Бугун 15 февраль кунидан мамлакатимизда “Контрафактсиз ой” ойлиги бошланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги.

Тадбир 15 мартга қадар давом этиши белгиланган бўлиб, ойлик доирасида республика бўйлаб контрафакт маҳсулотлар савдосига қарши самарали курашиш кўзланган.

Агентлик маълумотига кўра, контрафакт маҳсулот — бу интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган ҳолда ишлаб чиқарилган ва сотиладиган товарлар ҳисобланади. Кўпинча ички истеъмол бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё, косметика ҳамда дори-дармон каби маҳсулотларга осон тақлид қилинган ҳолда  қалбакилаштирилади ва ундан нусхалар олинади. Инсофсиз ишлаб чиқарувчилар қалбаки маҳсулот билан асл маҳсулот нусҳалари ўртасидаги (кўпинча машҳур брендлардан кўчирилади) фарқни сезмайдиган даражада харидорларнинг ҳаёлида асл маҳсулотни   онг ости тасаввурини яратади ва  бу  орқали уларни чалғитишга ҳаракат қиладилар.  

Ҳар доим ҳам асл  ва қалбакилари ўртасидасиги фарқ унчалик билинмайди. Истеъмолчилар эса эътиборсизлик оқибатида ўртадаги фарқни сезмайдилар ва уларни сохта маҳсулотларнинг арзон нархлари  ўзига жалб қилади. Қалбаки маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш нафақат асл ишлаб чиқарувчиларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузади, балки истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солади.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати томонидан истеъмолчиларнинг бу соҳадаги билим ва саводхонлигини оширишга қаратилган материаллар тизимли равишда эълон қилиб борилмоқда.