Маълум қилинишича, соҳанинг энг фаол 110 нафар блогери рўйхати шакллантирилган. Таҳлилларга кўра, уларнинг 55 нафари ўзини ўзи банд қилган шахс, 33 нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган. Қолган 22 нафари эса жисмоний шахс мақомида фаолият юритмоқда.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат блогерлар фаолиятининг амалдаги кўлами билан уларнинг ҳуқуқий мақоми ўртасида номутаносиблик мавжудлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, 3 миллиондан ортиқ обуначига эга 6 нафар топ-блогер фаолияти алоҳида таҳлил қилинган. Аниқланишича, 2025 йил давомида улар томонидан 360 та сторис ва 184 та реклама пости жойлаштирилган.
Электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали тақдим этилган расмий ҳисоботларга кўра, ушбу блогерларнинг жами даромади 2,7 миллиард сўмни ташкил этган. Бюджетга эса 110,4 миллион сўм солиқ тўланган.
Учрашув давомида блогерларга реклама жойлаштиришдан олинадиган даромадларни солиққа тортиш бўйича қонунчилик нормалари тушунтирилди. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган шахс мақоми ходим ёллаш ҳуқуқини бермаслиги, айрим блогерлар эса амалда администратор, ёрдамчи ва бошқа мутахассисларни жалб қилаётгани таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Шунингдек, соҳада солиқ мажбуриятларини тушунтириш ва ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган ўқув тадбирларини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Солиқ қўмитаси блогерлар фаолиятини солиқ қонунчилиги талабларига мувофиқлаштириш ҳамда даромадлар шаффофлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.