Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон – Беларусь кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик нуқтаи назаридан кўриб чиқилди.

Жорий йил май ойида Тошкент вилоятида бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия йиғилишининг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди.

Товар айирбошлаш ҳажми жорий йил бошидан буён 32 фоизга ортиб, барқарор ўсиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар кўриш муҳим экани таъкидланди.