«Иссиқлик электр станциялари» АЖ Россия Федерацияси Энергетика вазирлиги тасарруфидаги Санкт-Петербург энергетика малака ошириш институти билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Ўқув дастурига кўра, айни пайтгача 35 нафар ишлаб чиқариш ходимлари Санкт-Петербург шаҳрида ўз малакаларини ошириб қайтди.
Шунингдек, замонавий «экологик самарадор» энергоқурилмаларга техник хизмат кўрсатиш йўналишида Италиянинг «AC BOILERS S.p.A» компаниясининг тегишли муассасаларида 100 нафардан ортиқ ходимлар малакаси оширилиши ва ўзаро тажриба алмашиш тадбирлари режалаштирилган, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Иссиқлик электр станциялари» АЖ маълумотига таяниб.
— Йил давомида «Навоий ИEС» акциядорлик жамиятининг «Келажак энергетикаси» ўқув марказида 207 нафар, «Ўзбекгидроэнерго» компанияси таълим марказларида эса 150 нафар ходимнинг малакасини ошириш кўзда тутилган, — дейди «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Феруза Турғунова.
Электр энергетикаси йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган мамлакатимизнинг 4 та олий таълим муассасалари 35 нафар юқори босқич талабалари ўтказилган танлов натижаларига кўра шартномалар асосида электр станцияларида ҳақ тўланадиган амалиётга жалб этилди.
Амалиётни муваффақиятли ўтаган ёшлар электр станцияларида доимий иш билан таъминланади.