Президентимиз “Янги Ўзбекистон” боғида ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда иштирок этаркан, IT дастурчилар, спортчи ва тадбиркорлар қатори биз, бир гуруҳ ижодкорлар ва китобхонлар билан ҳам кўришди. “китобхонлик” кўшкида кечган суҳбат самимийлиги билан эсда қолди. Мулоқотнинг бош мавзуси ватан ва ижод ҳақида бўлди.
Шу аснода хаёлимга бир воқеа келди. Бу йил июнь ойининг биринчи ўн кунлигида Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркий дунё ҳикоялар фестивалида иштирок этар эканман, кунлар ўтгани сайин кўнглимдаги бир хижиллик сира ёзилмади, қайтанга ортди. Адабиёт ва сўзни нақадар қадрламай, муҳташам давралардан нақадар завқланмай, ўзимни эркин тутолмадим; ичимдаги бўшлиқ тўлмади. Бу биринчи марта хорижга чиқишим ва Ватандан узоқда бўлишим эди...
Юртимнинг бир ёш ижодкор фарзанди сифатида унга нақадар маҳкам боғланганимни, ундан айро тушишим билан жисмимда ҳам, руҳимда ҳам ҳеч вақо қолмаслигини англ адим. Буни тасаввур қилиш жуда оғир эди. Мен Ватанни бошқача севишимни тушундим. У менга нақадар зарурлигини ва биз унинг эртасига м асъуллигимизни чуқур ҳис қилдим. Давлатимиз раҳбари китобни, китоб ўқиётган инсонларни, ижод қилаётганларни яхши билишини, кузатишини ва алоҳида қадрлашини айтди.
“Ёш китобхон оила”, “Мушоира”, “Зукко китобхон”, “Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб”, “Ёш китобхон” танлови ғолиблари, ёш ижодкорлар билан суҳбатлашиб, ёзилаётган ҳар бир асар миллат тарихи ва ривожи учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
— Бугунги ёшларимизнинг салоҳияти, дунёқараши, билдирган таклиф ва ташаббуслари, мустақил фикрлаши, келажак ва Ватан ҳақида, ўзининг жамиятдаги ўрни ва масъулияти ҳақидаги қарашлари барча ота-оналар, устоз-мураббийлар қаторида мени ҳам чексиз қувонтиради, — деди Президентимиз тантанали тадбирда.
Мулоқотда филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим беш йилдан бери ўтказилаётган китобхонлик танловининг доимий ҳаками сифатида беллашувнинг бориши, “Ёш китобхон”нинг болаларнинг китобга ва маърифатга ошно бўлишидаги аҳамияти, танлов шаффоф ва одилона ташкил этилгани, ўғил-қизлар ҳаётида катта бурилиш ясаётгани, китобхонлар сафи кескин кенгайгани ва энг муҳими, мутолаа ёшлар орасида оммалашаётгани учун миннатдорлик билдирди. “Элни маърифатли этиш жадидларнинг энг улуғ орзуси эди. Мана бугун бизнинг “Китобхонлик” кўшкимиз ҳам жадидларимиз сиймолари билан безанган.
Жадид бобомиз, оташин шоир Чўлпон: “Кишан кийма, Бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!” дея ёшларга хитоб қилган. Мана бугун олдингизда турган китобхон, ижодкор ёшлар шундай ҳур ва озод ёшлардир. Уларнинг ижоди ҳам, дунёси ҳам эркин”, деди Баҳодир Карим. Шу суҳбат чоғида хаёлимдан ўтган асрнинг 20-йилларида Германияга ўқишга юборилган 70 талаба келди. Уларнинг ҳаёти машъум хотиралар билан якунланди.
Аммо уларнинг орзусини рўёбга чиқариш имконияти бизда бор. Ўқисак, ўргансак, интилсак, энг муҳими, Ватанга тиргак бўлсак, боболарнинг руҳи шод бўлади. Ўтган ўқув йилида биргина Президент мактабларини битирган ўғил-қизларнинг 102 нафари ёки 24 фоизи хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида ўқиётгани чиндан таҳсинга сазовор. Энди улар сони ортиши ва мамлакатимиз ёшлари тўлиқ илм йўлига кириши керак.
Маҳмудхўжа Беҳбудий 100 йил аввал миллат ёшларига мурожаат қилиб, шундай деганди: “Эй, ғайратлик ёшлар! Бир-бирингиз ила иттифоқ этуб, жамиятлар барпо қилуб, миллат йўлида хизмат этингиз. Миллат ва халқ сиздан ҳурмат ва яхшилик талаб этадур, нафсоният ва ғурур эмас... Бизнинг ҳаракатсизлигимиз биздан ҳурриятни кеткуриб, яна бошқаларга бизни асрлик даражасига тушурур ва юз йиллар ила кейинда қолиб кетармиз!”
Бобомизнинг сўзлари бугун ҳам ўз долзарблигини, аҳамиятини йўқотгани йўқ. Бу ҳикматларга амал қилсак, юз йил ортда қолмаймиз, аксинча, юз йил илгарилаб кетамиз. Бу йўлда, шубҳасиз, илм-маърифат қанотимиз, таълим эса нажотимиз бўлади.