Юрак етишмовчилигини даволаш ва операциясига ихтисослашган Сюрих клиникасининг (Швейцария) бир гуруҳ шифокорлари 30 май - 9 июнь кунлари Ўзбекистонда бўлади.

Амалий сафар Ўзбекистоннинг Франкфуртдаги Бош консулхонаси томонидан «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури ижроси доирасида Швейцариянинг «EurAsia Heart» тиббиёт жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Швейцария шифокорлари Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази ва Қарши шаҳридаги вилоят кардиология шифохонасида тиббий кўриклар, туғма юрак нуқсонлари, аортокоронар ва минималинвазив жарроҳлиги билан оғриган беморларнинг амалиётлари, шунингдек, интервенцион кардиологиянинг замонавий усулларидан фойдаланиш бўйича тренинглар ва «маҳорат дарслари»ни ўтказади.

Швейцариялик жарроҳларнинг Жиззах кардиология марказининг очилиш маросимида онлайн шаклда иштирок этиши режалаштирилган, деб хабар беради «Дунё» АА.