Ҳарорат +20-22 даража, намлик 40-60 фоизга тенг. Бу инсон организми учун энг қулай обҳаво шароити ҳисобланади. Урбанизация жараёни эса атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Автомашиналардан чиқадиган ифлос газлар, саноат корхоналари чиқиндилари ҳаводаги зарарли чанг миқдорини ошириб юборяпти.
Аслида кислородни энг кўп истеъмол қилувчилар ҳам айнан саноат корхоналари ва транспорт воситалари ҳисобланади. Улар ҳавонинг мўътадил таркибини бузади, ҳарорат кескин ошишига сабаб бўлади.
ЭКОЛОГИК БАРҚАРОРЛИК КАФОЛАТИ
Ҳавони табиий равишда тозалайдиган ягона восита яшил дарахтзорлардир. Бир гектар дарахтзор ажратадиган кислород 200 кишининг бемалол нафас олишини таъминлай олади. Шу билан бирга, ушбу жараёнда ўсимлик ҳар соатда 8 килограммгача ис газини ютади. Бошқача айтганда, шаҳар ҳавосининг оптимал миқдорда сақланиб туриши учун ҳар бир одамга 50 квадрат метр яшил маскан тўғри келиши лозим.
Шаҳарлардаги радиацион ҳароратни пасайтиришда дарахтнинг аҳамияти катта. Ҳаво намлиги йилнинг қуруқ ойларида улар атрофида очиқ жойдагига нисбатан 4-7 фоиз юқори, сернам фаслларда эса анча паст бўлади. Чунки иссиқлик туфайли баргларда транспирация кучаяди, ҳаводаги намлик кўп бўлганда барглар уни ўзлаштиради.
Дарахтзорлар шамол тезлигини 3 бараваргача пасайтира олади. Қолаверса, кўкаламзорлаштириш талаблари тўлиқ бажарилганда, унинг ёрдамида ҳавони чангдан имкон қадар яхши тозалаш мумкин.
Ўзбекистонда аҳоли яшайдиган манзилларнинг аксариятида ёз ойлари ҳавода чанг миқдори кўп бўлади. Бошқа табиий омиллар билан бирга саноат корхоналари кўпайиши, автомобиллар сони кескин ошиб бориши ҳам атмосфера ҳавоси таркибидаги зарарли газлар ва чиқиндилар миқдори меъёрдан анча ошиб кетишига олиб келмоқда.
Шаҳарлар ва саноат ҳудудларида ҳаво ифлосланиши аҳоли саломатлигига жиддий хавф солаётганини нафас йўллари, турли аллергик, саратон, юрак, қон босими кабилар билан боғлиқ касалликлар авж олаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда ҳаво ифлосланиши сабаб юз берадиган йиллик ўлим даражаси 100 минг аҳолига 81,1 тани ташкил қилади. Европанинг аксарият мамлакатларида бу кўрсаткич 40 дан паст, Руминия 59,3, Болгарияда 61,8 ни ташкил этади.
ҲАР БИР НИҲОЛНИНГ ЭКИШ ВА КЎКАРИШ ЖОЙИ БОР
Ўтган йил 2 ноябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, унинг доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчати экиш белгилаб берилди. Бундай кенг кўламли ташаббус натижасида шаҳарлардаги яшил майдонлар ҳудуди ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга оширилади. Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони умуммиллий лойиҳани татбиқ этишда ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Унга мувофиқ, кузда 85 миллион дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда фаол қатнашди. Бу йил баҳор мавсумида 125 миллион дона дарахт кўчати экиш мўлжалланмоқда.
Шу муносабат билан 1 мартдан “Яшил макон” умуммиллий тадбири бошланиши эълон қилинди. Ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатлар танлаб, уларни етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Хусусан, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 10 миллион дона мевали ва манзарали дарахт кўчатини аҳолига бепул тарқатади Автомобиль йўллари қўмитасига халқаро ва республика аҳамиятидаги йўллар четида иҳота дарахтзорлар барпо этади.
Дарахтзор ва буталарнинг ҳавони тозалаш бўйича самарадорлигига эришиш учун уларни муҳандислик коммуникацияларига мос ва ўсимликларнинг биоэкологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда жойлаштириш зарур бўлади. Ҳудуднинг шамол режими ва унинг характери, атмосферага ташланаётган чиқиндилар миқдори, ер сатҳидан баландлиги, тупроқнинг кимёвий ва физикавий таркиби ҳам муҳим ўрин тутади.
Шох-шаббаси катта, барглари осилиб турадиган (эманнинг барча турлари, қайрағоч, тут, катальпа, қатранғи, қора ёнғоқ, оқ терак, чинор, жийда) дарахт турлари чангни яхши тутиб қолади ва ютади. Уларда ҳатто зарарли кимёвий бирикмаларни, айниқса, углевородородларни ютиш ва қайта ишлаш хусусияти мавжуд.
Яшил масканлар санитария-гигиеник вазифасини тўлиқ бажариши учун етарли катталикдаги массивлар ташкил қилиш ҳамда ўсимликларнинг атроф-муҳитга бўлган табиий талабларидан келиб чиқиш тақозо этилади. Муҳими, дарахтлар ўзаро зич бўлмаслиги лозим, акс ҳолда кислород ажратиб чиқариш ҳусусияти сусаяди. Ёруғлик етарли бўлгандагина ўсимликда фотосинтез жараёни жадал кечади ва натижада зарарли газларни яхши ютади ҳамда кўп кислород ажратиб чиқаради.
Халқимизнинг “Яхшидан боғ қолади” деган азалий нақли бор. Бу ҳикмат айни кунда янгича мазмун ва моҳият касб этган. Бундай эзгу ва хайрли ишда ҳар биримиз иштирок этиб, ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкин. Қолаверса, “Кўчат экиб, боғ ярат”, “Бирни кессанг ўнни эк” ҳикматлари ҳам бежиз айтилмаган. Оилада фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган. Шу боис, юрт ободлиги шу каби эзгу амаллардан бошланиб, ҳар бир кўнгилга файз беради, яшашимиз мазмунини белгилайди.
Азизжон КАЛИМБЕТОВ,
Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза
қилиш қўмитаси бошқарма бошлиғи