Пойтахтимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида ана шу мавзуда халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар, академик ҳамжамият вакиллари, шунингдек, чет эллик олим ва экспертлар, халқаро ташкилотлар ва чет эл дипломатик корпуси вакиллари иштирок этди.

Анжуманда ҳозирги даврда турли мамлакатларда конституционализмнинг ривожланиш тенденцияларини аниқлаш ва таҳлил қилиш, бу борадаги илғор миллий ва халқаро тажрибани қиёсий ўрганиш, шунингдек, мамлакатимизнинг Бош қонунини жамиятдаги реал воқеликка, шиддатли демократик ислоҳотлар мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳқам ҳуқуқий пойдевор яратиш масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Таъкидланганидек, ҳар қандай демократик ислоҳотлар мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асосга эга бўлсагина бардавом ва самарали кечади.  Конституция ва қонунлар давр шиддати ва талаби, ислоҳотлар ва халқ эҳтиёжларидан келиб чиқилган ҳолда доимий равишда такомиллаштириб борилади. Биргина XXI асрда 90 га яқин давлатда конституциявий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилди, 57 тасида янги конституция қабул қилинди.

Конференцияда мамлакатимизда сўнгги йилларда янги Ўзбекистонни барпо этиш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ўзаро боғлиқ ва моҳиятан бир-бирини тақозо этувчи туб демократик сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, Ҳаракатлар стратегияси доирасида Конституциянинг 21 та моддасига 9 маротаба 32 та ўзгартириш ва қўшимча киритилгани қайд этилди.

Шу билан бирга, глобаллашув, рақамлаштириш, иқлим ўзгариши ва жадал ўзгариб бораётган давр талаби асосида мамлакатни янада модернизация қилиш, тинчлик, барқарорлик ва миллий мустақилликни мустаҳкамлаш борасида ўта долзарб янги вазифалар қўйилаётир.

Жумладан, янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясида мамлакатни модернизация қилишнинг етти йўналиши бўйича 50 дан ортиқ кодекс, қонун, стратегия, концепция ва дастур кўзда тутилган, 100 дан ортиқ бошқа ташаббус илгари сурилган.

– Конференция иштирокчилари Тараққиёт стратегиясида илгари сурилган мақсадларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши мамлакатда демократик ислоҳотларни янги сифат босқичига олиб чиқишига алоҳида тўхталиб ўтди, – дейди Барқарор ривожланиш маркази директори Маъруфжон Усмонов. – Бу, биринчи навбатда, “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” устувор тамойилини тўлиқ амалга ошириш билан боғлиқ. Шу ўринда қайд этиш лозимки, инсон қадр-қиммати фуқароларнинг тинч ва хавфсиз ҳаётини, асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, муносиб турмуш шароитини таъминлаш ва замонавий инфратузилмани яратиш, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя ва соғлом экологик муҳитни яратиш демакдир. Тараққиёт стратегиясида “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” принципини ҳаётга татбиқ этиш бўйича конституциявий нормани мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жаҳон тажрибасига кўра, ижтимоий давлат – бу рақобатли бозор иқтисодиёти, турли пандемия ва эпидемиялар шароитида ўз фуқароларига муайян минимал фаровонликни кафолатлайдиган давлат. Бу жамият тузилмасини ташкил этишнинг муайян бир шакли бўлиб, унинг мақсади инсонни шахс сифатида намоён этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда давлатни такомиллаштиришнинг ҳуқуқий кафолатини таъминлайдиган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муносабатларни юқори даражада ривожлантиришдир.

Анжуманда конституциявий ислоҳотлар жараёнида устувор даражада эътибор қаратиш лозим бўлган қатор масалалар муҳокама қилинди.

Халқаро конференция иштирокчилари муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашди ва тегишли тавсияларни илгари сурди.