Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди.

Натижада мамлакатимизнинг Иқтисодий эркинлик индексидаги ўрни 80 поғона яхшиланиб, Ўзбекистон иқтисодиёти мўътадил эркин давлатлар қаторидан жой олди.

Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, ҳозир мазкур кўрсаткич 40-50 миллиард долларни ташкил этмоқда. Инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар ҳам кириб келмоқда.

Уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш режа қилинган эди. Глобал логистикадаги узилишлар ва дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, ушбу марра жорий йилнинг ўзида ортиғи билан бажарилиб, Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига киради.

Бундай юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришяпмиз. Ижобий ўзгаришларни ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида чуқур ҳис этяпти, – деди Президентимиз.