Маълум қилинишича, арматурачилар учун 50 та, дурадгорлар учун 50 та, қурилиш муҳандислари учун 5 та, кран операторлари учун 5 та ҳамда станок операторлари учун 10 та иш ўрни мавжуд.

Иш ҳақи мутахассисликка қараб 1 минг евродан 1,5 минг еврогача бўлиб, бу сумма қўлга тегадиган маош сифатида кўрсатилган. Қурилиш муҳандисларига 1,5 минг евро, кран ва станок операторларига 1,2 минг евро, арматурачи ҳамда дурадгорларга 1 минг евродан маош таклиф этилмоқда.

Иш вақти ҳафтасига беш кун, соат 07:00 дан 17:00 гача. Меҳнат шартномаси камида бир йилга тузилади ва уни узайтириш имконияти мавжуд.

Номзодлар тегишли йўналиш бўйича касб-ҳунар таълимига эга бўлиши, камида 5 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши ҳамда инглиз тилини бошланғич даражада билиши керак. Рус тилини билиш афзаллик беради. Шунингдек, номзод судланмаган, жисмонан соғлом, масъулиятли ва жамоада ишлай оладиган бўлиши талаб этилади.

Қурилиш муҳандислари учун қурилиш (фуқаро муҳандислиги) факультетини тамомлаганлик талаби белгиланган. Кран операторлари эса баландликда ишлаш имкониятига эга бўлиши керак.

Иш берувчи томонидан иш визаси ва ишлаш рухсатномасини расмийлаштириш, Ўзбекистондан Сербияга бориш харажатлари, аэропортдан яшаш жойигача трансфер, турар жой, кунига икки маҳал овқатланиш ҳамда тиббий суғурта харажатлари қопланиши кўрсатилган.

Номзодларни рўйхатдан ўтказиш 20 августга қадар давом этади. Иш берувчи билан онлайн суҳбатлар эса 25–28 август кунлари ўтказилади.