Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 октябрдаги қарорига асосан Андижон вилояти Булоқбоши тумани “Buloqboshi tumani sarimsoqpiyoz yetishtiruvchilar va eksport qiluvchilar” уюшмаси, Тошкент вилояти “Fruits Season Group” МЧЖ, Андижон вилояти Асака тумани “Obod diyor tomorqa hizmati” МЧЖ, Фарғона вилояти Қува тумани “Tomorqa yer uchastkalarini rivojlantirish ilmiy-amaliy markazi” МЧЖ ҳудудий жамиятлари таъсислигида “Саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси” ташкил этилди.
Хусусан, Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида саримсоқпиёз етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси 400 гектар майдонда кластер усулида аҳоли хонадонларини бириктириш орқали саримсоқпиёз етиштиришни йўлга қўйди.
Шунингдек, Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани, Сурхондарё вилояти Ангор тумани, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманларида Саримсоқпиёз етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ташкил қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Кўрилган чоралар натижасида Россиянинг Москва, Санкт Петербург, Владимир, Калуга, Ряьзань, Ярославл, Қозоғистон Республикасининг Алма-ата ҳамда Белгия давлатида Саримсоқпиёз етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасининг савдо уйлари фаолияти йўлга қўйилди.
2021 йил ҳосили учун экилган август пиёзи ва тўқсонбости экинларидан барча тоифа хўжаликларида жами 4 миллион 15 минг тонна ҳосил олиш белгиланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра бугунги кун ҳолатига 4 миллион 55 минг тонна ҳосил етиштирилди.
Шунингдек, 2021 йил синов тариқасида салоҳиятли фермер хўжаликларини танлаб олиб, республика бўйича жами 750 гектар асосий майдонга 2022 йил ҳосили учун экспортбоп саримсоқпиёз эктириш юзасидан амалий ишлар йўлга қўйилди.
Жумладан, Саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси орқали 1,1 минг тонна экспортбоп уруғликлар заҳираси шакллантирилди.
Натижада, 2021 йилнинг 20 сентябрь ҳолатига етиштирилган мева ва сабзавотнинг 360 минг тоннаси экспортга йўналтирилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида 2021 йил 1 октябрь ҳолатига деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқасининг жами 61 минг 957 гектарига пиёз ва саримсоқпиёз экинлари экилди.
Бундан ташқари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан маҳсулот етиштирувчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида “Сабзавотлар ва тўқсонбости экинларини парваришлаш” бўйича жами 278 та ўқув семинарлар ва маҳорат дарслари ўтказилди.
Меҳриддин Мухаммадиев,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва
томорқа ер эгалари кенгашининг бўлими бошлиғи,
Мэлес Тиловов,
етакчи мутахассис