Президентимиз Мурожаатномаси барча юртдошларимиз, кенг жамоатчилик ҳамда халқаро кузатувчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўйиб, ҳаётимизнинг барча жабҳасида улкан ўзгаришлар юз бераётганини қайд этар экан, 36 миллионли халқимизнинг ҳар бир вакили тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун кўрилаётган муҳим чоралар жадал давом эттирилишини таъкидлади.
Мурожаатномада инсон қадрини улуғлаш ва орзуумидларини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг муҳим мақсадларидан бири эканига алоҳида урғу берилди. Жумладан, “Аввал — инсон, кейин — жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз кераклиги, бу жараёнда, энг аввало, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, фарзандларимизнинг халқаро стандартлар асосида билим олишини таъминлаш куннинг муҳим талаби экани қайд этилди.
Халқимиз фаровонлиги ва жамиятимиз ривожи учун катта ўзгаришларга асос бўлиб хизмат қилувчи мазкур нутқда ёшлар масаласига, хусусан, уларнинг сифатли билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун муҳим ташаббуслар илгари сурилгани биз, соҳа ходимларига катта хурсандлик бахш этиш билан бирга зиммамизга улкан масъулият юклади.
Ёшларнинг сифатли таълим олишини таъминлаш борасидаги туб ислоҳотлар замирида ёш авлоднинг баркамол бўлиб улғайишига қаратилган юксак эътибор, ўғил-қизларни билимли ва ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялаш ғояси мужассам.
Мазкур фикрларга ҳамоҳанг тарзда Президентимиз томонидан кириб келаётган 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном бериш таклиф этилгани барча юртдошларимизнинг кўнглидаги гап бўлди.
Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида барпо этишнинг дастлабки шарти сифатли таълим экани ва энг катта инвестиция, аввало, таълимни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши лозимлиги, шу мақсадда келгуси йилдан бошлаб мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланиши айтилди.
Мурожаатномада таъкидланганидек, 2023 йилдан бошлаб юртимиздаги умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларида мутлақо янгича методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан танлаб олинган биттадан — жами 14 мактабда халқаро таълим тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
“Замонавий жамият учун замонавий таълим” шиори остида бошланган мазкур ташаббус доирасида ўқувчиларнинг аниқ ва табиий фанларни пухта ўзлаштириши ва олган билимини ҳаётда қўллай олиш имкониятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳар бир дарс бўйича амалий машғулотлар ўтказилади ва ушбу жараёнда ўқувчиларнинг ижодкорлик қобилиятини янада ривожлантиришга урғу берилади.
Бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжалланган электрон дарслик ва дастурлар, болаларни муаммони ҳал этиш ва зарур хулосага келишга ундовчи турли ўйин шаклидаги методик ишлар мазкур халқаро таълим йўналишининг асосини ташкил этади. Шу билан бирга, ўқувчиларнинг ўрганадиган фани ва ўқитувчисини мустақил танлаш ҳуқуқи борлиги, мактаб дарсларида болаларнинг ички имконияти ва қобилиятини юзага чиқаришга мўлжалланган педагогик усуллар, замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш машғулотларнинг янада қизиқарли ва самарали ўтишини таъминлайди.
Президентимиз ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадрқимматини ҳимоя қилиш, ушбу мезонни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Албатта, бугунги кунда таълим муассасалари ўқитувчиларини ўз вазифасига алоқадор бўлмаган турли ишларга жалб этиш, улар зиммасига ортиқча вазифаларни юклашнинг олдини олиш бўйича Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳудудий ҳокимликлар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда кескин чоралар кўрилмоқда.
Давлатимиз раҳбари мактаб таълимини ривожлантириш борасида белгиланган қатор муҳим вазифа ва режаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, таълим сифатини яхшилаш ва самарадорлигини ошириш мақсадида янги мактаб бинолари қуриш ва мавжудларининг қувватини ошириш бўйича бошланган ишлар янада кенгайтирилади. Хусусан, 2023 йилда юртимизда 70 та янги мактаб биноси қурилади ва улар замонавий ўқув жиҳозлари ҳамда қўшимча мебеллар билан таъминланади. Мавжуд 460 та умумтаълим мактабида янги ўқув бинолари қад ростлайди.
Жорий йилда тегишли давлат дастурлари асосида 791 та ва “Очиқ бюджет” платформаси орқали 873 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, 120 мингдан ортиқ ўқувчи ўрни яратилди. Охирги тўрт йилда 166 та мактаб биноси қурилди, 2 минг 433 та мактаб биноси реконструкция қилинди ва таъмирланди. Мазкур таълим муассасаларидаги 1 минг 965 та замонавий компьютер синфхонасига халқаро молия институтлари ҳамда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 26 минг дона компьютер жамланмаси етказилди.
Мурожаатномада мамлакатимиздаги барча мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш тартиби жорий этилиши айтилгани халқимиз томонидан катта қувонч билан қабул қилинди. Президентимиз жорий йил бошидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари учун жорий этилган мазкур амалиёт давомида катта тажриба тўплангани ва энди уни мамлакатимиз миқёсида амалга ошириш учун келгуси йилда 2,3 триллион сўм ажратилишини билдирди.
Ҳақиқатан ҳам, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йил давомида Қора қалпоғистон Республикасидаги 726 та умумтаълим мактабида таҳсил олаётган 139 минг 374 нафар ҳамда Хоразм вилоятидаги 549 та умумтаълим мактабида 134 минг 315 нафар бошланғич синф ўқувчисининг бепул овқатланиши ташкил этилди.
Юртимизда яшаётган ёшларнинг сифатли таълим олиши ва келгусида баркамол авлод бўлиб етишишини таъминлашда мазкур нутқнинг тарихий аҳамияти ва ўрни ғоят муҳим. Мурожаатномада келтириб ўтилган ва халқ таълими тизимига тегишли вазифалар соҳада меҳнат қилаётган барча мутасаддилар зиммасига катта масъулият юклайди.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг кенг қамровга эга ҳамда ҳаётимизнинг турли жабҳаларини қамраб олган Мурожаатномаси халқимиз турмуш даражасини янада ошириш ҳамда фарзандларимизнинг билимли ва ватанпарвар бўлиб камол топишини таъминлашдаги долзарб аҳамияти билан барчамиз учун қадрлидир.
Бахтиёр САИДОВ,
халқ таълими вазири