Шу боис, қишлоқда ҳар бурчакда тўпланиб, гап сотиб ўтирганларни учратмайсиз. Қўлидан иш келадиган киши борки, деҳқончилик, чорвачилик билан машғул. Муҳими, топганини тўй-ҳашамга сарфлашни ёмон кўради. Имкон топилди дегунча, фарзандларини илм олишига ундайди. Ёшлари ҳам илмга чанқоқ, интилувчан. Қўлида китоб, доим қайсидир танловларда иштирок этиш ниятида юради.
Аҳолиси унча кўп бўлмагани учун қишлоқнинг ягона мактаби ҳам катта эмас. Лекин шу мўъжазгина таълим масканида илм олган ўқувчилар мамлакатимизнинг турли ҳудудида, ҳатто хориждаги нуфузли университетларда таҳсил олган. Етакчи мутахассис сифатида ишламоқда. Қаҳрамонимиз ҳам айнан шу қишлоқ фарзанди.
...Адҳам қўй-қўзи боқиб юрган болалик кезларидаёқ тиббиётга меҳр қўйди. Шифокор бўлиш учун нима қилиш зарур деган саволни ҳар куни ўқитувчиларга бергиси келар, лекин ийманиб, индамай қўя қоларди. Барибир пухта билим керак деган фикрда барча фанлардан аъло баҳо олишга интиларди. Унинг шифокорликка қизиқишининг яна бир сабаби шаҳарда яшайдиган амакисининг ҳам шу соҳа вакили эканида эди. Кўпинча меҳмонга борганида амакиси жарроҳлик йўли билан қанча беморни даволагани ҳақида гапириб берар, бу ҳикоялар Адҳамни ҳаяжонга соларди. Гоҳида инсон аъзоларини қай йўл билан қўрқмай очиб, амалиёт ўташ мумкинлиги ҳақида ўйларди. Баъзида амакиси бўрттириб ҳикоя қилаётгандек туюларди. У кўп саволларига жавоб олишни истар, аммо ўша тортинчоқлик сабаб журъати етмасди.
Кунларнинг бирида дадаси билан қўшни қишлоққа тўйга борди. Бир дастурхон атрофида уларга ўша пайтда малакали шифокорлардан бири ҳамроҳ бўлди. Адҳам унинг жарроҳ эканини билгач, ўзини қизиқтирган саволларини берди. Меҳмон ҳам йигитчанинг шифокорликка қизиқиши юқори эканини дарҳол сезди. Барча саволларига жавоб беришга ҳаракат қилди. Шифокор бўлиш учун нималарга эътибор бериш, қайси фанларни чуқур ўзлаштириш зарурлиги ҳақида эринмай гапириб берди.
Саволларига жавоб олган Адҳам энди ягона мақсад сари олға қадам ташлади. Мактабдан кейин кимё, биология, она тили фанларини кўпроқ ўқийдиган бўлди. Бундан ташқари, инглиз тилини ҳам мустақил ўргана бошлади. У танлаган йўл осон эмасди. Яъни юрак жарроҳи бўлиш истаги юқори эди. Бу мураккаб касбни эгаллаш ҳар кимнинг қўлидан келмаслиги унга маълум бўлса-да, мақсади сари қатъий интила бошлади.
Мактабни тамомлагач, 2003 йили Тошкент давлат тиббиёт институтига ҳужжат топширди. Пухта тайёргарлик самара бериб, Адҳам тест синовидан муваффақиятли ўтиб, юқори балл билан талабаликка тавсия этилди. Институтда уч йил ўқигач, 4-курсдан ўқишини Москва давлат тиббиёт академиясида давом эттирди. Академия имкониятидан унумли фойдаланди. Олийгоҳни тамомлаб, умумий жарроҳлик бўйича яна бир йил ўқиди. Шундан сўнг академияда икки йил ординатура бўйича таҳсил олди. Шу жараёнда Россиянинг Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургияси илмий марказида ишлаб, тажриба оширди. Қатор малакали академикларга шогирд тушди. Уларнинг кардиожарроҳлик амалиётида шогирд сифатида иштирок этди. Адҳамнинг соҳага муҳаббати, ўз устида тинимсиз ишлаши устозлар эътиборини тортди. Шу сабаб соҳанинг етук мутахассислари унга ҳамиша керакли маслаҳатлар берар, бу касбда хато қилиш асло мумкин эмаслигини уқтирарди. Адҳам Жалилов эса ҳеч иккиланишсиз жарроҳлар қаторида бўлишга интиларди. Айнан бу саъй-ҳаракатлар туфайли тажрибали юрак жарроҳига айланди...
Кекса авлод вакилларининг айтишича, 1970-йилларда вилоятлар орасида биринчилардан бўлиб Қашқадарёда илк бор кардиология маркази бунёд этилган. Шундан сўнг шифо масканига етакчи мутахассислар жалб этилиб, айнан юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморларни даволаш йўлга қўйилган. Бу эса нафақат воҳа, балки қўшни вилоятлар аҳолиси учун ҳам катта қулайлик бўлган. Натижада одамлар вақт йўқотиб пойтахтга бормаган, балки шу ернинг ўзида даволана бошлаган.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил февралда Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий- амалий тиббиёт марказининг Қарши филиалини ташкил этишга кўрсатма берди. Қисқа муддатда замонавий типдаги филиал барпо этилди. 120 ўринли шифохонага энг замонавий тиббиёт жиҳозлари олиб келинди. Реабилитация ва юрак ишемик касалликлари, сурункали юрак етишмовчилиги ва аритмология, артериал-гипертензия, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик, кардиожарроҳлик, қабул-диагностика каби бўлимлар, кунлик 100 қатновга мўлжалланган поликлиника фаолияти йўлга қўйилди. Муҳими, марказ қисқа вақтда — 2018 йил охирида тўлиқ ишга туширилди.
Президентимизнинг яна бир ташаббусига кўра, хорижда қонуний фаолият юритаётган етакчи мутахассисларни юртимизга қайтариш борасида ҳам саъй-ҳаракатлар бошланган эди. Хусусан, Россияда меҳнат қилаётган Адҳам Жалилов ҳам Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказига ишга таклиф қилинди. Малакали жарроҳ марказнинг Қарши филиали биноси қурилиши лойиҳасида иштирок этиб, таклифларини билдирган эди. Ҳозир ўзи ушбу шифо масканида кардиожарроҳлик бўлими бошлиғи бўлиб хизмат қиляпти. Шу билан бирга, беморларда жарроҳлик амалиётини ўтказиб, хасталар дардига дармон бўляпти.
— Москвада саккиз йил ўқиб, етакчи мутахассислар устозлигида соҳани мукаммал ўрганиш имкониятига эга бўлдим, — дейди Адҳам Жалилов. — 2017 йилда Тошкент шаҳрига ишга таклиф қилиндим. Албатта, бу мен учун қувончли воқеа эди. Ахир шунча билим ва малакамни ўз юртимда қўллаш имконияти пайдо бўлганди. Пойтахтда ишлаш жараёнида Қарши шаҳрида филиал барпо этилиши ва у ерда ҳам барча имконият яратилишидан хабардор бўлдим. Сўнг Қаршида ишлаётган мутахассисларнинг малакасини Тошкентда оширишга киришдик. 2018 йил охирига келиб, мени ҳам шу ерда ишлашга таклиф қилишди. Жон деб рози бўлдим. Ўша йилнинг ўзида илк бор жарроҳлик амалиётини ўтказдик. Бунинг учун барча имконият яратилган. Ҳар йили 300-400 фуқарода жарроҳлик амалиётини ўтказяпмиз. Бу, биринчи навбатда, аҳоли учун катта имконият бўлди. Беморлар энди илгаригидек чет элда овора бўлиб юрмайди.
Айни пайтгача Адҳам Жалилов 7000 дан ортиқ кишининг юрак соҳасида жарроҳлик операциясини муваффақиятли бажарган. Унинг аортокоронар шунтлаш, клапан алмаштириш, қон томир касалликларини жарроҳлик йўли билан даволашдаги маҳорати доим эътироф этилади. Бундан ташқари, ёш шифокор мамлакат миқёсида юрак-қон томир касалликларини жарроҳлик усулида замонавий стандартлаш амалиётини татбиқ этган. Шунингдек, сўнгги йилларда 30 фоиз беморда мини инвазив усулдаги операцияларни бажариб келмоқда. Ҳозир мазкур филиалда нафақат вилоятдан, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, қўшни давлатлардан ҳам беморлар келиб, дардига шифо топмоқда.
— Илгари ҳам ўзимизнинг Душанбе шаҳридаги марказий шифохонада юрагимни операция қилдиргандим. Бунга анча йил бўлди, — дейди тожикистонлик Баҳодир Раҳмонов. — Лекин кейинчалик яна безовталана бошладим. Аҳволим ёмонлашди. Танишларим шу шифохонадаги шароит ҳақида жуда яхши фикрларни айтди. Келиб, тиббий кўрикдан ўтдим. Шифокорлар аҳволимни ўрганди. Юрагимнинг клапанини алмаштириш керак экан. Аввалига анча иккиландим, бир оз қўрқдим ҳам. Шукрки, барчаси яхши ўтди. Соғлиғим анча тикланди. Бунинг учун шифокорларга раҳмат.
Малакали шифокор Адҳам Жалилов ташаббуси билан ҳар йили кўплаб беморлар дарддан фориғ бўлмоқда. Жумладан, 2021 йилда 250 дан ортиқ кишида жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Уларнинг 50 нафардан зиёдида митрал клапанини протезлаш ва лабиринт операциялари бажарилган. Республика миқёсида 150 дан ортиқ беморда аортокоронар шунтлаш, 40 га яқин одамда тўлиқ артериал коронар шунтлаш, 20 га яқин кишида коронар шунтлаш амалиёти “No tous” усулида бажарилган. 50 га яқин беморда юрак туғма нуқсонини ишлаб турган юракда бартараф қилиш амалиёти биринчилардан бўлиб Қашқадарё вилоятида ўтказилди.
Ёш кардиожарроҳнинг меҳнати муносиб баҳоланди. У 2020 йилда Президентимиз фармони билан II даражали “Саломатлик” ордени билан мукофотланди. Тиниб-тинчимаган Адҳам Жалилов 2023 йилдан Сурхондарё вилоятида ҳам мини инвазив усулда жарроҳлик амалиётини бажаришни йўлга қўйди. Ҳозиргача вилоятдаги мингдан зиёд беморда шу амалиёт ўтказилди. Беморларни йиллаб қийнаб келган хасталик даволанди.
— Илгари юрак-қон томир касалликларининг мураккаб жарроҳлик иши бирорта вилоятда бажарилмаган, — дейди Адҳам Жалилов. — Бугун шундай имконият аксарият вилоятларда мавжуд. Бу, албатта, Президентимизнинг “Инсон қадри учун” тамойили асосида юритаётган сиёсати самараси. Тиббиётдаги ислоҳотлар туфайли соҳа халққа яқинлашди. Одамларнинг узоғи яқин, оғири енгил бўлди. Бундан ташқари, шифокорлар учун ҳам имкониятлар кенгайди. Шифохоналаримиз керакли тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Масалан, биргина шу йилнинг ўзида 350 дан ортиқ беморнинг юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ҳозир марказимиз Россия, Германия, Швеция каби давлатларнинг етакчи кардиожарроҳлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Улар билан доим онлайн маслаҳатлашамиз. Зарур ҳолларда тажриба алмашамиз. Мақсадимиз — умид билан келган ҳар бир бемор, албатта, шифо топсин.
Яна бир гап. Қаҳрамонимиз 2014 йилда Россияда тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасини муваффақиятли ёқлаган эди. Яқинда замонавий тиббиётда долзарб ва мураккаб йўналиш бўлган ўткир коронар синдром билан беморларда хирургик даволаш масалаларига бағишланган докторлик диссертациясини ёқлади. Соҳа вакиллари таъкидлашича, бугун ишлаб турган юракда жарроҳлик амалиёти ўтказиш салмоғи Европада 20 фоиз бўлса, бошқа ҳудудларда 25-30 фоизни ташкил этади. Адҳам Жалилов эса жорий йилнинг ўзида камида эллик фоиз беморнинг айнан ишлаб турган юрагини операция қилган. Эътиборлиси, шу пайтга қадар ҳеч кимда ёмон асорат кузатилмаган.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири