“Барис Арена” муз саройида ўтказилган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва бошқа хорижий меҳмонлар ҳам қатнашди.

Маросим иштирокчиларига Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин видеомурожаат йўллади.

Тадбирнинг тантанали қисмида фижитал спортнинг мазмун-моҳияти, яъни рақамли беллашувларни анъанавий спорт турлари ҳамда жисмоний фаоллик билан бирлаштирувчи йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Мусобақанинг ғояси ёшларни анъанавий спорт билан шуғулланишга даъват этишдир.

Давлатимиз раҳбари халқаро турнир иштирокчиларини қутлади.

Бугун спорт ва технологиялар вазирлари, дипломатик миссиялар раҳбарлари ҳамда бошқа юқори мартабали вакиллар иштирокида фижитал спорт бўйича саммит ҳам бўлиб ўтди.

Биринчи “Келажак ўйинлари” 2024 йилда Қозон шаҳрида ўтказилган. Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этган эди. Иккинчи турнир эса 2025 йилда Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтди.

Бу галги мусобақаларда Ўзбекистон вакиллари фижитал футбол, лазертаг ва рақс йўналишлари бўйича беллашади.