Хилватмозорда Исҳоқхон тўра Ибратнинг отаси Жунайдуллохожа ва катта боболари Неъматуллоҳ хожа Туркистонийлар мангу қўним топишган. Шунингдек, Ибрат домланинг барча ака-укаларининг қабрлари ҳам шу ерда.

Бу мозорнинг юқорироқ қисмида Мулла Кудинг қишлоғида Неъматуллоҳ хожа Туркистонийнинг авлодлари Иброҳим хожа истиқомат қиладилар. Юз ёш билан юзлашаётган яссавийзода бўлмиш бул зоти бобаракот замонамиз улуғларидандур. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Наманганга келганларида Иброҳим отанинг зиёратларида бўладилар. Иброҳим ота бу воқеани тез-тез эслаб турадилар.

“Ўзбек маърифатпарвари, тарихчи, тилшунос, шоир, публицист, хаттот, матбаачиси 1862 йилда Тўрақўрғонда таваллуд топган дейилади, лекин катта бобомизни шу ерда туғилганликлари тўғрисида гап-сўзлар йўқ эмас. Чунки бор хешу ақрабо шунда мадфун бўлганлар. Ўз даврининг олиму уламоси Яссавийзода Неъматуллоҳ хожа бу жойларга Қўқон хони Амир Умархоннинг таклифи билан Туркистондан келиб ўрнашганлар илму зиё тақатганлар. Шу кўриб турганингиз катта бобомиз қурган чиллахона бўлади”, – дейди Ибратнинг чевараси Хайруллохон.

Хуллас, бу гўшани зиёрат қилмоқ Туркистонга боролмай, Қул Хожа Аҳмад Яссавийни кўролмаганлар учун уни кўрмоқ ва зиёрат этмоқ билан баробардур.

Ибрат 1887-1892 йилларда Истанбул, София, Афина, Рим, Кобул ва Жидда, 1892-1896 йилларда Ҳиндистоннинг Бомбай ва Калькутта шаҳарларида яшаган. У ушбу сафари олдидан шу чиллахонада чилла ўтирган. Қайтгач, Тўрақўрғонда янги усул мактабини очиб, ёш болаларни илм-маърифатли қилишга киришган.

Анвар Икром,

“Намангантуризм” бошқармаси бошлиғи ўринбосари