Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида пойтахт вилоятининг Зангиота туманида жойлашган, пластик ва целлофан маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган корхона фаолияти ўрганилди.

Текширув чоғида аниқланишича, ушбу объектда чиқиндиларни белгиланган технологиялар асосида қайта ишлаш ўрнига, улар тўғридан-тўғри ёқиб юборилган. Бундан ташқари, корхона ҳудудидаги темирчилик устахонасида ҳам турли чиқиндилар мунтазам равишда ёқиб келинган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, пластик ва бошқа чиқиндиларнинг очиқ ҳавода ёқилиши натижасида атмосферага инсон саломатлиги учун ўта хавфли бўлган канцероген моддалар ва заҳарли тутун тарқалган. Бу эса атрофдаги аҳоли саломатлигига жиддий зарар етказиши мумкин.

«Давлат аҳоли соғлиғи ва хавфсизлигини устувор деб билмоқда. Ҳавони ифлослантирувчи ва маълум бир гуруҳга фойда келтирувчи ҳеч бир объект жамият манфаатларидан устун бўла олмайди», — дейилади хабарда.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш ишлари бошланган.