалликла­рининг мураккаб жарроҳлик иши бирорта вилоятда бажарилмаган, — дейди Адҳам Жа­лилов. — Бугун шундай имконият аксарият вилоятларда мавжуд. Бу, албатта, Президен­тимизнинг “Инсон қадри учун” тамойили асосида юритаётган сиёсати самараси. Тиб­биётдаги ислоҳотлар туфайли соҳа халққа яқинлашди. Одамларнинг узоғи яқин, оғири енгил бўлди. Бундан ташқари, шифокорлар учун ҳам имкониятлар кенгайди. Шифохо­наларимиз керакли тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Масалан, биргина шу йилнинг ўзида 350 дан ортиқ беморнинг юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ҳозир мар­казимиз Россия, Германия, Швеция каби дав­латларнинг етакчи кардиожарроҳлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Улар билан доим онлайн маслаҳатлашамиз. Зарур ҳолларда тажриба алмашамиз. Мақсадимиз — умид билан келган ҳар бир бемор, албатта, шифо топсин.

Яна бир гап. Қаҳрамонимиз 2014 йилда Россияда тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасини муваффақиятли ёқлаган эди. Яқинда замонавий тиббиётда долзарб ва му­раккаб йўналиш бўлган ўткир коронар синдром билан беморларда хирургик даволаш масалаларига бағишланган докторлик дис­сертациясини ёқлади. Соҳа вакиллари таъ­кидлашича, бугун ишлаб турган юракда жар­роҳлик амалиёти ўтказиш салмоғи Европада 20 фоиз бўлса, бошқа ҳудудларда 25-30 фоиз­ни ташкил этади. Адҳам Жалилов эса жорий йилнинг ўзида камида эллик фоиз беморнинг айнан ишлаб турган юрагини операция қил­ган. Эътиборлиси, шу пайтга қадар ҳеч кимда ёмон асорат кузатилмаган.

Акбар РАҲМОНОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири