Лойиҳа муаллифи Билолхон Исмоиловнинг маълум қилишича, қурилма ҳаво хавфсизлигини таъминлаш ҳамда замонавий учувчисиз учиш аппаратларига қарши самарали курашиш мақсадида яратилган.
Тақдимотда қайд этилишича, «Shunqor-88» соатига 450 километргача тезликда ҳаракатлана олади. У ҳавода 10–15 дақиқа парвоз қилиб, 8–10 километр масофадаги хавфли дронларни аниқлаш ва зарарсизлантириш имкониятига эга.
Лойиҳа муаллифларининг таъкидлашича, анъанавий ҳаво мудофааси ракета тизимларининг бир донаси 2–5 миллион доллар атрофида баҳоланса, «Shunqor-88» дронини ишлаб чиқариш қиймати тахминан 20–50 минг долларни ташкил этади. Шунингдек, қурилманинг тахминан 45 фоизи маҳаллийлаштирилган.
Дроннинг ишлаш принципига кўра, радарлар орқали аниқланган маълумотлар операторга узатилади. Оператор дронни нишон томон йўналтириб, кинетик ёки портловчи модда ёрдамида ҳаводаги нишонни йўқ қилади.
Муаллифларнинг айтишича, «Shunqor-88» Чирчиқ, Аранчи ва Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон полигонларида бир неча марта синовдан ўтказилган.
Шунингдек, лойиҳа 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда Президент Шавкат Мирзиёевга ҳам тақдим этилган. Муаллифларнинг сўзларига кўра, давлат раҳбари лойиҳани юқори баҳолаб, унинг амалиётда қўлланилиши ва буюртмасиз қолмаслиги юзасидан мутасаддиларга топшириқ берган.