2021 йил октябрь ойида давлатимиз раҳбари “Заковат” интеллектуал ўйинининг финал босқичига ташриф буюриб, ақл беллашувини бевосита кузатган, тадбир сўнгида нутқ сўзлаб, билимдон ёшларни қўллабқувватлаш, уларга шароит яратиш учун кўплаб ташаббусларни илгари сурган эди.
Президентимизнинг “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ана шу ташаббуслар ижросини таъминлашга қаратилган кўплаб вазифалар белгилаб берилди.
Ушбу қарор ўтган йили бошланган хайрли ишларнинг давоми сифатида кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшди, зиммамизга жуда катта масъулият юклади. Энди илгаригидек ишлашга ҳаққимиз йўқ. Давлат раҳбарининг эътиборига муносиб равишда катта ишларни қилишимиз зарур. Зиммамизда интеллектуал ўйинларга, энг аввало, ёшларни қизиқтириб, қамраб олиш вазифаси турибди. Мактаб ёки академик лицей ўқувчиси бўладими, олий таълим муассасаси талабасими ёки уюшмаган ёшларми — барча йигит-қизларнинг, ёш интеллектларнинг ичига кириб боришимиз, уларнинг иқтидори, салоҳиятини юзага чиқариш, илмга рағбатини кучайтиришимиз зарур. Қолаверса, кенг аҳоли ўртасида интеллектуал ўйинни оммалаштириш, корхона-ташкилотларда, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир муассасада “Заковат” бурчагини ташкил этиш вазифаси юклатилган. Шубҳасиз, бу осон иш эмас. Чунки бир умр бошқ а иш билан шуғулланиб юрган одамларга, “Келинглар, интеллектуал ўйин ташкил қиламиз”, десангиз, кулади ёки эриш туюлиши мумкин. Шунинг учун аста-секинлик билан одамларнинг кўнглига кириб боришимиз ва қамраб олишимиз керак. Токи ҳар бир юртдошимиз ўзи мустақил ҳолда китоб ўқишга чоғлансин.
Бу йилдан бошлаб босқичма-босқич умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал ҳамда олий таълим муассасаларида “Заковат” интеллектуал клублари фаолияти йўлга қўйилиши кутиляпти. Ҳудудлардаги Ёшлар марказларида интеллектуал ўйинлар жамоалари учун алоҳида хоналар ташкил этилади.
Мактаблар билан ишлашда бироз қийналишимиз мумкин. Шунинг учун бу борада, албатта, Халқ таълими вазирлиги кўмагига таянамиз. Чунки 10 мингга яқин мактабга кириб боришимиз, “Заковат” турнирини ташкил қилиш ва чемпионни аниқлашимиз лозим бўлади. Ғолиб жамоа аввал туман, кейин эса вилоят миқёсидаги баҳсларда иштирок этади. Унда ғолиб бўлганлар беллашув нинг республика босқичида қатнашади.
Интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб ва совриндор бўлган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари таълимнинг кейинги босқичига базавий тўлов-контракт асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади. Бу жуда катта имтиёз, ёшлар салоҳиятини ошириш, баркамол қилиб етиштиришга қаратилаётган катта эътибор.
Келгуси ўқув йилидан бошлаб интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб бўлган ўқувчи ва талабалар учун йил давомида ҳар ойда бериладиган “Заковат” стипендиясининг жорий этилиши ёшларимиз учун кутилмаган янгилик бўлди. Умид қиламан, бу уларнинг илмга интилишини янада оширади.
Қарорда бу йилдан бошлаб ҳар йили талабалар ўртасида Интеллектуал олимпиада ташкил қилиниши қайд этилган. Унда умумжамоа ҳисобида дастлабки учта ўринни қўлга киритган олий таълим муассасасига Ўзбекистон Рес публикаси Президенти совғаси топширилади. Бу ёшларга жуда катта кўтаринки руҳ беради.
Таълим муассасаларида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал клубларининг координатори бўлган профессор-ўқитувчиларга меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизи миқдорида бир марталик устама тўлаб берилади.
Қарорнинг ҳар бир банди бўйича режа тузиб олганмиз. “Заковат”нинг моҳияти бизга боғлиқ. Уни қандай ташкил қилиш ва қандай ўтказиш борасида тажрибамиз етарли. Қолаверса, ортимизда давлатимиз раҳбарининг ўзи турибди. Президентимиз ишончини оқлаш истаги бизни жуда катта ишларга ундайди.
Зиммамиздаги вазифаларни бажаришда асосан “Заковат” клуби аъзоларига суянамиз. Ички кенгаш аъзолари ҳам “Заковат” клубининг илғор, тажрибали билимдонлари ҳисобланади. Улар билан ҳамиша бамаслаҳат иш олиб борамиз.
“Янги Ўзбекистон” боғига туташ ҳудудда “Заковат интеллектуал ўйинлари клуби” учун алоҳида бино ҳамда “Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси” барпо этилади. Бу ерда математиклар, кимёгарлар, ёш адабиётчилар саройлари қурилади. Уч гектар ҳудуд илмий, интеллектуал марказга айланади. Шаҳарчанинг номи “Заковат” деб аталиши кутиляпти. Кўз олдимга ҳайбатли илм маскани келяпти. Энг билимдон ёшларни ўзида жамлаган марказда нафақат интеллектуал ўйинлар, балки илмий мунозаралар, ақлий салоҳият билан боғлиқ баҳслар ҳам уюштирилади. Бу ерда ёшларнинг интеллек туал салоҳиятини ошириш, уларни руҳлантириш мақсадида машҳур олимлар, жумладан, Нобель мукофоти соҳиблари билан учрашувлар ташкил этилади. Улар билан ёшлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиб, мустаҳкамлаб бориш энг катта вазифамиз бўлади.
Биз Беруний, Хоразмий, Фарғоний каби буюк алломалар авлодимиз. Мана шу ишлар амалга ошиши натижасида буюк аждодларимизга муносиб ворислар етишиб чиқишига ишончимиз комил. Қарорга биноан интеллектуал турнирлар ташкил қилиш, билимдон ёшларни рағбатлантириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш учун компьютер ва мобиль ўйинларни яратган дастурчиларга грант ва субсидиялар ажратиш мақсадида давлат бюджетидан 50 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бу илмга йўналтирилган, интеллектуал салоҳияти баланд ёшларни рағбатлантириш, “Заковат” байроғи остида тўплашга сарфланадиган сармоя. Ҳозир сафимиз тобора кенгайиб бормоқда. Шу йилнинг кузигача сафимиздаги иқтидорли йигит-қизлар сони янада ортади. Буларнинг бири бўлмаса, бири аждодларга муносиб ворис бўлиши мумкин. Бунинг учун эса тамал тоши қўйилди.