Олиб борилган катта ҳажмдаги модернизация ишлари натижасида ГEС-14нинг қуввати 2 маротаба оширилиб, ҳар бирининг қуввати 7,5 МВт бўлган иккита гидроагрегат ўрнатилиши натижасида умумий қувват 15 МВтга етказилди. Гидроагрегатлар комплекси тўлиқ синовлардан ўтказилиб, ишга туширилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ГEС-14 нинг юқори қувватларда ишга туширилиши ҳудуд иқтисодиёти, саноат корхоналари ривожи, халқимиз фаровонлиги, маҳаллий аҳоли маиший турмушининг янада яхшиланиши йўлидаги муҳим қадамлардандир.

Алоҳида қайд этиш жоизки, ГEС-14 модернизацияси жараёни жорий 2020 йилда юқори суръатларда давом эттирилиб, фидойи гидроэнергетик ишчи-ходимлар томонидан олиб борилган изчил ва самарали фаолият, юқори саъй-ҳаракатлар натижасида белгиланган муддатларда якунига етказилди.

Янги қувватларда фаолият юритишни бошлаган ГEС-14 Тошкент вилоятининг 50-60 мингга яқин аҳоли хонадонларини электр энергиясига бўлган талабини самарали қондиришга хизмат қилади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Таъкидлаш жоизки, Гидроэнергетика соҳасининг тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГEСлар қурилаётган, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар ҳудуд аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишга, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан таъминланишига, том маънода, ҳудудларнинг ободлигига замин яратади.