Ўтган йили вилоят ҳокимлари жойларда олимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича Президент вакили этиб белгиланди.

Йиғилишда қайд этилганидек, соҳа мутасаддилари, ҳокимлар, 26 та федерация раҳбари 207 та олийгоҳ, 15 та олимпия ва паралимпия маркази, 310 та спорт мактаби, 16 та спорт интернатига бориб, раҳбарлари ва жамоасига чемпион тайёрлаш, олимпиадага лицензия олиш бўйича шароит қилиб берганида ҳозирги ютуқлар янада юқори бўлиши мумкин эди.

Масалан, Зарбдор туманида ўтган йили 23 та маҳалладаги 34 минг ёш оммавий спортга жалб этилди. Туманда 3 та янги спорт зали қурилиб, стол тенниси, таэквондо ва волейболга ихтисослашди. Бундан ташқари, тадбиркорлар билан биргаликда 2 та усти ёпиқ футбол майдони, фитнесс клуби ташкил қилинди.

Инфратузилма яхшилангани учун Зарбдор тумани илк бор волейбол ва стол тенниси бўйича жорий йилги Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилади.

Ёки қашқадарёлик 14 нафар тадбиркор ўз ҳисобидан икки йилда мактаб ва маҳаллаларда 60 миллиард сўмлик спорт иншоотлари қуриб берди.

Қолган туманларда аҳолини оммавий спортга жалб қилиш ишлари сустлиги, ҳокимларнинг мусобақалар ўтказиш ва умуман спортга бефарқлиги танқид қилинди. Зарбдор тажрибасини ўрганиш ва барча ҳудудларда жорий қилиш топширилди.

Мактабларда спорт тури бўйича тўгараклар ташкил этиш ва мураббийларни маҳаллаларга жалб қилиш ишларининг аҳволи таҳлил қилинди. Масалан, Тошкент шаҳрининг 15 та мактабида тўгараклар «номига» ташкил қилингани учун 3-4 нафар бола қатнаётгани кўрсатиб ўтилди. Ёки ўтган йили Жиззах, Қашқадарё, Фарғонадаги мактаб ўқувчиларининг тўртдан бири жисмоний тайёргарлик бўйича минимал талабни бажара олмаган.
Ҳокимлар олдига ҳар бир мактабда спорт тўгараклари учун шароит яратиш, тўгаракларга қамровни ошириш вазифаси қўйилди.
Спорт мактаблари маҳаллама-маҳалла юриб, иқтидорли ёшларни топиш ўрнига ҳалигача ўзи келган тайёр спортчи билан ишлаётгани қайд этилди. Масалан, спорт базалари бўйича пойтахтдан кейин турадиган Самарқандда 100 минг ёшни профессионал шуғуллантирса бўлади. Амалда бу 3 карра кам. Навоий, Сурхондарё вилоятлари ҳам бор қувватини ярмидан фойдаланмоқда, холос.