2022 йил март ойида Уруғчиликни ривожлантириш маркази ишчи гуруҳи уруғчилик цехларини замонавий ва инновацион технологиялар асосида модернизация қилиш бўйича Туркия тажрибаси билан танишди. Хизмат сафари сифатли ва рақобатбардош уруғлик етиштиришни кенгайтириш, мамлакатимиз уруғчилигини халқаро стандартлар даражасига кўтариш мақсадида ташкил этилди.
Адана шаҳрида (Туркия) ишчи гуруҳ «Atlas Tohum Ziraat Ltd.» компанияси директори Сердар Мард билан учрашди. Уруғчиликни ривожлантириш маркази ва компания ўртасида Ўзбекистон Республикасида синаш ва тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Меморандум асосида мамлакатимизга соянинг «Arisoy» нави келтирилди. Уруғлар Жиззах вилоятидаги Пахтакор элита уруғчилик хўжалигига, Наманган вилоятидаги Уйчи элита уруғчилик хўжалигига, Самарқанд вилоятидаги Пастдарғом элита уруғчилик хўжалигига, Хоразм вилоятидаги Боғот элита уруғчилик хўжаликларида экилди.
Сердар Мард билан учрашув чоғида ишчи гуруҳ корхонанинг ишлаб чиқариш цехлари ва лабораториялари билан яқиндан танишди. Учрашув доирасида компания томонидан яратилган соя ва ерёнғоқ навларини Ўзбекистонда синаш ҳамда уларни уруғчилигини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилди. Компания олимлари томонидан яратилган пахта, буғдой, соя ва ерёнғоқ навлари хусусиятлари бўйича фикр алмашилди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Бундан ташқари: қуйидагилар билан учрашувлар ташкил этилди:
– Туркия уруғчилар уюшмаси «TURKTOB» бошқарув директори Саваш Акчан,
– «AKYUREK» компанияси раҳбари Умутбек Акюрек,
– Халқаро иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти уруғчилик уюшмаси «ECOSA» ижрочи директори Али Устун ҳамда бошқа уруғчилик соҳасида фаолият олиб борадиган йирик компаниялар ва бирлашмалар.
Таъкидлаш жоизки, «Arisoy» нави Туркия давлатида охирги 5 йилда энг кўп экилган ва энг яхши ҳосил берган экин навларидан бири. Шунингдек, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, ҳосил доналари тўкилиб кетмайдиган, эртапишар экин тури ҳисобланади.