Биринчиси – Дубай – дам олувчилар учун.

Иккинчиси – замонавий Дубай маданияти.

Учинчиси – дунёдаги энг замонавий меҳмонхоналар ва барча манзилларда юқори сервис хизмати кўрсатувчи хушмуомала ходимлар.

Бу фикримизга Дубай туризм ва тижорат маркетинги департаменти томонидан ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар учун ташкил этган пресс-тур давомида тўлиқ ишонч ҳосил қилдик.

Тарих ва келажак уйғунлашган икки музей

Фикримизча Дубайга саёҳатни тарихий ва замонавий мўъжизаларга бой, ҳайратларга тўла бу шаҳарнинг яқин ўтмишини ўрганишдан бошлаган маъқул.

Дубай кейинги 60 йил давомида тубдан ўзгарган. Агар 50-60 йил аввалги Дубайга борсангиз, сизни саҳродаги пастқам уйлар, қум кўчалар ва саноқли эски автомобиллар қарши олиши мумкин. Шунда сиз кўп ўтмай Дубайда дунёдаги энг баланд бинолар қурилиши, замонавий технологиялар билан жиҳозланган янги шаҳар пайдо бўлиши, бу ерда энг қиммат машиналар ҳаракатланиши, хуллас барча қитъалардан саёҳатчилар келадиган туристик шаҳарга айланишини тасаввурингизга сиғдира олмаган бўлардингиз.

Ҳа, шундай. Замонавий Дубай бугун дунёдаги энг йирик мегаполис шаҳарга айланган. Бу қандай бошланган эди?

Агар сиз шаҳарнинг 2 декабрь кўчасида жойлашган Etihad Museumга борсангиз ана шу тарихий эврилиш ҳодисасига гувоҳ бўласиз.

“Etihad” – ўзбекчада “Бирлик” маъносини англатади. Яқин ўтмишда Иттифоқ Уйи (Union House) бўлган мўъжазгина расмий қароргоҳда 1971 йил 2 декабрь куни Бирлашган Араб Амирликлари тарихида янги тараққиёт даврини бошлаб берган сиёсий келишувга эришилади. Шу куни Араб дунёсидаги олти амирлик (Абу-Даби, Дубай, Шаржа, Ажман, Умм ал-Кувайн ва Фужайра) бирлашади ва кўп ўтмай улар сафига яна бир амирлик – Расул-Ҳайма ҳам қўшилади.

Қудратли юксалишга йўл очган бу яқин тарих ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин уни кўз олдингизда жонлантириш учун Etihad Museumга бориб кўришингиз керак бўлади.

Ҳозирча эса биз сизга музей ҳудудида жойлашган Иттифоқ Уйидаги музокаралар хонасида амирликлар етакчилари бирлашиш учун ўтириб битим имзолаган доира шаклидаги стол-стуллар ўз ҳолича сақланиб турганини, БААнинг ўша йили қабул қилинган Конституцияси сақланаётганини, Амирликларнинг ўша вақтдаги етакчилари фойдаланган буюмлар борлигини, шунингдек, 1971 йилдаги бирлашиш жараёнига бағишланган видеотасвирлар ҳам тасаввурингизни бойитишини айтишимиз мумкин холос.

Яна бир гап. Бугун БАА фуқаролари нафақат қадим тарихини яхши билади, балки яқин ўтмиш хотираларига юксак ҳурмат кўрсатиб, бирлашган Араб дунёсининг шонли йўли билан ҳақли равишда фахрланади ҳам.

Хуллас, биз юқорида айтган тараққиёт ҳодисаси айнан шу даврдан, яъни Араб Амирликларининг бирлашиш йўлидан бошланган эди. Ўтган қисқа давр мобайнида бу Амирликларнинг ҳар бири дунёдаги энг илғор цивилизация ўчоғига айланиб улгурди. Бу ҳақда бутун дунё яхши билади.

Энди гап Museum of the Future – Келажак музейи ҳақида. Агар сиз Дубайга борсангизу Келажак музейига кириб, унинг фалсафий моҳиятини англаб етмасангиз, билингки, бугунги таҳликали дунёда инсониятнинг яшовчанлик қудратини оширадиган реал ҳаракатлар билан танишиш имконини бой бериб қайтган бўласиз.

Гап шундаки, бу шунчаки музей эмас. Унинг асл фалсафий моҳияти замонавий дунёда инсоният учун янги тенденцияларни очиш учун амалий саъй-ҳаракатларни кенг тарғиб этувчи, келажакни тасаввур қилиб, яшовчанлик моҳиятини англашга ундовчи, инсоний қадриятларни сақлаб қолган ҳолда, одам авлодларини биргаликда ривожланишга чорловчи интилишларни ўзида мужассамлаштирганида намоён бўлади.

Нима учун шундай деяпмиз?

Музейда дунёнинг турли мамлакатларидан келган одамларни учратасиз. Уларнинг диний эътиқоди, ирқи, яшаш тарзи, маданияти турлича. Аммо Келажак музейида уларни бир-бирига боғлаб турувчи мақсадлар бор.

Улардан энг муҳими, бу – табиат ва инсон мувозанатини қайта тиклаш ҳаракати. Шунингдек, инсонларни эзгулик ва тинчлик, меҳр-оқибат ва бир-бирига ғамхўрлик йўлида қалбан яқинлаштириш истаги.

Буларни бир-икки жумла билан таърифлаш мушкул. Яхшиси музейга бориб, кўриб амин бўлган маъқул. Ҳозирча эса сизда дастлабки тасаввурларни уйғотиш учун музей ҳақидаги айрим маълумотларни келтириш билан чекланишни маъқул кўрдик.

Шаҳарнинг асосий кўчаси – Шайх Зайед йўлида жойлашган музей “Dubay Future Foundation” кўмагида 2022 йил февраль ойида очилган. Музей экспозициялари келгуси ўн йилликларда технологияларни ривожлантириш имкониятларига бағишланган.

Музейда доимий кўргазма, иммерсив театр ва тематик кўргазмалар мавжуд. Бундан ташқари, бу ерда “Буюк Араб ақллари” лойиҳасининг штаб-квартираси жойлашган бўлиб, унинг асосий мақсади фаннинг турли соҳалари бўйича 1000 нафар истеъдодли араб олимларидан иборат ҳайъатни тўплашдан иборат.

Келажак музейи бутун дунёда муҳандислик мўъжизаси сифатида кўрила бошланди. “National Geographic” журнали уни дунёдаги энг гўзал 14 музей рўйхатига киритган. Лойиҳа бош муҳандиси Шон Килланинг сўзларига кўра, бинонинг ўзига хос эллиптик шакли Дубайнинг келажак ҳақидаги тасаввурини ифодалайди.

Музейнинг ташқи девори араб хаттотлиги асосида ўймакорлик нақшлари билан безатилган бўлиб, улар контурлари тешик бўлгани ўзига хос дераза вазифасини ўтайди.

Музей деворларига БАА вице-президенти, Бош вазири ва Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал-Мактумнинг сўзлари битилган. “Келажак уни тасаввур қила оладиган, лойиҳалаштирган ва ҳаётга татбиқ эта оладиганларга тегишли. Келажак кутилмайди, балки қўл билан яратилади”, дейилган улардан бирида.

Музейнинг доимий кўргазмаси ташриф буюрувчиларни яқин 50 йил ичида содир бўладиган дунё ўзгаришлари билан таништиради. Бу ерда сиз бутун инсоният ҳаётини яхшилаш ва жаҳон иқтисодиётини мустаҳкамлашга қаратилган инновацияларни кўрасиз.

Ҳар бир қаватда интерактив экспонатлар мавжуд. Асосий эътибор космик тадқиқотлар келажаги, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши муаммолари, соғлиқни сақлаш соҳасидаги инновациялар ва маънавий ривожланишга қаратилган.

Келажак музейидан ташқарига чиқишингиз билан энди сиз кўраётган атроф-муҳит фалсафаси ўзгарган бўлади. Машиналар ҳаракати, одамлар юриш-туриши, табиат неъматлари, тириклик воситалари моҳияти ўзгарган бўлади. Йўқ, улар аслида сиз музейга киргунча бўлган вақтдагидек турибди. Шунда ўзгариш онг остида содир бўлганини сезасиз. Чунки сиз энди яқин келажак ҳақида жонли тасаввурга эгасиз-да.

Келажак тасаввурлари инсонни қанчалик ўзгартириб юбориши – табиат ҳақида қайғуриш, инсонларга меҳрли бўлиш, тинчликнинг қадрига етиш, оламу одамни асраш қанчалик зарурлигини англаб етасиз. Келажак музейининг сиру синоати шунда!

Дубай меҳмонхоналари ва табассум жозибаси

Қарийб бир ҳафта мобайнида ҳамкасбларимиз билан иккита меҳмонхонада яшадик, ҳар бирининг ўзига хос бетакрор ошхонаси ва ўзгача файзи бўлган ресторанларда тамадди қилдик. Бу ердаги сервис хизмати ва ходимларнинг бир муҳим ўхшаш характери борки, у сизга ҳар томонлама қулай ва хотиржам бўлишингиз учун хизмат қилади...

JA Ocean View Hotel – Дубай марказидаги энг ҳашаматли ва юқори сервис хизматига эга беш юлдузли меҳмонхоналардан бири.

Форс кўрфазига яқин жойлашгани, атрофда қулай инфратузилма мавжудлиги, жумладан, супермаркетлар борлиги, жамоат транспортидан фойдаланиш қулайлиги билан ҳам бу меҳмонхона сайёҳлар, хизмат сафари ёки тижорат мақсадида келган чет эллик ишбилармон ва сиёсий доиралар вакиллари билан гавжум.

JA Lake View Hotel – Jebel Ali ҳудудидаги беш юлдузли меҳмонхона бўлиб, яшил боғ ва гольф майдонлари билан ўралган.

Бу меҳмонхона ўз анъаналарига эга. Бу ерда сиз гольф ўйнашингиз, ёввойи ва инсон меҳри билан тартибга солинган дарахтлар, буталар, гулу гиёҳлар ўсиб турган хиёбонлараро сайр қилиб, руҳий ва жисмоний чарчоқлардан соқит бўлишингиз мумкин.

Қўшни жойлашган JA Beach View тармоқ меҳмонхонасидан махсус уловлар сизни денгизга беш дақиқада элтиб қўяди. Тармоқнинг JA бренди меҳмонхоналари нафақат индивидуал саёҳатчилар, балки болали оилалар учун ҳам ажойиб танлов бўлади. Бутун ёз давомида Kids Go Free акцияси доирасида болалар тармоқ меҳмонхоналарида бепул қолиши, шунингдек, махсус таомномага эга ресторанларда овқатланиши мумкин. Бундан ташқари, Дубайдаги истироҳат боғлари, музейлар ва кузатув майдончаларининг эшиклари болалар учун очиқ.

Чет эллик инвесторларнинг замонавий Дубай ва Форс кўрфази соҳиллари ёки сунъий оролчаларда меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари қурилишига сармоя қиритиш имкониятига қизиқиши ортиб бормоқда.

The Heart of Europe – Европа юраги архипелаги ана шу имконият самараси ўлароқ бунёд этилмоқда. Оролчада жойлашган бу мажмуанинг ҳозирча бир қисми – Côte d'Azur Monaco меҳмонхонаси ишга тушган. Бу ерда сизни ажойиб шоулар ва Ёмғир кўчаси ғаройиботлари ҳайратлантириши мумкин.

Албатта шаҳардаги ҳар бир меҳмонхонада ажойиб ресторанлар ва бетакрор таъмли овқатларни тановул қилиш учун имконият бўлади.

Улардан бири – Ginger Moon ресторани. W Mina Seyahi меҳмонхонасида жойлашган бу ресторанда сокин мусиқа садолари остида, Дубайнинг тунги манзарасини томоша қилган ҳолда бетакрор мазали таомлар танвовул қилишга нима етсин.

Кундузи панорамали бассейн ёнидаги қуёш креслосида дам олишингиз, кечқурун эса ошпазларнинг ажойиб меҳнатига ҳурмат бажо келтирган ҳолда, террасада овқатланишингиз мумкин.

Ресторан ёрқин фируза ва теракота акцентлари билан тўлдирилган, бамбук ва тўқилган раттан мебеллари эса қулай муҳит яратади.

Биз сервис хизмати ва ишчи-ходимларнинг бир муҳим ўхшаш характери ҳақида айтган эдик. Дубай ресторанлари ва меҳмонхоналарида хизмат қилаётган барча ходимлар мулойим табассуми билан ажралиб туради. Бу табассум жозибаси сизни Дубайга яна келишга чорлаб туради.

Боиси, меҳмонхоналар ёки ресторанлар ходимлари ҳар бир меҳмонга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб, ички хотиржамлик кайфиятини уйғотишга ҳисса қўшади. Бу саёҳат қилиш ва мароқли ҳордиқ чиқариш учун энг муҳим сабабдир.

Баландликка интилиш ва юксалиш шукуҳи

Бурж Ҳалифа дунёдаги энг баланд бино эканини биламиз. Уни ўз кўзи билан кўриш ва баландлик завқидан баҳраманд бўлиш учун дунёнинг барча мамлакатидан келадиган сайёҳлар оқими узилмайди.

Афсонавий осмонўпар бино Бурж Ҳалифа нафақат дунёдаги энг баланд бино ва муҳандислик санъати дурдонаси, балки замонавий Дубайнинг асосий рамзларидан бири ҳисобланади.

Баландлиги 828 метр бўлган бу бино Dubai Mall ёнида жойлашган. Бинога кираверишдаёқ кишини қандайдир ҳаяжонли туйғулар чулғаб олади. Эҳтимол бу юксакликнинг ўзига хос шукуҳидир.

Бурж Ҳалифада иккита кузатиш майдончаси мавжуд. Булар – 124 ва 125-қаватлардаги ва 148-қаватдаги дунёдаги энг баланд кузатув майдончалари.

Гименокаллис гулининг геометрияси осмонўпар бинонинг меъморий концепцияси учун асос сифатида олинган. Марказий ўқ атрофида учта “қанот” мавжуд. Юқоридан қаралганда Бурж Ҳалифа пиёз гумбазига ўхшайди. Бу ислом меъморчилигида анъанавий қўлланиладиган элемент ҳисобланади. Осмонўпар бино атрофида кўплаб ресторан ва дўконлар, рақсга тушадиган Дубай фаввораси ва бошқа сайёҳлик манзиллари жойлашган.

Биз 125-қаватгача чиқдик. Бу ердаги кузатиш майдончасидан замонавий Дубайни томоша қилар эканмиз, хаёлимиздан шундай ўйлар ўтди: Дубай баландликка иштиёқманд шаҳар. Негаки, қадим саҳро бағрида қисқа фурсатларда қад ростлаган замонавий Дубай биноларининг барчаси баланд қилиб қурилган ва ўзига хос бетакрор кўриниш касб этган.

Инсон қўли билан яратилган мўъжизаларга тўла бу шаҳар кишини ҳайратга солади. Шунинг билан бирга, агар хоҳиш ва истак бўлса, инсоният бундан-да ажойиб маконлар қуриши мумкинлигига ишонч ҳосил қиласиз.

Дубайга юқоридан туриб назар солсангиз юксалиш шукуҳидан ҳам баҳра оласиз. Бу юксалиш хоҳ иқтисодий, хоҳ ижтимоий, хоҳ маънавий бўлсин, битта ютуқни англатади, яъни Яратган берган неъматлардан баҳраманд бўлиш, уларни инсоният завқ олиши учун йўналтириш, шу тариқа одамларга муносиб турмуш шароити яратиш.

Бурж Ҳалифага саёҳатимиздан сўнг Dubai Aquarium ва дунёдаги энг чиройли мусиқавий фонтан рақсини томоша қилдик.

Чегарасиз тасаввур ва “яшил” кайфият

Бориб-бориб Дубай саҳролари Жунгли каби ўрмонзорга айланишига ишонасизми? Буни ҳозирча аниқ тасаввур қилиш ва нимадир дейиш қийин.

Аммо шу нарса аниқки, Дубай ҳукумати бугун ўз ҳудудида “яшил” тараққиётга алоҳида эътибор қаратиб келади. Буни сиз йўл бўйидаги яшил иҳотазорлар, дарахтлар, буталар меҳр ва алоҳида дид билан парвариш қилинаётганида ҳам кўришингиз мумкин.

Шунингдек, сиз шаҳардаги Green Planetга ташриф буюрсангиз ёки Aquaventure аквапаркига бориб, ҳордиқ чиқарсангиз яшил табиат, ҳайвонот дунёси ва сув сеҳрининг ажойиб қувватидан баҳраманд бўласиз.

Atlantis дам олиш масканидаги Aquaventure аквапаркига ташриф буюрувчилар, ҳаяжонли сув слайдлари, атракционлар ва бошқа диққатга сазовор жойларда бетакрор таассуротлар билан дам олиши учун барча шароитлар яратилган.

Бу дунёдаги энг катта сув парки бўлиб, энг кўп сув слайдлари мавжуд. Улкан тематик паркда 105 та аттракционга эга учта мажмуа, барча ёшдаги болалар учун ўйин майдончалари, шунингдек, сув спорти анжомлари ижарага олинган хусусий пляж мавжуд.

Бундан ташқари, The Lost Chambers океанариуми экзотик балиқлар, медузалар ва денгизда яшайдиган бошқа жонзотлар гўзаллигидан баҳраманд бўлиш учун ҳам бу ерга ташриф буюришга арзийди.

Green Planetбу метрополнинг ўртасида жойлашган ҳақиқий тропик ўрмон. Бу ерда сиз экзотик флора ва фаунанинг 3000 дан ортиқ турини кўришингиз мумкин.

Мазкур паркнинг тўрт қаватидаги ҳар бир тематик манзара ўрмонларнинг сайёрамиз ҳаётидаги муҳим роли ҳақида сўзсиз ҳикоя қилиб беради. Шаршаралар бўйлаб, ёмғирзорлар аро сайр қилиш сизга унутилмас таассуротлар улашади.

Ҳар икки манзилда ҳам аслида инсоннинг табиат билан қай даражада уйғунлигини ҳис қилиш имкони бўлади. Шунингдек, табиат ва яшиллик оламининг бетакрор жозибаси қуршаб олади ва бу таассурот сизни узоқ вақт тарк этмайди.

Маданиятлар чорраҳаси

Бирлашган Араб Амирликлари ўзининг бой миллий маданияти билан ҳам сайёҳларни ҳайратлантириб келади.

Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Шайх Муҳаммад Маданиятни тушуниш марказига (SMCCU) боришингиз кифоя. Бу ерда анъанавий араб кийимидаги хушмуомала ходимлар миллий маданияти билан бажонидил таништиради.

Марказда сиз ўзингизни қадимий араб оиласига меҳмонга келгандек сезишингиз учун тарихий муҳит яратилган. Бу ерда сиз ҳақиқий араб қаҳваси ва ширинликларини татиб кўришингиз, миллий таомлардан тановул қилишингиз мумкин.

1998 йилда очилган марказда кўплаб турли тадбирлар ўтказилади, жумладан, араб тили дарслари, шаҳарнинг тарихий қисми ва масжидлар ҳақида маълумотлар берилади.

Марказ анъанавий нонушта, тушлик ва кечки овқатларга мезбонлик қилади, улар шаҳар меҳмонлари орасида жуда машҳур. Ходимлар эса амирлик ҳаётининг турли жабҳаларига оид саволларга жавоб беради.

Ҳамкасбларимиз билан бу ерга ташрифимиз чоғида биз ҳам машҳур араб қаҳвасидан татиб кўрдик, ширинликлар, гуручдан тайёрланган таомларни тановул қилдик. Эсдалик учун суратга тушдик.

Оилавий ҳордиқ чиқаринг: la perle шоуси ва атракционлар парки

La Perle ажойиб хореография, ажойиб стунтлар ва энг янги технологияларни ўзида мужассам этган минтақадаги биринчи доимий шоудир.

Афсонавий режиссёр Франко Драгон томонидан яратилган La Perle шоуси БААдаги марварид ясаш анъаналарига бағишланган. Спектакллар ўзига хос аквассенга эга махсус қурилган театрда бўлиб ўтади: аввал унинг устига шаршаралар ва ёмғир ёғади, кейин эса сув бир неча сония ичида йўқолади.

Ҳаво акробатикаси элементлари, бош айланадиган баландликдан сувга сакраш ва жаҳон миқёсидаги санъаткорлар ижросидаги мотоциклда ажойиб стунтлар сизга унутилмас туйғуларни беради.

Дубайга ташрифимиз доирасида биз ҳам дунёга машҳур бу шоуни томоша қилиш бахтига муяссар бўлдик.

Ҳақиқатда ажойиб. Шоу фалсафаси дунёда эзгулик ва ёвузлик ўртасида кечадиган азалий кураш ҳақида кетади. Унда одамларнинг бир-бирига бўлган меҳру муҳаббати ва адолат тантанаси куйланади.

Яна таъкидлаш жоизки, Дубай энг қувноқ актракционлар шаҳри ҳамдир. Шу боис, бу шаҳарга ота-оналар фарзандлари билан келишни маъқул кўришади. Чунки улар дунёдаги энг қувноқ ва машҳур атракционларда учиб, мазза қилиб дам олишади. Масалан, IMG Worlds of Adventure атракционлари нафақат болаларни, балки катталарни ғаройиб саргузаштларга бойлиги билан ўзига ром этади. Бу ерда сиз эртаклар оламига сайр қилиш учун ажойиб имкониятга эга бўласиз. Айниқса, Marvel мухлислари ва юра даври динозаврлари кишига завқ бағишлайди.

Дубайга уюштирилган сафаримиз ана шундай унутилмас таассуротлар билан якунига етди ва ўзимиз кўриб, билиб амин бўлдикки, Дубай йил ўн икки ой, ёздами, қишдами фарқи йўқ – дам олишни хоҳловчилар, шунингдек, дунёдаги инсон ақлу заковати билан яратилган мўъжизаларни кўриш истагида бўлган саёҳатчилар учун энг қулай шаҳар.

Айтганча, йиллик Dubai Summer Surprises харид қилиш фестивали аллақачон бошланган ва 3 сентябргача давом этади.