У қалбимиз садоси, борлиғимиз кўзгуси. Она тилимиз бизни энг қадим аждодларимиз билан боғлаб, ким эканимизни, томирларимиз қайси дарёлардан сув ичганини эслатиб туради. Асрлар бўрони, йиллар силсиласидан омон чиқишнинг йўли битта — тилни йўқотмаслик.
“Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти бу —
унинг миллий тили ва адабиётидир”, дейди Абдулла Авлоний. Абдулла Қодирий эса
тилимизни камбағал дегувчиларга бундай жавоб берган: “Ўзбек тили камбағал тил
эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз
нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”.
Миртемирнинг “Она тилим” шеърини қайта-қайта ўқир экансиз, кўз
ўнгингизга ўзбекнинг бағридек кенг ёбонлари, чексиз боғу бўстонлари, серҳосил
далалари, оқар дарёлари, оналар айтган аллалари, жон томирингга сингиб кетган
булоқлари келади.
Фақат ўзбек тилида дарёлар арслондек айқиради. Фақат ўзбек тилидаги
достонларда мардлар Алпомишдек ор талашиб майдонга чиқади. Ўзбек тилининг
муқаддаслиги Ойбарчин бўлиб садоқатдан сўзлайди.
Дунёнинг энг юксак минбари бўлган БМТ Бош Ассамблеясининг
75-сессиясида давлатимиз раҳбари ўзбек тилида маъруза қилган лаҳзалар
тарихимизга олтин ҳарфлар билан ёзилди. Мамлакатимиз ҳаётида муҳим ўрин тутган
унутилмас маъруза ўзбек тилида янграши тилимизнинг жаҳон майдонидаги
салоҳиятини, муносиб ўрни, обрў-эътиборини, асрий орзу ва армонларини намойиши
бўлди.
“Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор
деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она ватанга эҳтиром ва садоқат деб
билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак. Бу олижаноб
ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она
тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, ватанга меҳримизни амалий
фаолиятда намоён этишимиз керак”, деган эди Президентимиз ўзбек тилига давлат
тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги
нутқида.
Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари дадил одимлаётган юртимизда
барча соҳаларда давлат тилининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг
кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий,
ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва маърифий ҳаётимизда фаол қўлланиб, халқаро минбарлардан
баралла янграмоқда.
Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Алишер Навоий
номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида йўқолиб кетиш
арафасида турган фольклоршунослик йўналиши қайта тикланди. Диалектология,
туркология, матншунослик каби унутилаётган йўналишлар очилиб, илмий ишлар учун
янги имкониятлар яратилди. Мамлакатимизнинг барча олий ўқув юртларида ўзбек
тили ва адабиётини ўрганиш бўйича ўқув дастурлари, дарслик ва қўлланмалар,
рисола ҳамда монографиялар нашр этилиб, илмий анжуманлар ўтаётгани она
тилимизнинг истиқболидан далолат беради.
Адабиётимизнинг буюк вакиллари, ўзбек тилининг жонкуярларига Миллий
боғ ҳудудида ташкил этилган Адиблар хиёбонида қўйилган ёдгорликлар пойида
ўтаётган адабий кечалар, янги асарлар тақдимотлари, илмий-амалий симпозиумлар
она тилимиз ва миллий адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Алишер Навоий номидаги
Миллий кутубхонада ўтаётган китоб тақдимотларига, адабий учрашувларга мамлакатимизнинг
хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган
“Ўзбек тилининг дўстлари” клублари аъзолари ҳам таклиф этилаётгани тилимизнинг
халқаро миқёсдаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
Ўзбек тилидаги романлар, қиссалар, ҳикоялар, достонлар, ғазаллар,
шеърлар, эртаклар, мақоллар орқали қадим тарихни ўрганиб, қаердан
келаётганимизни англаймиз. Қўшиқлар, лапарлар, айтишувлар, термалар билан
тилимизни, онгимизни, ўй-хаёлларимизни нурларга чулғаймиз. Шу тилда
орзу-умидларимизни баён этамиз.
Тўғри, тилимизга эътибор катта. Лекин ҳали муаммолар ҳам етарли. Зеро,
она тилимиз олдидаги қарзимизни бир лаҳза бўлса-да унутишга ҳаққимиз йўқ. Эслаб
кўрайлик, 21 октябрь — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун арафасида
тил ҳақидаги фикру мулоҳазаларимиз, ОАВдаги чиқишларимиз, босма нашрлардаги
муҳокама, мулоҳаза, муносабатларимиз қизигандан-қизийди. Лекин тил байрами
ўтиши билан секинлашади.
Тилимизни асраш ҳақида гап кетганда, кўпчилигимиз шаҳар ва
қишлоқларимиз, йўлларимиз, девору дарвозаларимиз пешлавҳаларида ажнабий сўзлар
ва ёт тиллардаги ёзувлар кўпайиб кетгани, ҳатто айрим жойларда ўзбек тилидаги
ёзувлар орқа ўринга ўтиб, паст қаторга тушиб қолаётгани ҳақида ачиниб
гапирамиз. Аслида, бундай муаммолар кўп...
Она тилимизга эътиборсизликнинг бошланиш жойи мактаб
дарсликларимиздаги камчиликларда. Ўзбек тили ва ўзбек адабиёти дарс соатлари
камайиб кетганида. Ҳар уч йилда ўзгариб турган дарсликларда учрайдиган хатолар,
ғализликлар барчани чалғитиб ташлади. Адабиёт дарсликларида шеъриятга оид дарс
соатлари кам ажратилган. Ўқувчи шеър ёдлаш орқали сўз ёдлайди. Шеър ёдлаш
орқали хотираси мустаҳкамланади. Шеър ёдлаш туфайли унда фикрларни жамлаш
кўникмаси ортади.
Минг афсуски, ҳозир аксарият 8-синф ўқувчилари 8 та шеър билмайди.
Ўрта мактабни битириб чиқаётган минглаб ўқувчилар ватан ҳақида битта ҳам шеър
билмаслигини оддий ҳол деб қабул қилиш мумкинми? Ватанпарварлик ўз тилида, ўз
онаси ва ўз юрти ҳақидаги сатрларни қалбига қасамдек жойлашидан бошланмайдими?
Ўзимизнинг гўзал сўзларимиз ўрнига ажнабий сўзларни қўллашга
одатландик. Дарслар рус, инглиз тилларида ўтиладиган мактабларимиз сони кўпайиб
бормоқда. У мактаблардаги аксарият ўзбек болалар ўзбек тилини тушунмайди. Чунки
бундай мактаблардаги она тилидан дарс ўтаётган баъзи ўқитувчиларнинг ўзига ҳам
ўзбек тили қоидаларини ўргатиш керак. Хорижий тилларга ихтисослашган
мактаблардаги ўзбек тили дарсларидаги маълумотлар ўзбек тилли мактаблар
дарсликларидаги маълумотларга тўғри келмаслиги ҳам муаммолар келтириб
чиқармоқда.
ХХ аср бошида олти — ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларида
луғат тузган аллома Исҳоқхон Ибратнинг қуйидаги ҳикматли сўзларини унутмайлик:
“Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат
қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром
кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат бу — ватаний ишдир”.
Ҳеч бир жабҳада тилга эътиборсизлик кечирилмаслиги керак. Бугун давлат
рўйхатидан ўтиб олиб, ўз уйидан босмахона очган, ғиж-ғиж хатолар билан
“китоблар” чоп этаётган “тадбиркор”ларнинг бозори чаққон. Хусусий нашрларда чоп
этилаётган асарлардаги қўпол хатолар учун кимдир жавобгарликка тортилмас, улар
устидан назорат ўрнатилмас экан, китобдан ёппасига безиш давом этади.
Ўзбек тили шевалари кўплиги, жозибадорлиги билан оламда ягона. Шевалар
ҳам тил сандиғимизнинг хазинаси. Минг афсуски, шеваларимиз ҳам йўқолиб
бормоқда. Шевалар йўқолиши ҳам тил фожиасидир.
Водийда шамчироғим, паҳлавоним, кўзгавҳарим, воҳада мўнғим, ойнам,
доно қушим, ақлжоним, ақлмирзом, гиргиттоним, нориттоним каби шева сўзлар унутилиб
бормоқда. Ҳозирги ёшлар бу шеваларни билмайди ҳам, тушунмайди ҳам.
Қорақалпоғистон, Хоразм томонларгагина хос бўлган шевалар шу қадар ширинки,
бундай дурдона каломлар фақат доною донишмандлар камол топаётган масканларда
янграши аниқ. Афсуски, қорақалпоқча, хоразмча шеваларни рус тилидан кириб
келган сўзларга қўпол равишда алмаштириб, даврлар нафаси, аждодларнинг бетакрор
овозларини бефарқлик тўзонларига ташламоқдамиз.
Тилимиздаги эна, нана, бийи, ача, оя, бува, бўла, бувак, жезда, жижжи,
жорқин каби минглаб шева сўзларнинг яқин орада йўқолишга юз тутаётгани бор гап.
Шевалар ҳам даврларни ўзига хос ришталар билан боғлаб турадиган тилла занжирлар
эканини унутмайлик. Агар секин-аста шевалар бой берилса, уларнинг ўрнини
тўлдирадиган сўзларни ҳеч қачон тополмаймиз.
Алифбодаги ўлда-жўлда ислоҳотлар, дарсликлардаги сифатсизликлар сўнгги
йиллардаги талаффузимизу тўғри ёзиш қоидаларимизгача бузиб ташламоқда.
Исм-шарифларда Наҳалов — Нахалов, Холтўраев — Халтураев, Жумаев — Джумаев,
Болтабоев — Балтабаев, Ғозиев эса Газиев бўлиб кетгани, Раззаков, Аксакалов,
Тухлиев, Эрданкулов, Куркмасов каби фамилияларнинг қандай пайдо бўлиб қолганига
қизиқсангиз, барисида ўзбек тилига беҳурматлик ва шафқатсизлик ҳосиласини
кўрасиз.
Яна бир гап. Мафкура инсоннинг гўдаклигида тафаккурига нима экса, ўша
билан бир умр яшаб қолади. Бола мактаби номи билан аталган адиб, олим,
мутафаккирнинг кимлигини билгач, уни улуғлайди, у билан ғурурланади, унга
ўхшагиси келади. Мустақилликдан кейин мактабларимиз Алишер Навоий, Заҳириддин
Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек, Фурқат, Муқимий, Қори Ниёзий, Абдулла Қаҳҳор,
Ҳамид Олимжон ва бошқа ўзбек адиблари, олимлари номи билан юритила бошланди.
Ҳозир эса мактабларимиздан номлар олиб ташланиб, рақамлаб қўйилди. Бу қанчалик
тўғри, билмадим?
Менимча, мактабларимизни ўз улуғларимиз номи билан атасак, бу, энг
аввало, миллатимиз маънавиятига, фанимиз, адабиётимиз, тарихимизга, тилимизга
ҳурмат бўлар эди. Ўқувчи биринчи синфдалигидаёқ мактаб дарвозаси пештоқида
буюкларимиз номини тилимизда ўқисин, фахрлансин ва уларга ўхшашни орзу қилсин.
Ўзбек боласининг тили ўз улуғларимизнинг номи ва асарлари билан чархлансин.
Атоқли шоир ва адибларимиз номидаги ижод мактабларида таҳсил олаётган
истеъдодларнинг ўз мактаблари номи билан ғурурланишини улар билан суҳбатларда
эшитиб, қувончга тўламиз.
Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон
ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева,
Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларининг ўқувчилари эришаётган ютуқларда ҳам миллий
адабиётимизга юксак ҳурмат ва садоқат мужассам.
Умумтаълим мактабларини ҳам ватан ва миллат манфаати йўлида умрини
тиккан олимларимиз, миллатимиз фидойилари номи билан аташимиз ёшларда она
тилимиз, адабиётимиз, тарихимиз, миллий қадриятларимизга меҳру муҳаббатни янада
оширишга хизмат қилган бўлур эди.
Мухтасар қилиб айтганда, она тилимиз софлигини биргаликда асраб
қолишимиз шарт ва зарур!
Давлатимиз етакчисининг “Она тилимиз — миллий маънавиятимизнинг
битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш
барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир.
Давлат тилига бўлган доимий эътибор ва ғамхўрлик мамлакатимизда бундан
буён ҳам изчил давом эттирилади”, деган сўзлари ҳар биримизга катта масъулият
юклайди.
Ўзбек тили асрлардан асрларга ўтиб келаётган маънавий хазинадир. Бу
хазинани асраш ҳамда авлодларга софлигича етказиш учун ҳар биримиз масъулмиз.
То ҳаёт эканмиз, бу масъулиятни шараф деб билмоғимиз шарт.
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган маданият ходими,
“Маърифат”
тарғиботчилар жамияти аъзоси