Ана шундай улуғ ва тарихий воқеалардан бири – Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилиб, фойдаланишга топширилиши халқимиз учун чинакам улкан маънавий байрам, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бу муҳташам маскан юртимизнинг бой тарихи, бебаҳо маънавий мероси, асрлар давомида шаклланган илм-маъ­рифат анъаналарининг ёрқин тимсоли сифатида барпо этилди. Зеро, муқаддас динимиз инсонни доимо илмга, маъри­фатга, эзгулик ва комилликка чорлаб келади. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган оятидаёқ “Иқро!”, яъни “Ўқи!” деб амр қилингани ҳам бу йўлнинг нақа­дар улуғ ва шарафли эканини кўрсатади. Марказнинг Улуғбек дарвозаси пештоқи­га ушбу муборак оят муҳрлаб қўйилгани замирида ҳам мана шундай чуқур маъно- мазмун мужассам.

Президентимиз таъкидлаганидек, биз юр­тимизда ривожланган давлат, эркин жамият пойдеворини бунёд этиш учун, энг аввало, илм ва илм, таълим ва яна бир бор таълим деган олий мақсадни ҳаётимизга жорий эт­моқдамиз. Шу маънода, Ислом цивилизация­си маркази нафақат аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни ўрганиш ва тарғиб этишга хизмат қиладиган илмий-маърифий даргоҳ, айни вақтда ўтмиш ва бугунни, анъана ва тараққиётни, маънавият ва замонавийликни ўзаро уйғунлаштирган нодир маскан бўли­шига иймонимиз комил.

Юртимиз замини азал-азалдан илм-маъ­рифат, заковат ва юксак маданият бешиги ўлароқ дунё тамаддунида алоҳида ўрин ту­тади. Мовароуннаҳр диёрида етишиб чиққан буюк алломалар, муҳаддислар, муфассир ва мутафаккирлар инсоният тамаддунига бе­қиёс ҳисса қўшганлар. Уларнинг илмий ме­роси асрлар давомида нафақат ислом олами, балки жаҳон илм-фани тараққиётига улкан таъсир кўрсатган. Айниқса, ҳадис илмининг султони бўлган Имом Бухорий, буюк муҳад­дис Имом Термизий, ақида илмининг забар­даст намояндаси Имом Мотуридий, шунинг­дек, астрономия, тиббиёт, математика ва бошқа фан соҳаларида юксак натижаларга эришган Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби улуғ зотларимиз номи жаҳон илм осмонида ёрқин юлдузлар каби порлаб турибди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал­ламнинг “Илм излаш ҳар бир мусулмон учун фарздир”, деган муборак ҳадислари ҳам бу йўлнинг нақадар муҳим эканини яна бир бор тасдиқлайди. Шу боис, юртимизда илмга ҳурмат, улуғ зотларга эҳтиром ва улар қол­дирган улкан меросни асраб-авайлаш азалий қадриятларимиздан. Ислом цивилизацияси маркази барпо этилгани эса аждодларимиз қолдирган ана шу бебаҳо илмий ва маънавий дурдоналарни янада чуқур ўрганиш, кенг тарғиб этиш, жамоатчиликка ва келажак ав­лодларга безавол етказиш йўлида муҳим қа­дам бўлди.

Муҳташам масканга қадам қўйган ҳар бир инсон, аввало, аждодларимиз қолдир­ган бебаҳо мерос, уларнинг беқиёс илмий ва маърифий фаолияти, бу ерда жамланган манбалар, қўлёзмалар ва илмий экспозиция­лар билан танишар экан, қалбида ўзига хос ифтихор ва масъулият туйғуси уйғониши табиий. Президентимизнинг “Ушбу марказ маънавий-маърифий йўналишдаги фао­лиятимиз учун фундаментал база бўла­ди. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси талабалари юқори курсларни шу ерда ўқийди, ўқитувчи-домлалар эса ўз билим ва малакасини оширади. Марказ ёшларимиз орасидан янги хоразмийлар, беруний ва улуғбеклар, фарғоний ва ибн синолар, бухорий ва термизийлар етишиб чиқиши учун мустаҳкам маънавий май­дон бўлиши керак”, дея ишонч билдириши бежиз эмас, албатта. Демак, марказ ўз мо­ҳияти ва мазмуни билан ўтмиш ва бугунни ўзаро боғлаб турган маънавий кўприк вази­фасини бажармоғига шубҳа йўқ. Айниқса, марказда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига оид бой тарихий ва илмий ман­балар жамлангани юртимиз заминида кеч­ган буюк Уйғониш даврларининг мазмун- моҳиятини чуқур англаш имконини беради. Бу, ўз навбатида, бугунги кунда илгари су­рилаётган Учинчи Ренессанс ғояси нақадар мустаҳкам илдизларга эга эканининг яққол намоёнидир.

Муқаддас Қуръон зали эса ушбу муҳ­ташам масканнинг ҳақиқий қалби сифати­да алоҳида маънавий-руҳий аҳамият касб этади. Чунки бу ерга бутун инсоният учун ҳидоят манбаи бўлган илоҳий калом — Қуръони каримнинг энг қадимий ва нодир нусхаларидан бири бўлган мўътабар Усмон Мусҳафи жойлаштирилган. Ушбу муқаддас китоб асрлар давомида турли замон ва ма­конлар оша неча-неча тарихий синовларга гувоҳ бўлган бебаҳо меросдир. Айрим ман­баларда қайд этилишича, XIV аср охирла­рида Амир Темур томонидан Самарқандга олиб келинган ушбу Мусҳаф бир неча аср давомида асраб-авайланган.

Кейинги йилларда Усмон Мусҳафи Ўз­бекистон мусулмонлари идораси тасарру­фидаги Мўйи муборак мадрасасида сақла­ниб келди. Аллоҳнинг инояти ва юртимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2025 йил 13 ноябрь куни бу ноёб ва муқаддас китоб Ислом цивилизацияси марказининг муқад­дас Қуръон залига олиб келиниб, ўзининг юксак мақомига муносиб шарофатли ўрин­га қўйилди. Бу эса, шубҳасиз, юртимизда муқаддас динимизга, унинг илоҳий манба­сига бўлган юксак эҳтиром ва садоқатнинг ёрқин ифодасидир.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур Мус­ҳаф марказда Ўзбекистон мусулмонлари идо­раси билан бир маконда жойлаштирилди. Бу қарорда ҳам чуқур маъно мужассам: илоҳий калом билан диний идора фаолиятининг бир- бирига уйғун ҳолда бўлиши ислом анъанала­рига тўла мутаносибдир.

Шунингдек, Президентимиз топшириғига биноан, ушбу зал деворларида Қуръони ка­рим оятлари туширилган саккизта ипак ги­ламнинг тўрт равоқда жойлаштирилгани ҳам залнинг маънавий муҳитини янада бойитган. Бу гиламлар гўёки илоҳий каломнинг гўзал ифодаси сифатида қалбларга нур улашади, инсонни тафаккурга, ибрат олишга чорлайди. Зеро, Қуръони каримда: “Албатта, бу Қуръ­он энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур”, деб марҳамат қилинган. Дарҳақиқат, бу муқаддас китоб инсоният учун ҳидоят, қалблар учун шифо, ҳаёт учун дастурдир. Бундай муқаддас масканда бўлиш инсон­ни ўз-ўзидан тафаккурга чорлайди, қалбида шукр, ихлос ва эзгуликка интилиш туйғула­рини уйғотади.

Яна бир масала хусусида ҳам тўхталиб ўтишимиз жоиз. Юртимизда амалга оши­рилаётган ана шундай улуғ ишлар, барпо этилаётган маънавият масканлари, қайта тикланаётган муқаддас қадамжолар ва бунёд­корлик ишларининг барчаси халқимизнинг қалбида шукр, ифтихор ва умид туйғуларини янада мустаҳкамлаётганининг шоҳиди бўлиб турибмиз. Яратган Роббимизга ҳамдлар бўл­синким, ана шундай хайрли ишлар юртимиз­да кенг қулоч ёймоқда. Минглаб, миллионлаб юртдошларимиз бугун қўл очиб, Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, эзгу иш­лар бардавом бўлиши учун дуо қилмоқдалар. Бу дуолар, иншааллоҳ, ижобат бўлиб, диё­римизда янада кўпроқ барака ва файз-зараф­шонлик қарор топади.

Шу ўринда барча уламо ва мўмин-мусул­монлар номидан юртимизда маънавий-маъ­рифий соҳадаги улкан ислоҳотлар, муқаддас қадамжоларни обод этиш, ислом қадриятла­рини асраб-авайлаш йўлида кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун давлати­миз раҳбарига самимий миннатдорлик из­ҳор этамиз. Бу каби эзгу ишлар, шубҳасиз, халқимиз қалбида чуқур эҳтиром ва розилик туйғуларини уйғотмоқда.

Аллоҳ таолодан мана шундай муборак Ҳайит айёмларида дуо қилиб сўраймиз, юр­тимиз тинч ва осойишта бўлсин, халқимиз фаровон ва бахтли яшасин, амалга ошири­лаётган барча хайрли ишларга Ўзи барака ато этсин. Юртимизга кўз тегмасин, эл- юртимиз осмони мусаффо, барчамизнинг эзгу ниятларимиз ижобат бўлсин. Аллоҳ таоло доимо диёримизни тинчлик ва хотир­жамлик неъмати ила сийласин.

Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,

Ўзбекистон мусулмонлари

идораси раиси, муфтий