Турар жой ёки бино-иншоот қуриб, ундан узоқ йиллар фойдаланишни мақсад қилган ҳар қандай киши биринчи галда, иморат пойдеворини мустаҳкам қурилиш материалларидан барпо этишга интилади. Илм-фан ва инновацион технологиялар тобора ривожланиб бораётган бугунги дунёда энергиятежамкор, арзон ва сифатли қурилиш материалларига талаб ортган.

Биргина мисол, охирги йилларда ривожланган давлатларда иншоотлар қурилишида ғишт ўрнига энергиятежамкор газобетондан фойдаланиш кенг оммалашиб улгурди. Баъзан “сунъий тош” деб ҳам аталувчи газобетон таркибидаги 1-3 миллиметрли пуфаклари туфайли оддий бетон ва ғиштдан анча енгил, етарли даражада мустаҳкам, ҳажмлардаги аниқлик, сейсмологик ҳолатларга бардошли, шовқин қайтарувчи, иссиқ ва совуқдан яхши ҳимоялаш каби афзалликлари билан ажралиб туради. Соддароқ айтганда, 1 метр куб ғишт 1800—2000 килограмм оғирликка эга бўлса, шу ҳажмдаги газобетоннинг оғирлиги атиги 500-700 килограмни ташкил этади. Асосийси, у табиий газни 8 марта кам сарфлайди. Шу боис, ғовак бетоннинг бир тури бўлган газобетон ҳозирги кунда энг замонавий қурилиш материаллари қаторидан жой олмоқда.

Мамлакатимизда ҳам ушбу қурилиш материалини ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш, бу йўналишда жаҳон тажрибасини қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан газобетон ишлаб чиқариш бўйича бир қатор инвестицион лойиҳалар амалга оширилиб, янги корхоналар фаолияти йўлга қўйиляпти. “Ўзчармсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг илк ойларида Тошкент вилояти Олмалиқ туманида фойдаланишга топширилган автоклав газобетон ишлаб чиқарувчи “Arton” компанияси ана шундай катта лойиҳалар маҳсули. Айни пайтда “East Manning Invest” МЧЖ шу турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш бўйича мамлакатимиздаги энг йирик корхона бўлиб, унинг йиллик қувватини ҳозирги 200 минг куб метрдан 500 минг куб метрга етказиш кўзда тутилган.

Маҳаллийлаштириш 97,7 фоизга етди

Корхонада иш жараёни замонавий технологиялар ҳамда Германиянинг “Wehrhahn GmbH” компаниясида тайёрланган сўнгги русумдаги энергиятежамкор ускуналар ёрдамида амалга оширилади. Ишлаб чиқариш тўлиқ автоматлаштирилган. Маҳсулот тайёрлаш жараёнларига хорижий ва маҳаллий етук мутахассислар жалб этилиб, 72 та иш ўрни ҳам яратилган. Ходимларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежи битирувчилари бўлиб, Туркиядан таклиф этилган 20 йиллик иш тажрибасига эга 6 нафар мутахассис уларга ускуналардан фойдаланиш йўл-йўриғини ўргатиб туради. Ёз ойларида Германиядан қўшимча ишлаб чиқариш техникалари олиб келиниши ҳисобига йил охирида корхона тўлиқ қувватда ишлай бошлайди ва иш ўринлари сони 150 тадан ошиши режалаштирилган.

— Заводда илм-фан ютуқлари ва инновацион технологиялар асосида чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш мақсадида соҳа олимлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳисобига жаҳон стандартларига мос маҳсулот ишлаб чиқаришга эришяпмиз, — деди “East Manning Invest” МЧЖ бош директори Зоиржон Орипов. — Харидорга сифатли товар тақдим этиш учун унинг таркибини сифатли хомашё билан бойитиш зарур. Масалан, яхши автоклав газобетон ишлаб чиқариш учун кварц қуми таркибидаги кварц миқдори камида 85 фоиз бўлиши керак. Бу жаҳон стандарти талаби. Биз ана шу талаб асосида нафақат кварц қуми, балки цемент ва оҳакнинг ҳам сифатлисидан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун мамлакатимизда зарур хомашё захираси мавжуд ва газобетоннинг 97,7 фоизи маҳаллий маҳсулотлардан тайёрланади. Бу эса нарх ва сифат уйғунлигини кафолатлайди. Шу боис, ҳозирда корхонамиз маҳсулотлари исталган хорижий брендлар билан тенглаша олади, деб бемалол айта оламан.

Сифатли ва мустаҳкам маҳсулот ишлаб чиқариш осон иш эмас. Завод мутахассисларининг айтишича, маҳсулот тайёр ҳолга келгунга қадар бир неча соат давом этадиган 5 та технологик босқичдан ўтади. Бунда қурилмаларнинг бари махсус йўлаклар бўйлаб занжир мисол кетма-кетликда мустақил ҳаракатланади.

Катта ускуналарга солинган хомашёлар тегирмонга жўнатилиб, сув ва шарлар ёрдамида обдон майдалангач, лаборатория текширувларидан ўтказилиб, сўнг улардан газобетон қоришмаси тайёрланади. Қолипларга қуйилгач, 3 соат давомида махсус хоналарда сақланади. Кейинги босқичда керакли ҳажмларда кесилган ярим тайёр маҳсулот Туркиядан келтирилган автоклав ускунасида 12 соат давомида 180 градус иссиқликдаги буғ ёрдамида пиширилади. Бу вақтда операторлар махсус хонада жараённи кузатиб боради.

Одатда, газобетонларнинг ҳажми стандарт талаби бўйича ишлаб чиқарилади. Яъни, узунлини 625, баландлиги 250 миллиметрдан ўзгармайди. Қалинлиги эса харидор талабига кўра 100 дан 500 миллиметргача ўлчамда тайёрланади. Шунинг ҳисобига у енгил ва ташишга қулай.

Бугунги кунда барча соҳалар, айниқса, қурилиш тизимида энергия тежамкор маҳсулотлардан фойдаланишни даврнинг ўзи тақазо этмоқда. Бир қанча афзалликларга эга автоклав газобетонлар эса ана шу талабга жавоб беради. Бундан ташқари, у асосан маҳаллий хомашёдан тайёрлангани боис, тан нархи шу турдаги бошқа қурилиш материалларидан бир неча баробар арзон.

Маҳсулот сифатли бўлса, унга талабгор доим топилади. Корхона ҳозирда маҳаллий йирик ташкилотлар билан ҳамкорлик келишувларини имзолаган. Узоқ йиллар давомида ўз мустаҳкамлигини сақлаб турадиган газобетонларга аҳоли орасида ҳам қизиқиш ортиб бормоқда. Тадбиркорлар яқин йилларда ушбу маҳсулот нафақат йирик иншоотлар, балки халқимиз хонадонлари қурилишида кенг фойдаланилишига ҳисса қўшишни мақсад қилган.

Тез орада корхона фаолиятини кенгайтириш кўзланган ниятлардан яна бири. Республикамиз аҳолисининг газобетонга бўлган талабини қондириш мақсадида Фарғона водийси, Хоразм, Навоий вилоятларида ҳам ана шундай инновацион завод қуриш режалаштирилган. Келгусида тайёр маҳсулотнинг 30 фоизи қўшни давлатларга экспорт қилинади.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири