Учрашувдан сўнг “ACWA” компанияси раҳбари Муҳаммад АБУНАЙЯНнинг фикрлари билан қизиқдик.

– Аввало шуни алоҳида айтишим керак, ўз юртимдек бўлиб қолган Ўзбекистонда эканимдан хурсандман. Бу ерга ҳар келишим ўзига хос туйғу бағишлайди, шу лаҳзаларни интиқлик билан кутаман, – деди Муҳаммад Абунайян. – Ушбу имконият учун миннатдорман. Ўзбекистонга ҳар сафар келганимда Президент Жаноби Олийлари учрашувга таклиф қилиб, юксак ҳурмат кўрсатадилар. Бу мен учун катта шараф.

Ҳар гал у киши билан учрашиш, Саудия – Ўзбекистон кенгаши доирасида турли соҳаларга сармоя жалб этишни кенгайтиришга қаратилган улкан мақсадлар ҳақида эшитиш мен учун катта мамнуниятдир. Шу билан бирга, ушбу сармоялар қай даражада амалга оширилаётганини ҳам биргаликда кўриб чиқамиз.

Жаноби Олийлари барча жараёнлардан доимо хабардор. У киши ҳар бир лойиҳанинг ҳолати ҳақида сўрайди. Жараённи тезлаштириш ва муваффақиятга эришиш учун зарур бўлган барча ёрдамни таъминлайди. Уларнинг ташаббуслари ва амалга ошираётган ислоҳотлари ушбу сармояларнинг муваффақиятли амалга ошишига мустаҳкам замин яратиб келмоқда.

Бу сармоялар нафақат иқтисодий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга. Ҳар бир учрашувда биз, аввало, амалга оширилган ишларга баҳо берамиз. Шу билан бирга, келгусида Ўзбекистонга қандай янги сармояларни олиб кириш масаласини муҳокама қиламиз.

Шунингдек, Жаноби Олийлари компаниямизнинг турли ҳудудларда, турли технологиялар ва ечимлар асосида амалга ошираётган барча лойиҳаларини ҳам шахсан кузатиб бормоқда.

Айтиш жоизки, у киши Ўзбекистоннинг стратегик ривожланиш йўлини жуда эрта белгилаб берди. Хусусан, яшил энергетика, энергия алмашинуви ва энергетик хавфсизлик масалаларига жуда эрта эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Президенти бошқа кўплаб давлатлар ҳали бу масалаларга тўлиқ эътибор қаратмасиданоқ, ушбу йўналишларда аниқ ва узоқни кўзлаган мақсадларни белгилаб берди. Қайта тикланадиган ва яшил энергия улушини ошириш бўйича қатъий ёндашув шаклланди.

Энг муҳими, бу лойиҳалар фақат технология нуқтаи назаридан эмас, балки иқтисодий самарадорлик ва ижтимоий таъсир жиҳатидан ҳам пухта ўйланган. Бу эса самарадорликни таъминлайди, таннархни оптималлаштиради ва барқарор натижага олиб келади.

Айтиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистоннинг энергия сиёсати кўплаб мамлакатлар учун намуна бўла олади. 

Бу жараёнда фақат таъминот масаласи эмас, балки тўғри иқтисодий ёндашув ва ижтимоий омиллар, жумладан, маҳаллий кадрлар тайёрлаш ҳам ҳисобга олинган.

Жаноб Президент инсон капиталига алоҳида эътибор қаратади. Мамлакатингизда ёшларни янги технологияларга ўқитиш, уларни замонавий билимлар билан таъминлаш, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланган.

Қурилиш, эксплуатация ва техник хизмат кўрсатиш каби жараёнларда маҳаллий кадрларнинг иштирокини таъминлаш, уларни ўқитиш ва ривожлантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Саудия Арабистонида энергетик трансформация ва яшил энергетикани жорий этиш жараёни Валиаҳд шаҳзода ва Бош вазир раҳбарлиги остида муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик натижасида энергетика самарадорлиги бўйича муҳим янгиликлар ва билимлар алмашинуви йўлга қўйилди. Бугун бу йўналишда институционал асослар ҳам яратилган.

Буларнинг барчаси Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасида Жаноби Олийлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг етакчилиги остида шаклланган яқин ва ишончли ҳамкорлик самарасидир.

Бугунги кунда дунёдаги кўплаб мамлакатлар энергетик хавфсизлик масаласини инқироз шароитида ҳал қилишга мажбур бўлмоқда. Аммо Ўзбекистонда бу масала анча олдиндан, стратегик ёндашув асосида ҳал этилган. Шунинг учун ҳам мамлакат бугунги глобал ўзгаришларга барқарор ҳолда жавоб бермоқда.

Бу эса Президентингизнинг узоқни кўра билиши, қатъияти ва пухта режалаштирилган сиёсати натижасидир.

Биласизми, очиқ ва самимий айтадиган бўлсам, мен у кишининг етакчилигидан жуда таъсирланганман. Дунёда стратегия ва қарашлар ҳақида гапирадиган етакчилар кўп. Лекин бу ғояларни амалга оширадиган, уларни реал натижага айлантирадиган етакчилар жуда кам.

Жаноби Олийлари Президент Шавкат Мирзиёев айнан шундай етакчи. У киши нафақат стратегия белгилайди, балки уни ҳаётга татбиқ этади, натижага эришади ва бу жараёнга шахсан масъулият билан ёндашади.

Энг катта устунлиги эгалик ҳисси ва амалий ёндашувидир. У киши фақат режа тузиб қолмайди, балки уни тўлиқ амалга оширишга эришади. Шу билан бирга, нафақат мамлакат ёки минтақа учун, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам кучли намуна бўлиб келмоқда.

Бугун биз буни амалда кўриб турибмиз. Илгари Ўзбекистонга инвесторларни жалб қилиш жуда қийин эди. Кўплаб давлатлардан инвесторлар деярли келмасди.

Ҳозир эса вазият мутлақо ўзгарган. Бугун бутун дунёдан сифатли ва йирик инвесторлар Ўзбекистонга келмоқда. Бу катта меҳнат, изчил ислоҳотлар ва қатъий сиёсий ирода натижасидир.

Шаффофликни таъминлаш, институционал ислоҳотлар, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш – буларнинг барчаси босқичма-босқич амалга оширилди. Ва, энг муҳими, бу жараёнлар ортида ҳақиқий қатъият ва амалий ҳаракат турибди.

Бугун халқаро анжуманларда ҳам буни яққол кўриш мумкин. Биз айни пайтда иштирок этаётган тадбирда ҳам дунёнинг турли бурчакларидан келган иштирокчиларни кўриб турибмиз.

Яқин кунларда бўлиб ўтадиган инвестиция форумида ҳам бу янада яққол намоён бўлади. Ишончим комилки, у ерда сиз дунёнинг турли мамлакатларидан келган етакчи компаниялар ва инвесторларни кўрасиз.

Бу Ўзбекистоннинг қандай ўзгаргани, қандай имкониятлар очилганини кўрсатадиган энг аниқ далилдир.

Мен бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман. Ўзбекистон ҳар қандай инвестормас, балки, жиддий, узоқ муддатли, масъулиятли ва шерикликка тайёрларнигина қабул қилади.

Бу ерда “келиб-кетадиган” сармоядорлар учун шароит яратилмайди. Узоқ муддатли, ўзаро манфаатли ва барқарор ҳамкорлик қадрланади.

Бундай ёндашув натижасида сифатли инвесторлар келмоқда ва улар ўз сармоясидан муносиб натижа олмоқда.

Жаноби Олийлари Президентга алоҳида раҳмат айтиш керак. У киши жуда кўп мамлакатларда ҳали кузатилмаган даражадаги ислоҳотларни амалга оширди.

Марказий Осиёга қаранг. У киши қўшни давлатлар билан муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Кўплаб келишмовчиликларни ҳал қилишга хизмат қилди ва минтақада ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини шакллантирди.

Бугун Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги яқинлик ва ҳамжиҳатлик – бу ҳам кучли сиёсий ирода ва етакчилик натижаси.

Нега баъзи давлатлар бундай тезликка эриша олмаяпти? Чунки бу ерда фақат раҳбарлик эмас, балки етук стратегик фикрлаш ва амалий ҳаракат уйғунлиги мавжуд.

Жаноби Олийлари Президент ана шу уйғунликни таъминлай олган етакчи. Шунинг учун ҳам бугун кўплаб давлатлар ва халқаро доиралар Ўзбекистондаги ўзгаришларга катта қизиқиш билан қарамоқда.

Хитой, Швейцария, Америка Қўшма Штатлари каби бошқа кўплаб мамлакатларда бўлдим. Ҳамма жойда бир нарсани кўрдим. Одамлар Ўзбекистон ҳақида эшитган, қизиқиш билдирмоқда ва бу мамлакатни яқиндан танишни истаяпти.

Ўзбекистон бугун дунёдаги энг ёрқин трансформация мисолларидан бирига айланди. Ва, бу, албатта, Жаноби Олийлари Президентнинг етакчилиги ва халқнинг қўллаб-қувватлаши натижасидир.

Шу билан бирга, мен бир муҳим жиҳатни алоҳида таъкидламоқчиман: бу ютуқлар ортида буюк халқ турибди. Ёшлар мамлакатнинг энг катта бойлиги ҳисобланади. Улар билимга чанқоқ, ўзгаришларга тайёр ва юқори мақсадларга интилмоқда. Бу эса келажак учун янада катта имкониятлар эшигини очади.

Биз эса, Саудия Арабистони ва Саудия бизнес кенгаши сифатида, шунингдек, ACWA ва Vision Invest компаниялари орқали, Ўзбекистонда турли инфратузилма лойиҳаларига сармоя киритмоқдамиз.

Ушбу лойиҳалар қаторида аэропортлар, тиббиёт муассасалари, жумладан, Фарғонадаги шифохона, шунингдек, сув таъминоти, сувни қайта ишлаш, марказлаштирилган совитиш ва иситиш тизимлари каби йирик ташаббуслар бор.

Бундан ташқари, кўчмас мулк, туризм ва ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам фаол иш олиб борилмоқда. Биз Ўзбекистонга замонавий технологиялар ва юқори сифатли ишлаб чиқариш ечимларини олиб кирмоқдамиз.

Айрим компаниялар бу ерда маҳаллий корхоналарни сотиб олиб, ноу-хау ва замонавий технологияларни жорий этмоқда.

Бизнинг мақсадимиз Ўзбекистонни фақат истеъмол бозори сифатида эмас, балки минтақавий марказга айлантиришдир. Яъни бу ерда яратилган маҳсулотлар ва ечимлар кейинчалик бошқа мамлакатларга ҳам экспорт қилинади. Бу эса Ўзбекистонни технология ва билим тарқатувчи марказга айлантиради.

Шу маънода, Саудия Арабистонидаги раҳбарият – Валиаҳд шаҳзода ва Бош вазир, шунингдек, энергетика вазири Жаноби Олийлари Шаҳзода Абдулазиз бин Салмоннинг қўллаб-қувватлаши бу ҳамкорликни янада кучайтирмоқда.

Уларнинг қарашлари ва амбициялари доимо олдинга интилишга қаратилган ва бу ҳамкорлик йил сайин янада кенгайиб бормоқда.

Сизга жуда муҳим бир жиҳатни айтиб бермоқчиман. Мен сиёсатчи эмасман, тадбиркорман. Лекин тадбиркор сифатида амалиётда кўраётган нарсам шуки, бугунги кунда дунёда ноаниқликлар жуда кўпайди. Геосиёсий вазият, урушлар, турли хавфлар – буларнинг барчаси кўплаб мамлакатларни янада эҳтиёткор, ҳатто консерватив қилиб қўйди.

Кўп давлатлар эндиликда асосан ўз ички бозорига эътибор қаратмоқда, бошқа мамлакатларга сармоя киритишга унчалик шошилмаяпти.

Аммо бизнинг ҳолатимиз бошқача. Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар – оддий ҳамкорлик эмас, – ўзаро ишончга асосланган стратегик шериклик.

Икки мамлакат раҳбарлари – Валиаҳд шаҳзода, Бош вазир ва Жаноби Олийлари Президент ўртасида шаклланган яқин ва ишончли муносабатлар биз, тадбиркорлар учун жуда катта аҳамиятга эга.

Бу ишонч бизга нафақат ишонч, балки янада кўпроқ иш қилиш, янада каттароқ лойиҳаларга киришиш ва янада катта натижаларга эришиш учун кучли мотивация беради.

Шу ўринда аниқ айтишим мумкин, кеча Жаноби Олийлари Президентга айтганимиздек, Саудия Арабистонидан киритилган сармоя ҳажми 26 миллиард доллардан ошган бўлса, энди  бу кўрсаткични янада оширамиз.

Жаноби Олийлари раҳбарлиги остида берган ваъдамизга мувофиқ, бу йил сармоя ҳажмини 30 миллиард доллардан оширишни режалаштирганмиз.

Бу билан чекланиб қолмаймиз. Биз аллақачон 2030 йилгача бўлган режаларни тузмоқдамиз.

Чунки икки мамлакат етакчилари ўртасида умумий мақсадлар ва катта режалар бор.  Улар доимо олдинга интилади ва эришилган натижалар билан чекланиб қолмайди.

Уларнинг мақсадлари юқори, ва, биз, бизнес вакиллари сифатида, бу мақсадларни амалга оширишда фаол иштирок этишимиз керак.

Бизнинг вазифамиз Саудия Арабистони ва севимли мамлакатимиз Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайдиган ҳақиқий иқтисодий шерикка айланишдир.

Саудия Арабистонидан келган бизнес вакиллари сифатида бу ерда нафақат сармоя киритиш, балки қўшма қиймат яратиш, янги имкониятлар очиш ва Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиш учун келганмиз.

Шахсан мен ҳар сафар бу ерга келганимда ўзимни уйимдагидек ҳис қиламан. Бу мамлакатга келганда менда доимо хурсандчилик ва илҳом пайдо бўлади.

Кетаётганимда эса, яна қачон қайтиб келишим ҳақида ўйлайман.

Иншааллоҳ, яқин ойларда яна қайтиб келаман. Инвестиция форумида яна учрашамиз.

Шунда бугунги учрашув ва муҳокамалардан кейин қандай натижаларга эришганимиз, қандай янги лойиҳаларни амалга оширганимиз ва Ўзбекистонга яна қандай сармоялар ва билимларни олиб келганимизни биргаликда муҳокама қиламиз.