Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселератори (акселератор) доирасида вазирликлар ва идоралар раҳбарияти ҳамда Бирлашган Aраб Aмирликлари (БAA) кураторлари иштирокида онлайн конференция ўтказилди.

Aкcелератор доирасида 100 кун ичида қурилишга рухсат бериш жараёнини соддалаштириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, шаҳарларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш, коммунал тўловларнинг ягона ҳисоб-китоб тизимини яратиш йўналишлари бўйича муаммолар ҳал қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон томонидан етмишдан ортиқ вазирлик ва идоралар вакиллари, корхоналар раҳбар ходимлари, амирлик томонидан БАА ҳукумат ишлари вазирлиги бош директорининг етакчилик ва ҳукумат салоҳияти бўйича ёрдамчиси, доктор Яссир ал-Нақби ва БAA ҳукумат акселератори директори, доктор Радҳия ал-Ҳашимий қатнашди.

Белгиланган йўналишлар бўйича муаммоларни ҳал қилиш жараёнига қирққа яқин вазирлик ва давлат идоралари, хусусий сектор вакиллари, илмий марказлар ва бошқа турдаги ташкилотлар ходимлари жалб қилинди. Гарвард университети ва Бирлашган Aраб Aмирликларининг ҳукумат акселератори билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган методикага асосланган ҳолда акcелератор гуруҳлари учун семинарлар ташкил этилди.

Иштирокчиларга Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, маҳаллий ва хорижий компаниялар фаолиятини рағбатлантириш, шунингдек, коронавирус пандемиясига қарши кураш пайтида аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.

Тадбир давомида гуруҳ координаторлари томонидан 100 кунлик тегишли йўналишлар бўйича амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар тақдим этилди.

Қурилишга рухсат бериш тизими соддалашди

Бугунга қадар қурилиш соҳасида салмоқли ижобий ўзгаришларга эришилди. Жумладан, қурилишга рухсат бериш жараёни 84 кунга қисқартирилди. Шу билан бирга, рухсатномаларни бериш муддатидаги кечикишни оптималлаштириш ва бартараф этиш бўйича кейинги ишлар давом этмоқда.

Тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳар бири рухсат бериш жараёнига жалб қилинган Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда ўзларининг ҳудудий органлари фаолиятини назорат ва мониторинг қилишнинг электрон тизимини яратиш учун онлайн платформани бирлаштирмоқда.

Рухсатномалар бериш жараёнида иштирок этувчи тегишли вазирлик ва идоралар томонидан уларнинг ҳудудий органлари фаолиятини назорат қилиш ва мониторингини олиб бориш электрон тарзда тизимли йўлга қўйиш юзасидан электрон ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Шаҳарларнинг бош режалари ишлаб чиқишдаги қулайликлар

Акселератор гуруҳи томонидан 100 кунлик муддат ичида “Ҳудудларни ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби, ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тўғрисидаги йўриқнома қайта ишлаб чиқилди.

Йўриқномани қайта ишлаб чиқишдан асосий мақсад шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишни соддалаштириш, ишлаб чиқиш учун ажратилаётган маблағларни тежаш, ишлаб чиқилган шаҳарсозлик ҳужжатларини тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиш соҳасида бир қатор қулайликлар яратилиши кўзда тутилган. Жумладан, ҳар бир туман, шаҳар, шаҳарча ва қишлоқ (овул) аҳоли пунктлари бўйича маҳаллий ҳокимлик органлари томонидан ҳокимликнинг электрон сайтида маълумотлар базасини ташкил этиш тартибини жорий этиш орқали бошланғич маълумотларни олиш жараёни соддалаштирилди.

Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича белгиланган тартибни соддалаштириш орқали иш ҳажми қисқартирилди.

Шаҳарсозлик ҳужжатларини тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри хокимликлари ҳамда ҳудудий бошқарма ва бўлимлар билан электрон тартибда келишишни жорий этиш белгиланди.

Буюртмачи томонидан киритилганидан сўнг бош режаларни ишлаб чиқиш муддати 12 ойдан 10 ой муддатга қисқартирилиши кўзда тутилди.

Бош режаларни ишлаб чиқиш учун ажратилаётган маблағларни 3–19 фоизгача камайтириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.

Коммунал хизматлар соҳасидаги муаммолар ҳал қилинади

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида уй-жой коммунал хизматларининг барча ҳисоб-китоб тизимидаги маълумотлар қайта ишланди ва истеъмолчиларнинг ЖШШИР (ПИНФЛ) рақамларини коммунал корхоналарнинг биллинг тизимларига киритиш ва доимий маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди.

Лойиҳа доирасида коммунал хизмат корхоналари томонидан 20 миллионга яқин истеъмолчининг маълумотлари қайта ишланди. Бундан ташқари, фойдаланувчиларнинг кадастр маълумотларига кириш коммунал хизматларнинг талабларига биноан тақдим этилиши белгилаб қўйилди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришдаги қадамлар

“Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Тошкент вилояти Бўка туманидаги 55 нафар аёлнинг рўйхати тузилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда улар учун малака ошириш курслари ташкил этилди.

Курс натижалари бўйича аёллар юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилди. Уларга Халқ банки, Микрокредитбанк ва Aгробанк томонидан имтиёзли кредитлар берилди.

Лойиҳа вазирлик ва идоралар вакиллари, Бўка тумани ҳокимлиги иштирокида махсус тузилган ишчи гуруҳ томонидан мувофиқлаштирилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг

жамоатчилик билан алоқалар хизмати