Маълум бўлишича, вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси шуъба бошлиғи хизмат мавқеидан фойдаланиб, тадбиркордан пул талаб қилган.

Ҳолатга кўра, Андижон шаҳридаги савдо дўконида ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида давлатга қарийб 680 миллион сўм зарар етказилгани аниқланиб, тегишли далолатнома расмийлаштирилган. Мансабдор эса танишлари орқали зарар миқдорини камайтириш ва маъмурий чоралар кўрилишида ёрдам беришни ваъда қилиб, эвазига 30 миллион сўм талаб қилган. У сўралган пулни олган вақтида тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан ушланган.

Яна бир ҳолатда, тижорат банкларидан бирининг Асака тумани филиали маҳаллабай ишлаш бўлими бош менежери фуқарога 3 миллиард 650 миллион сўм миқдорида кредит олиб беришни ваъда қилиб, 8 минг АҚШ доллари талаб қилган. У апрель–май ойлари давомида жами 7 800 АҚШ долларини олган.

Бироқ менежер ўз ваъдасини бажара олмаган ва пулнинг 1 000 АҚШ долларини қайтариб бераётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.