Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги элчиси Ерали Туғжанов билан учрашган.
Музокаралар давомида Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро қатновни енгиллаштириш ҳамда давлат чегараларини кесиб ўтишдаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилган.
Хусусан, фуқароларнинг ўзаро сафарларини соддалаштириш, жумладан, давлат чегарасидан ID-карта орқали ўтиш имконияти юзасидан фикр алмашилган. Шунингдек, Қозоғистонда жорий этилаётган «ҚазЕТА» электрон кириш рухсатномаси тизими доирасида Ўзбекистон фуқароларига муайян имтиёзлар бериш имкониятига алоҳида эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, ўзбекистонликларни Қозоғистонда ташкилий тартибда ишга жойлаштириш, бу борадаги шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва икки мамлакат ҳудудида фуқароларнинг бўлиб туриши учун қулай шароитлар яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Учрашув якунида томонлар мулоқотни давом эттириш ва келишилган йўналишларда амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирган.