Ушбу препарат таркиби “лютеций-177” радиоизотопи ва унга бириктирилган простата специфик мембранали “антиген-617” оқсил моддасидан иборат, дейилади ССВ хабарида. 

Маълум бўлишича, бу дори воситаси радиофармпрепарат сифатида АҚШ, Европа ва Осиё давлатларида фақатгина простата бези ва нейроэндокрин ўсмалар диагностикаси ва муолажасида қўлланилади.

— Хорижий тажрибага асосланган ҳолда шуни айтиш мумкинки, ушбу восита простата бези саратонининг 4-босқичида суякда метастазланиш жараёнидагина ишлатилади. Бу препарат вақтинчалик восита ҳисобланади ва беморларнинг ҳаётини узайтиришга имконият яратади. — дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Дониёр Нишонов. 

Таъкидлаш лозимки, препарат шу кунгача мамлакатимиздаги битта тиббиёт муассасасида фақат 3 нафар беморда қўлланилган ҳамда мутахассислар фикрига кўра, хаста инсонларда ўсма ўчоқлари (метастазлар) ва уларни безовта қилаётган оғриқлар сезиларли даражада камайган. 

Афсуски, дунёда барча саратон касалликларини тўлиқ даволай оладиган универсал дори воситаси ҳозирча мавжуд эмас.