Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Келишувлар саноатни модернизация қилиш, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, муҳим минералларни ўзлаштириш, молия, рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини қамраб олади.
Хусусан, GE Aerospace компанияси билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси самолётлари учун двигателлар етказиб бериш, Wabtec компанияси билан эса темир йўл техникаси ва бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш бўйича келишувларга эришилди.
Franklin Templeton, Oppenheimer & Co., Citigroup ва BlackRock компаниялари билан тузилган келишувлар капитал жалб қилиш ҳамда Ўзбекистон компанияларининг халқаро молия бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Шунингдек, ReElement Technologies, Traxys ва Trafigura компаниялари билан тоғ-кон саноатида ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.
Amazon Leo, GE HealthCare ва Valmont Industries билан боғлиқ ташаббуслар эса сунъий йўлдош алоқаси, тиббиёт технологиялари ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини қамраб олади.
Имзоланган келишувлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, илғор технологияларни жалб қилиш ва қатор тармоқларда ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга қаратилган.