Унда вазирлик мутасаддилари, соҳа олимлари, мутахассислар, фермер хўжаликлари ҳамда кластерлар раҳбарлари иштирок этди.
Семинар давомида иштирокчилар шоли етиштиришнинг илғор агротехнологиялари, кўчат тайёрлаш жараёнлари, замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда шолини механизация асосида экиш усуллари билан танишди.
Айниқса, амалий намойишлар катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, дронлар ёрдамида азотли ўғитларни сепиш, бегона ўтларга қарши ишлов бериш ва шоли уруғини экиш жараёнлари амалда кўрсатиб берилди.
Мутахассислар таъкидлашича, дрон орқали шоли экиш технологияси Ўзбекистонда илк бор қўлланилмоқда. Бу эса қишлоқ хўжалигида рақамли ва инновацион технологияларни жорий этишдаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Тадбирда сув тежовчи технологиялар, хусусан, шолини томчилатиб суғориш усулининг афзалликлари ва самарадорлиги ҳақида ҳам тавсиялар берилди. Қайд этилишича, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бугунги кунда аграр соҳадаги долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Маълум қилинишича, Вьетнам, Таиланд, Филиппин, Индонезия ва Малайзия каби давлатларда шоличиликда дрон технологиялари кенг жорий қилинган. Улар уруғ сепиш, экинни озиқлантириш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш ҳамда бегона ўтларни йўқотишда самарали қўлланилмоқда.
Хорижий тажрибаларга кўра, дронлардан фойдаланиш меҳнат унумдорлигини сезиларли даражада оширади. Айрим ҳолатларда самарадорлик қарийб 30 баробаргача ошгани кузатилган.
Шунингдек, жорий йилдан бошлаб республикага 100 килограммдан ортиқ юк кўтариш қувватига эга замонавий дронларни олиб келиш ва уларни қишлоқ хўжалиги, айниқса шоличилик тармоғида кенг қўллаш режалаштирилмоқда.
Мутахассислар фикрича, мазкур инновацион ёндашувлар келгусида юқори ҳосилдорликка эришиш, фермер ва кластерлар даромадини ошириш ҳамда мамлакат аграр тармоғи ривожига хизмат қилади.