Бугун жамиятимиз улкан ислоҳот ва ўзгаришлар руҳи билан яшамоқда. Янги Ўзбекистон “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя асосида ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Ана шундай тарихий бир шароитда давлатимиз раҳбари томонидан миллий маънавиятимиз, маданият ва санъатимиз, адабиётимиз ривожига, жамиятда китобхонлик маданиятини ошириш масалаларига жуда катта эътибор қаратилмоқда-ки, бу бежиз эмас, албатта. Чунки бу соҳалар – юртимизда барпо этилаётган Учинчи Ренессанснинг таянч устунларидан бири ҳисобланади.
2020 йил 19 октябрда Президентимизнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур тарихий ҳужжатда Алишер Навоийнинг илмий ва ижодий меросини янада чуқур ўрганиш ва оммалаштириш, асарларини нашр қилиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Ўзбек халқининг улуғ фарзанди, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг бебаҳо илмий-ижодий мероси нафақат бизнинг халқимиз миллий маданияти ва адабий-эстетик тафаккури ривожида, балки жаҳон адабиёти тарихида ҳам алоҳида ўринга эга. Улуғ шоир ўз асарларида она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини, бутун жозибаси ва латофатини бор бўй-басти билан кўрсатиб берди.
Мавлоно Абдураҳмон Жомий “замон ва маконни ўз измига бўйсундирган зот” деб таърифлаган, Заҳириддин Муҳаммад Бобур “беназир шахс” дея юксак баҳо берган мумтоз шоирнинг ижоди ва шахсияти асрлар давомида миллионлаб инсонлар учун комиллик маёғи вазифасини ўтаб келмоқда.
Кеча пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида буюк мутафаккир ва шоир таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали адабий-бадиий кеча ҳам улуғ аждодимизга юксак эҳтиром рамзи бўлди.
Анжуманда таниқли давлат ва жамоат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар, кўплаб хорижлик меҳмонлар, ижодий ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов тадбирда сўзга чиқиб, кейинги йилларда юртимизда Алишер Навоий даҳосига кўрсатилаётган юксак эҳтиром, буюк шоирнинг адабий ва илмий меросини оммалаштириш борасида қилинаётган тизимли ишларга алоҳида тўхталди.
Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори Шуҳрат Сирожиддинов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон алломанинг миллий адабиётимиз ва маънавиятимиз юксалишидаги беқиёс ўрни ҳақида фикр юритдилар. Шунингдек, анжуманда иштирок этган хорижлик олимлар ҳам Алишер Навоий ижодининг умуминсоний аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
– Яқинда Туркий давлатлар ташкилоти томонидан Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотини таъсис этишга қарор қилингани жуда катта тарихий воқеа бўлди, – дейди Озарбайжон Миллий Фанлар академиясининг Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти бўлими мудири Алмаз Улви Биннатова. – Зеро, туркий халқларнинг кўплаб улуғ намояндалари ҳазрат Навоийни ўзларига маънавий устоз деб билиб, унинг ижодидан илҳомланиб гўзал асарлар яратишган. Бинобарин, бу эзгу ташаббус қардош халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Адабий-бадиий кечада Алишер Навоий асарлари асосида таниқли санъат усталари томонидан тайёрланган бадиий дастур иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Тадбирда Алишер Навоийнинг янги нашрдан чиқарилган китоблари, унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий-бадиий ҳамда санъат асарлари кўргазмаси ҳам ташкил қилинди.
Фозил ФАРҲОД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати раҳбари.