Мурожаатда таъкидланишича, юртимизда аждодлар хотирасини ёд этиш, уларнинг қўним топган масканларини обод сақлаш азалий қадриятлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, мамлакатда сўнгги йилларда муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларни обод этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Хусусан, Имом Бухорий мажмуаси атрофида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари мисол сифатида келтирилди.

Уламолар кенгаши қабр зиёрати инсонни охиратни эслашга, ҳаётнинг ўткинчилигини англашга ва яхши амаллар қилишга ундашини таъкидлади. Шу муносабат билан қабристонларни доимо пок, тартибли ва обод сақлаш муҳим экани қайд этилди.

Мурожаатда айрим жойларда қабристонларнинг қаровсиз қолиши, қуриб қолган ўт-ўланлар тозаланмаслиги ва йўлакларнинг таъмирталаб аҳволга келиб қолгани танқид қилинган. Бу ҳолат марҳумлар хотирасига нисбатан бефарқлик сифатида баҳоланган.

Шу муносабат билан «Қабристонларни обод қилиш долзарб ойлиги» ташаббуси илгари сурилди. Унда маҳалла фаоллари, нуронийлар, имом-хатиблар ва зиёлилар ушбу хайрли ишни қўллаб-қувватлашга чақирилди.

Уламолар кенгаши томонидан белгиланган асосий вазифалар қуйидагилардан иборат:

  • қабристонларда тозалик ва ободонлаштириш ишларини доимий йўлга қўйиш;
  • жума мавъизалари орқали аҳолига поклик ва қабристонларни асрашнинг диний аҳамиятини тушунтириш;
  • зиёратгоҳларга райҳон ва хушбўй ўсимликлар экиш;
  • ёшлар ўртасида аждодлар хотирасига ҳурмат туйғусини кучайтириш;
  • зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш, йўлакларни таъмирлаш ва зиёрат одоблари ҳақида пешлавҳалар ўрнатиш.

Мурожаат якунида қабристонларни обод қилиш нафақат маъмурий вазифа, балки чуқур маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга умумжамият масъулияти экани таъкидланди. Уламолар кенгаши барча юртдошларни ушбу эзгу ташаббусда фаол иштирок этишга чақирди.