Ҳар қандай баландпарвоз, ҳавойи гаплардан холи, ниҳоятда аниқ факт ва далилларга, чуқур таҳлил ҳамда некбин хулосаларга бой ушбу интервьюни қунт билан мутолаа қилган ҳар бир инсоннинг кўз олдида янги Ўзбекистоннинг бугунги қиёфаси, эртанги нурафшон жамоли яхлит бир полотно сифатида намоён бўлади, десак муболаға қилмаган бўламиз.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир саволга аниқ, батафсил жавоб берган. Фикрларини ҳаётий мисоллар асосида исботлаган. Президентимиз сўзларидан Ватанимиз мустақилликка эришган биринчи кунлардан бошлаб мамлакатимизда янги давлат ва жамият қуриш жараёнларида фаол иштирок этиб келган атоқли раҳбар, бугунги кунда эса янги Ўзбекистонни барпо этиш концепциясининг ташаббускори ва уни амалга ошириш йўлидан барчамизни дадил олдинга бошлаб бораётган миллий етакчи сифатидаги қобилияти намоён бўлади. Эски бошқарув тизимининг ҳамма нуқсон ва камчиликларини, аҳолини қийнаётган дарду муаммоларни қуйи бўғиндан бошлаб, ич-ичидан, бошқалардан кўпроқ билиши, халқимизнинг орзу-армонларини теран ҳис қилиши акс этади.
Жумладан, Президентимиз мамлакатимиздаги сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни жорий этишга устувор аҳамият берилаётгани сабабини изоҳларкан, давлат халқ хоҳиш-иродасини ифода этадиган органлиги, турли мансаб эгалари уларга овоз берган ва ишонч билдирган фуқароларга хизмат қилиши ҳар томонлама тўғри ва адолатли эканини таъкидлайди. Ана шундай тамойиллар асосига қурилган давлат ҳокимиятигина том маънода халқчил, демократик ҳисобланишини, бундай давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий илдизлари мустаҳкам ҳамда бақувват бўлишини қайд этади.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугун демократик ислоҳотларимиз ортга қайтмайдиган тус олди. Мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда.
Хусусан, Маданият вазирлигининг ҳам эшиклари халқимиз учун ҳамиша очиқ, қабулхонамиз, электрон почтамиз, ижтим оий тармоқлардаги саҳифаларимиз туну кун юртдошларимизнинг мурожаатларини қабул қилишга шай. Уларни мунтазам кузатиб ва назорат қилиб борамиз. Маданият ва санъат соҳаларини янада тараққий эттириш, мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар бўлса, албатта, уларни эътиборсиз қолдирмаймиз.
Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси миллий тараққиёт йўлимизнинг мутлақо янги дастуруламалига айланди.
Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, ҳатто коронавирус пандемияси жаҳоннинг кўплаб давлатларини оғир аҳволга солиб қўйган ҳозирги танглик шароитида ҳам Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши изчил такомиллаштирилаётгани, қонун устуворлиги ва судҳуқуқ тизими янада ислоҳ этилаётгани, миллий иқтисодиёт тармоқлари модернизация ҳамда диверсификация қилинаётгани, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, бандлиги ва реал даромадларини оширишга эътибор кучайгани, хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашга қаратилган ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритилаётганини дунё жамоатчилиги, халқаро экспертлар, мутахассислар алоҳида эътироф этмоқда.
Ватанимиз тараққиётининг янги даврида маданият ва санъат соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, унинг ривожини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш йўлида қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилдики, пировард натижада миллий маданиятимиз жаҳонга янада кенг қулоч ёзди, миллий ва мумтоз мусиқа меросимизни асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб этишга қулай шарт-шароитлар яратилди. Навқирон авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, ёш иқтидорларни кашф этишнинг янги механизмлари ҳаётга татбиқ қилинди.
Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, ўтган тўрт йил давомида соҳани янада ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг 4 та қонуни, Президентимизнинг қатор фармон, қ арор ва фармойишлари қабул қилинди.
Мазкур тарихий ҳужжатларнинг ўзига хослиги ва аҳамияти ҳақида узоқ гапириш, ҳаётбахш самараларини кенг таҳлил қилиш мумкин. Уларнинг ҳар бири халқимизнинг маданий ҳаётида улкан ўзгаришлар ясади, десак айни ҳақиқат.
Масалан, Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини олайлик. Ушбу ҳужжатлар қабул қилингунга қадар, тан олишимиз керак, соҳада узоқ йиллардан бери ўз ечимини кутиб ётган, халқ тили билан айтганда, оёғимизга кишан бўлиб турган муаммолар талайгина эди. Ундан халос бўлмасдан туриб, соҳа тараққиёти ҳақида ҳеч қандай сўз бўлиши мумкин эмасди. Мазкур фармон ва қарор ана шу долзарб масалаларни самарали ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этди.
Энг катта янгиликлардан бири сифатида санъаткорларнинг интеллектуал ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги тизими жорий этилганини қайд қилиш жоиз. Яъни санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ташкил этилди ҳамда унга бир қатор ваколатлар берилди. Мазкур палата, биринчи навбатда, ижодкорлар томонидан яратилаётган асарларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади. Бу санъаткорни ўз иқтидорини намоён этишга, умрбоқий асарлар яратишга ундайди. Зеро, у мана шу яратаётган ижод намунаси чинакам санъат асари даражасига кўтарилса, унга бўлган талабдан бутун умр моддий рағбат топишини билади. Шунингдек, мазкур палата бугунги кунда баъзи тортишувларга, соҳада келишмовчиликларга сабаб бўлиб турадиган кўчирмакашлик иллатига қарши курашади.
Президентимиз ўз интервьюсида “Янги Ўзбекистонни барпо этиш — яқин ва олис тарихимиз, бетакрор ва ноёб маданий бойликларимизни янада чуқур ўрганиб, уларга таяниб, мустақил миллий тараққиёт йўлимизни янги босқичда давом эттириш демакдир”, дея алоҳида таъкидлайди.
Ҳақиқатан ҳам, кейинги йилларда маданий-гуманитар йўналишда — маданият, кино, рақс ва тасвирий санъат соҳаларини, адабиёт ва китобхонликни ривожлантириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ишлар халқимизга ўзлигини чуқур англатишга, бетакрор ва ноёб маданий бойликларимизни тадқиқ ва тарғиб этишга, миллий ғурурни юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани, Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали анъанавий тарзда ўтказиладиган бўлди. Беш муҳим ташаббус асосида болалар мусиқа ва санъат мактаблари замон андозалари асосида таъмирланмоқда, жиҳозлар ҳамда мусиқа асбоблари билан таъминланяпти. Уларда турли тўгараклар очилаётир. Буларнинг барчаси асрлар оша аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган ноёб санъат намуналарини янада чуқур ўрганиш, кенг тарғиб қилиш, айниқса, ёшлар қалбида уларга нисбатан ҳурмат ва садоқатни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимизда 15 апрель санасининг Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни сифатида кенг нишонланаётгани соҳа ходимлари қадри ҳамда мақомини юксалтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг қатъий иродаси ва ташаббуслари сабаб халқимизни шу вақтга қадар қийнаб келган “прописка”, хорижга чиқиш учун “стикер”, мажбурий меҳнат, валюта айирбошлаш, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан уй-жой ва мол-мулк сотиб олиш ҳамда уларни рўйхатга қўйиш билан боғлиқ муаммоларнинг бутунлай бартараф этилгани ижод аҳлининг ҳам орзу-умидларини рўёбга чиқарди. Хусусан, вазирлигимиз ходимларининг 17 нафарига хизмат уйлари берилди. 40 нафарига имтиёзли шартлар асосида “кичик ватан”ли бўлишида кўмаклашилди. 300 нафардан ортиқ ходим Тошкент шаҳрига “прописка” қилинди.
Ана шундай ўзгаришлар сабаб бугун одамларда адолатга, ҳақиқатга ишонч пайдо бўлди. Шу билан бирга, юртимизда қарор топган эркинлик муҳити боис, ҳозирги кунда юртдошларимизда турли даражадаги раҳбар ва мансабдорларнинг иш фаолиятига холисона баҳо беришга, камчиликларни ошкора танқид қилишга шарт-шароитлар яратилди. Бу ҳам одамларнинг ҳаётга бошқача кўз билан қарашига, жамият уйғоқлигига туртки бераётир.
Маънавий уйғоқ жамият, Президентимиз таъбири билан айтганда, бу, ҳеч шубҳасиз, қуд ратли кучдир. Айтиш керакки, мамлакатимизда юритилаётган очиқлик, ошкоралик сиёсати боис, бугун сенатор ва депутатлар, ҳокимлар, вазирлар, турли идора ва ташкилотлар раҳбарлари иш тутумида ҳам янги тамойиллар устуворлик касб этмоқда. Барча бўғиндаги мансабдор шахслар фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг дарду ташвиш лари билан қоғозда эмас, амалда жиддий шуғулланмоқда.
Президентимиз ўз интервьюсида мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида олдимизда турган энг устувор вазифаларга алоҳида тўхталган. Жумладан, мамлакатимизда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлган ижтимоий сиёсатни изчил давом эттириш, янги Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш, ҳозирги глобал пандемия даврида тадбиркорларни ўз муаммолари гирдобига ташлаб қўймаслик, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аграр секторни замон талаблари асосида ривожлантириш, халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини асраш, маънавий-маърифий ишларни янада кучайтириш бугунги ва келгуси тараққиётимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлишини таъкидлайди.
Давлатимиз раҳбари янги Ўзбекистонни барпо этишда ички ва ташқи сиёсатнинг ўзаро боғлиқ ва уйғун жиҳатлари, Президентнинг жойлардаги вакиллари бўлган ҳокимларнинг иш фаолияти, халқ билан мулоқот қилиш, унинг фикрини олишда “бўшлиқ”ни тўлдиришга қандай эришаётгани, юртимизда аҳоли учун энг долзарб ва ўткир ҳаётий масала бўлган замонавий турар жойлар, арзон уй-жойлар қурилиши истиқболлари ҳақида мулоҳаза юритган. Янги Ўзбекистонни бунёд этиш жараёнида ёшларнинг ўрни ва асосий вазифалари, хотин-қизларнинг ўқиши, билим олиши, меҳнат қилиши, уларнинг соғлиғини сақлаш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган кекса авлод вакиллари, муҳтарам фахрийларимизга алоҳида меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги амалий ишларнинг келгуси ривожи ҳақидаги саволларга ҳам батафсил, содда тилда ва самимий жавоблар берган.
Фикрларнинг ҳар бири қалбимизда ёруғ туйғулар, кўтаринкилик, эртанги кунга ишонч, айни дамда масъулият ҳам юклайди. Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, юртимиздаги ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг янада эркин ва фаровон яшашига эришиш биз учун бундан буён ҳам бош мақсад бўлиб қолади.