“Дунё” ахборот агентлигининг хабар беришича, бу борадаги музокаралар Венгриянинг Будапешт шаҳрида “MOL Group” раҳбарияти ва “SHB ROAD INVEST” вакиллари ўртасида бўлиб ўтди.

Учрашув Ўзбекистон элчихонаси кўмагида саноат кооперациясини кенгайтириш ва илғор технологияларни жалб этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида ташкил этилди.

RMB технологияси эски автомобиль шиналарини қайта ишлашдан олинадиган резина увоқларини йўл битумига қўшимча сифатида ишлатишни назарда тутади. Бу усул йўл қурилиши материалларини ишлаб чиқаришда иккиламчи хомашёдан фойдаланиш имконини беради.

Лойиҳага Ўзбекистон томонидан ҳамкор сифатида “SHB ROAD INVEST” компанияси дипломатларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида жалб этилди. Имзоланган меморандумда мазкур технологияни Ўзбекистонда жорий этиш масалаларини келгусида биргаликда ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Ташаббус амалга оширилса, мамлакатда замонавий йўл қурилиши материалларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш, автомобиль шиналарини қайта ишлаш ҳажмини ошириш ҳамда Ўзбекистон ва Венгрия корхоналари ўртасидаги технологик ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.

Ўзбекистон элчихонаси компаниялар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий қадамларни ишлаб чиқишга кўмаклашишда давом этади.