Улар тунларда юлдузларга, кундузлари махсус йўл белгилари сифатида терилган тошларга қараб йўлни белгилаган. ХХ асрнинг поездлари бу масофада оқшом йўлга чиқиб, туни билан йўл босиб, манзилга эрталаб етиб келган. У поездларда юрганлар билади: йўловчи вагонлари тор, бадбўй, ўринлар кир-чир бўларди. XXI асрнинг “Афросиёб”и эса шамолдек елиб боради, атрофни кўриб улгурмайсиз. Бу — янги Ўзбекистон тараққиёти суръати ва шиддатининг тимсоли.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг йўлланмаси билан Ёзувчилар уюшмаси
раиси ўринбосари, таниқли шоир Ғайрат Мажид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, филология фанлари
доктори, профессор Нурбой Жаббор ва каминадан иборат ижодий гуруҳ улуғ шоир
номи билан аталган вилоятга Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги олдидан
бўладиган тадбир ва маросимларда иштирок этиш учун йўл олганмиз.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини
кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига кўра,
маданий-маърифий анжуманлар, адабий учрашувлар, тантаналар “Ягона Ватан, ягона
халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя асосида
нишонланмоқда.
Вилоят, айниқса, Навоий кон-металлургия комбинати билан машҳур. Бугун
корхона фаолиятига инновациялар ва илмий-амалий ёндашувлар изчил жорий
этилмоқда. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида янги қувватлар учун зарур ускуна
ва жиҳозлар комбинатнинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда. Дастгоҳсозлик, қуймакорлик,
машинасозлик учун ускуна ва дастгоҳлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган Навоий
машинасозлик заводида импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар тайёрланмоқда.
Навоийнинг яна бир ўзига хос жиҳати табиат мўъжизаси бўлган
Қизилқумнинг катта қисми шу вилоят ҳудудига тўғри келади. Қизилқум — чўл. Катта
чўл. Катталиги шунчаликки, бир одам у четидан бу четигача яёв босиб ўтолмайди.
Меҳнаткаш ва заҳматкаш аждодларимиз бу чўлда асрлар давомида умргузаронлик
қилган. Туя, қўй, йилқи боққан. Айрон, қимиз, шубат ичиб, дўмбира чертиб, ўз
ҳаёти тўғрисида достонлар яратган. Бу достонларни тинглаганда, узоқ-яқин
аждодларимизнинг орзу-армонлари, қувонч-ташвишлари, муҳаббат ва нафрати қалб
кўзингиз олдидан тизилиб ўтади, қулоққа олис-олисдан отлар дупури, туяларнинг
бўкириши эшитилади.
Ижодий сафаримиз комбинатнинг 7-гидрометаллургия заводи
ишчи-хизматчилари ҳузурида маданий-маърифий учрашув билан бошланди. Аввало,
завод ҳаёти, ишлаб чиқариш қувватлари, ходимлар учун яратилган қулайлик ва
шарт-шароитлар билан яқиндан танишдик. Узоқ-узоқлардаги олий ўқув юртлари эмас,
айнан Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ушбу завод учун
малакали муҳандис кадрларни етказиб бераётгани, ишлаб чиқаришдаги барча
мураккаб технологик жараёнларни асосан ана шу дорилфунунда таълим ва таҳсил
олган билимдон, зукко, ихтирочи ёш мутахассислар бажараётгани бизни қувонтирди.
Навоий кон-металлургия комбинати ўн минглаб ишчи-хизматчиси,
мутахассис ва муҳандислари, техника — машиналари, минглаб гектар майдон-ерлари
билан бундайроқ — ихчамроқ бир мамлакатга тенг ҳудудида қишда суякни
қақшатадиган совуғи, ёзда иликни қайнатадиган иссиғи
билан — бутун бор-йўқ нарса-қораси билан ягона вужуд бўлиб, битта тана
бўлиб нафас олади, ўн минглаб юрак бир орзу, бир мақсад билан — битта юрак
бўлиб тепади, битта юрак бўлиб яшайди. Беҳад улкан корхонанинг нариги четидаги
иш жараёни билан боғлиқ бир оддий ҳаракат унинг бу четидаги биргина меҳнат
ҳодисаси билан уйғун келади. Энг чекка кондаги энг чет экскаватор ковшига олган
тиллақумни пўлат рельсларда махсус вагонлар, вагонларни баҳайбат элаклар,
элакларни баҳайбат тегирмонлар, тегирмонларни баҳайбат печлар, печларни
баҳайбат қолиплар кутиб туради. “Қилт” этган бир ҳаракат, бу ҳудудда ҳатто
беташвиш капалакнинг қанот қоқиши ҳам улкан ҳажм ва миқёсдаги ишлаб чиқариш
ташвишларига мос ва мувофиқ келади. Бу ҳудудда кечадиган барча кимёвий, физик,
табиий ҳодисалар, жараёнлар бир-бирини тақозо этади, бири-биридан келиб чиқади
ёки биринчиси бўлмаса, кейингиси ҳам бўлмайди.
Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони
Қувондиқ Санақулов корхонанинг энг муҳим хусусияти ҳақида бундай дейди: “Биз
айрим ўлкалардаги ҳамкасбларимизга ўхшаб, замон эврилишларидан келиб чиқиб, бир
қисм ходимларни қисқартириш эвазига бошқа тоифадаги ходимларнинг маошини
кўтармадик. Бизнинг одамларимиз учун ойликдан ҳам муҳим нарса бор, бу — инсон
қадри. Инсон қадр топган жойдагина рационализаторлик кашфиётлари, ихтиролар
бўлади. Шу мезонга оғишмай амал қилинса, меҳнат унуми ва самараси ҳам юқори
бўлади”.
Дарвоқе, 7-гидрометаллургия заводи ишчи-ходимлари ҳузурида шоирлар
Ғайрат Мажид, Рустам Мусурмон мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишлаб ёзилган
янги — сиёҳи қуримаган шеърларидан ўқиди. Адабиётшунос олим Нурбой Жаббор
мутафаккир шоир Алишер Навоий ижодининг теран миқёси ҳамда бугун учун аҳамияти
хусусида фикр юритди. Учрашув чоғида мамлакатимиздаги ислоҳотлар, янги
Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, давлат мустақиллигининг тарихий аҳамияти,
миллий адабиётимизнинг инсон маънавиятини юксалтиришдаги ўрни, китобхонлик
маданиятини ривожлантириш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш сингари
долзарб ва муҳим мавзуларда айланган суҳбат қизигандан-қизиди. Ташқарида ҳаво
ҳарорати — 40о, совиткич — кондиционер салқинидаги суҳбат ҳарорати ундан ҳам
юқори...
Кончилик ишини миридан-сиригача эгаллаган малакали ва тажрибали
мутахассис-муҳандислар оламга маълум ва машҳур Мурунтов конида бизга иш жараёни
— конда тоғ жинсларини қазиш ва ташиш, замонавий кончилик техникаларининг бир
маромда ишлашини ташкил этиш билан боғлиқ мураккаб иш услуби тўғрисида гапириб
берди. Энг ноёб жиҳати, бир замонлар одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куйган
Қизилқум бағрида турли қимматбаҳо металлар, нодир маъданлар сероб. Мурунтов
қаърида эса олтин зарралари яширингани қадим-қадимдан маълум бўлган. Шу поёнсиз
қумда Мурунтовга етиб олгунча чўл бағридаги неча-неча қудуқдан сув ичишга тўғри
келган. Бу ерда бир кафт ёки бир ҳовуч эмас, йирик кон мавжудлигини биринчи
бўлиб машҳур ўзбек маъданшунос олими, беқиёс ватанпарвар геолог Ҳабиб Абдулла
аниқлаган эди.
Асрларни қаритган Қизилқум бағридаги тилла конида бугун жадал ва
қизғин бораётган иш жараёнини кўриб, кузатиб, ақл шошади. Кон улкан қозонга ёки
катта ўчоққа ўхшайди. Кон тубида ўзининг оғирлиги 200 тонна, юк кўтариш
қобилияти 250 тонна бўлган “БелАЗ” машиналари гугурт қутисидан сал каттароқ
кўринади. Ана энди коннинг нақадар катта, маҳобатли эканини тасаввур
қилаверинг. Пастда улкан экскаваторлар наъра тортиб ишлайди, улкан машиналар
кузовига қимматбаҳо маъдан яширинган қумни ковшлаб ортади. Машиналар
“қозон”нинг чет қирғоғи тасмадек кесиб очилган йўлда айланиб, вазмин юкни
тепага олиб чиқади ва дастлабки ишлов бериладиган ўринга ёки белгиланган жойга
тўкиб қайтади. Узлуксиз давом этадиган бу жараённи кўриб, инсоннинг ақли,
тафаккури, топқирлигига тасанно айтасиз. Ҳозир кўкда — коинотда, денгиз-уммонда
мислсиз даражада кучли кемалар сузиб юрибди. Коннинг спиралсимон “қовурғаси”ни
айланиб, тепага чиқаётган қудратли “БелАЗ” машиналари ҳам коинот кемаларидан
қолишмайди. Фарқи шуки, бири фазода, бири Ер бағрида сузади. Энг муҳими, шу
гигант техникаларни бошқараётган, ишлатаётган ва қаловини топиб
таъмирлаётганларнинг барчаси ўзимизнинг қоракўз, оқкўнгил юртдошларимиздир.
Навоий кон-металлургия комбинати Навоий, Зарафшон, Учқудуқ шаҳарларини
оталиққа олган. Мазкур шаҳарлардаги бунёдкорлик, ободонлаштириш, қурилиш
ишларида комбинатнинг беғараз улуши мавжуд. Шу жиҳатдан Зарафшон шаҳридаги
Алишер Навоий номидаги маҳалла ҳам замонавий, гўзал қиёфа касб этган. Йўл —
йўлдек, йўлак — йўлакдек ястаниб кўзга ташланади.
Гулу гулзор, боғ-роғлар бир-бирига қўл узатган, ойдин кечаларда
тунчироқлар хиёбонларни ёритади. Беш йил олдин ихчам, замонавий типда маҳалла
кутубхонаси қурилган эди. Кутубхона фонди бой, картотекадан маълум бўлдики,
унинг аъзолари кам эмас.
Биз юқорида вилоят, айниқса, Навоий кон-металлургия комбинати билан
машҳур деган эдик. Вилоятнинг яна бир ўзига хос жиҳати, бу — унинг кўп миллатли
эли. Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Халқлар дўстлиги куни
муносабати билан Навоий кон-металлургия комбинати бўлинмаларида ватанпарварлик,
миллатлараро тотувлик ва халқлар дўстлиги ғояларини кенг тарғиб этишга
қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди. Байрам тадбирларида шоир ва
ёзувчилар, олим ва мутахассислар, санъаткор ва сўз усталари иштирок этди.
Кейинги йилларда юртимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликнинг ўзига хос
ибратли модели яратилгани ушбу тадбирларда яна бир карра ўз исботини топди.
Айни мавзуда сўз борганда, аввало, бундан беш йил муқаддам давлатимиз раҳбари
“Халқлар дўстлиги куни”ни белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзолаганини эслаш
ўринли бўлур эди. Шундан буён мамлакатимизда ягона ва аҳил оила бўлиб яшаётган
130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари 30 июлни байрам сифатида нишонлаб келади.
Мазкур байрам — Халқлар дўстлиги куни халқимизнинг тинчлик, дўстлик ва эзгулик
ғоялари мужассам бўлган бой маданияти, урф-одат ҳамда анъаналарини яққол
намойиш этади.
Учқудуқ тумани маданият саройида Халқлар дўстлиги кунига бағишланган
“Ўзбекистон — ягона Ватан!” мавзусида, “Бир уй, бир тақдир, бир оила” шиори
остида, Шимолий кон бошқармаси ишчи-ходимлари, ҳарбийлар ва маҳаллий аҳоли
иштирокида дўстлик фестивали ўтказилди. Маданият саройи жамоалари томонидан
ўзбек, рус, қозоқ, татар тилларида куй-қўшиқлар янгради, миллий анъаналар
намойиш этилди. Шоир ва таржимонлар бошқа тиллардан она тилимизга, ўзбек
тилидан бошқа тилларга қилинган таржима асарларини ўқиб берди. Бундай асарлар,
шубҳасиз, ягона Ўзбекистон ғояси асосида юртимизда осойишталик ва барқарорлик,
ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Учрашувлар, мулоқотлар давом этади. Биз кўрмаган жойларимизни,
бир-биридан ғаройиб ишлаб чиқариш жараёнларини кўришга қизиқамиз. Билмаган
нарсани билишга интилиш — инсонга хос хусусият. Бу борада 5-гидрометаллургия
заводи ҳақидаги маълумот ва хабарлар қизиқишларимизни янада кучайтиради.
5-гидрометаллургия заводини улкан корхонанинг юраги дейиш мумкин. Бу
“юрак” 2017 йилда ишга туширилган, юз фоиз автоматлаштирилган, ярим тайёр
маҳсулот етказиб беради, яъни чиқинди сув қайта ишланиб, олтин олинади. Заводда
ҳаммаси маҳаллий ишчи-хизматчилар, ўзимизнинг муҳандис олимлар. Янги
кашфиётлар, рационализаторлик ишланмалари, ихтиролар ишлаб чиқаришга ҳеч бир
тўсиқсиз жорий этилади. Шу маънода, қўшимча техника ва технологиялар инсонга
ёрдам беради. Сунъий интеллект кучидан оқилона фойдаланилади. Завод бош
муҳандиси Санъат Кароматовнинг айтишича, “Технология борасида Ўзбекистонда
бошқа бундай замонавий завод йўқ!”.
Бизни Ишчилар шаҳарчасига таклиф этишди. Тоза-озодалиги,
саранжом-саришталиги, тартиб-интизоми билан Космонавтлар шаҳарчасига ўхшайди.
Бунда ҳамма нарса бадастир, ҳамма нарса муҳайё. Бунда ишчи-ходимлар дам олади,
ётиб туради, яшайди.
Сафаримизнинг биринчи куни 7-гидрометаллургия заводи ишчи-ходимлари
билан бирга уларнинг кунлик ошхонасида тушлик қилгандик. Аввало, ишчиларнинг
кунлик ошхонаси бу даражада тоза, озода, тартибли бўлишини хаёлимизга
келтирмаган эдик. Мана, кенг-мўл дастурхонда сут, қатиқ, ҳўл ва қуруқ
мевалардан шарбатлар, турли салатлар, биринчи-иккинчи — суюқ-қуюқ овқатлар, шу
ерда пиширилган, иссиққина, бўрсилдоқ нон... бари-бари жуда сифатли, тўйимли.
Баъзан катта шаҳарларнинг энг гўзал ресторанларида ҳам бундай ҳиммат-саховат
билан қозон-капкирдан ўтган ош-овқатга дуч келавермайсиз...
Фурсат етиб, мана, энди Аувминзо-Амантай кони ҳудудидамиз. Кон
тўнкарилган осмонга ўхшайди. Бу “осмон”да улкан “БелАЗ”лар ҳаракатдаги митти
юлдузлар сингари ортидан само эмас, замин чанг-ғуборини қолдириб, юқорига
илгарилайди. Кимдир ўхшатиш қилади: шоирлар сўз конидан олтин изласа,
заршунослар замин бағридан олтин излайди. Маънавият хонасида ўтган учрашувда
шоирлар олтиншунослар ҳузурига олтин — сара шеърлари билан келганини амалда исботлади:
муболаға ила ифодалаш мумкинки, тиллага тенг шеърлар ўқилди. Ижодий учрашув
жуда самимий ўтди. Кончилар, ишчилар бир хил уст-бош — коржома кийиб олган
бўлса-да, бир-бирига ўхшамаган саволлар бериб, бир-бирига ўхшамаган мулоҳазалар
билдирди. Шоир Рустам Мусурмон халқона оҳангларда, ўзига хос услубда
жаранглатиб “Ватаним” шеърини ўқиганда:
Кундуз қуёш, кечалари ой берган-ей, ой берган,
Қирқ кечалаб қўноқ бериб, тўй берган-ей, тўй берган,
Меҳмонларга уй тўридан жой берган-ей, жой берган,
Оҳувва-ҳай, Ватаним-ай,
Оҳувва-ҳай, Ватаним!
сатрларини эшитиб, бош маркшейдер ўринбосари Хайрулла Абдураҳимов
жойида ўтиролмади, ўрнидан туриб кетди:
— Болалигимни, қишлоғимни ёдга солган бу шеър худди мен учун
ёзилгандек юрагимни забт этди. Болалигимизда бобо-момоларимиздан эшитиб,
“оҳува-оҳува...” деб қўшиқ, терма айтиб, толхивичдан “от” миниб, кўча чангитиб
чопиб юрардик. Тўғрисини айтсам, шу шеърни эшитиб, уйимга — Сурхондарёга бориб
келгандек бўлдим.
Нурота тумани ҳудудида жойлашган 6-гидрометаллургия заводи иш
бошлаганига қарийб беш йил бўлди. Ушбу заводга хомашё Пистали конидан олиб
келинади. Коннинг эни — 1200 метр, узунлиги — 1800 метр, чуқурлиги — 150 метр.
Лекин бу ҳажм, бу ўлчовлар қатъий эмас. Нурота тоғ тизмалари ўрганилиб, кон
тобора ўзлаштирилгани сари айни кўрсаткичлар ортиб боради. Конда гувиллаб
ишлаётган техникалар унча-бунча эмас, нақ Олмониядан келтирилган. Тан
бериладиган жиҳати — уларнинг чамбараги, бошқарув тугмачаси маҳаллий шароитда
камолга етган мутахассислар қўлида. Улар узоқлардан келмаган, шу қадим
Нуротадаги Қизилча, Темирқовоқ қишлоқларининг меҳнаткаш одамлари.
Нурга чулғанган зиёратгоҳи билан етти иқлимга маълум ва машҳур Нурота
туманида, 6-гидрометаллургия заводига тегишли ҳудудда 115 гектар қўриқ ер
ўзлаштирилиб, боғ барпо этилган. Янги боққа Ҳазрат Алишер Навоий номи берилган.
Мазкур боғда ҳар хил — қиш ва ёзнинг кескин иқлимига чидамли мевали ва
манзарали дарахтлар ўстирилган. Шундай катта ҳудуддаги боғ кучли моторли
насослар воситасида ер остидан чиқарилган сув билан томчилатиб суғорилади.
Ғазал мулкининг султони сўздан боғ яратган, сўз боғини яратган. Инсонлар —
йўловчилар, беморлар, муҳтожлар баҳраманд бўлсин деб яна қанча-қанча
боғ-роғлар, хиёбонлар бунёд эттирган. Биз ҳайрат ила кузатиб турган ушбу боғ
ҳам нимаси биландир ўша боғларни эслатмайдими?
6-гидрометаллургия заводининг Ишчилар шаҳарчасида ҳам ишчи-ходимларга
яшаш ва дам олиш учун яратилган имкониятлар билан танишдик. Шарт-шароитларни
кўриб, “Яхши дам — меҳнатга ҳамдам”, деган ҳикмат бежиз айтилмаганига яна бир
бор ишонч ҳосил қилдик. Кўнгилдагидек ҳордиқ чиқарган ишчининг меҳнат
унумдорлиги юқори бўлади. Унумли ва самарали меҳнат эса муносиб
рағбатлантирилади. Комбинат ишчи-хизматчилари орасида фахрий унвонлар билан
тақдирланганлар, давлат мукофотлари билан сийланганлар, бошқа турли
эътирофларга сазовор бўлганлар кўплиги ана шундай фидойи меҳнатнинг муносиб
натижасидир.
Ижодий сафаримиз таассуротларга
бой бўлди. Биз қисқа сафар давомида Қизилқум — жонажон Ўзбекистонимиз,
янги Ўзбекистоннинг олтин сандиғи эканига яна бир карра амин бўлдик. Бу
битмас-туганмас хазинанинг калити Навоий кон-металлургия комбинатининг ақли —
ўткир, илми — кескир, шижоатли, фидойи, меҳнаткаш, чин ватанпарвар
ишчи-хизматчилари, мутахассис-муҳандисларининг қўлида эканига ишонч ҳосил
қилдик. Шу боис, ушбу олтин дафна-сандиқлар жаранглаб очилиб, уларнинг
ганж-хазинаси эртанги кунимизни янада фаровон, юртимизни янада обод қилишга,
мустақиллигимизни мустаҳкамлашдек қутлуғ ва эзгу ишга хизмат қилмоқда.
Халқимизнинг тил ва тафаккур хазинасида “Олтин зангламас” деган ҳикмат
бор. Демак, яхши сўз, яхши шеър, яхши фикр, яхши одам, яхшилик ҳеч қачон
зангламайди, эскирмайди.
Навоий кон-металлургия комбинатининг деҳқончилиги — зар тилла, ҳосили
— олтин. Бу ҳосилни етиштираётганлар — заршунослар, олтиншунослар.
Ҳосилингизга барака берсин, эй заршунос, олтиншунос Деҳқон бобо!
Салим АШУР,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист